Парламентга зўрлар келиши керак

 

Ёшлар парламентига сайловнинг республика босқичи қизғин паллага кирди. Шу кунларда Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида танловнинг ҳудудий босқичларидан ўтган ёшларнинг дастури, ғоя ва таклифлари тингланмоқда.

Республика босқичи қатнашчилари ўзларининг сайловолди дастури, унинг мақсад ва вазифаларини тақдимот орқали кўрсатишади, шунингдек, номзодлар савол-жавоблар орқали синовдан ўтказилмоқда.

Ёшлар парламентига номзодларнинг дастурларида ҳақиқатан долзарб, ўрни келса соҳа мутахассисларининг ҳам хаёлига келмаган ғоялар акс этган.

Масалан, номзод Лазизжон Даминов “Имкон яратайлик” лойиҳасини тақдим этди. Унда мулоқот имконияти чекланган болаларни жамият ҳаётида фаоллаштиришга қаратилган режалар ўрин олган.

 

“Имкон яратайлик”

Бутунжаҳон карлар федерацияси маълумотларига кўра, дунё бўйича 70 миллиондан ортиқ гапириш ёки эшитиш қобилиятига эга бўлмаган инсонлар бор. Уларнинг 80 фоиздан ортиғи ривожланиб келаётган мамлакатларда яшайди. 5 миллиондан ортиқ инсон имо-ишоралар орқали сўзлашув тилини ҳам билмайди.

Бугунги кунда бошқалар билан мулоқот имконияти чекланган болаларни ўқитиш, уларга сўзлашишни ўргатиш учун ота-оналар фарзандларини махсус сурдо (имо-ишоралар орқали) мулоқот курсларига олиб боришига тўғри келмоқда, бу олис ва чекка ҳудудларда яшовчилардан кўп вақт ҳамда яхшигина маблағ талаб этади.

Бунинг устига чекка ҳудудларда сурдо мутахассислар етишмовчилиги каби муаммолар ҳам нутқий имконияти чекланган болаларни ва ҳатто ёши катта инсонларни жамиятдан, инсонлардан узилиб қолишига олиб келади.

Имо-ишоралар орқали мулоқот тилини фарзандига ўргатишда ота-оналар учун енгилликлар яратиш мақсадида бир нечта тилда онлайн визуал қўлланмалар, дастурлар ишлаб чиқишни мақсад қилганмиз.

 

Лойиҳани қандай амалга оширамиз?

Махсус жиҳозланган медиа студияда сурдо тилини мукаммал биладиган, болалар билан ишлаш методикасига эга бўлган ўқитувчилар билан шартнома тузилиб улар лойиҳага жалб этилади.

Шу билан бирга, марказда болалар психологи ҳам бошловчи-ўқитувчилар билан ҳамкорлида ишлаб, маслаҳат ва тавсиялар бериб боришади.

Биринчи босқичда студияда тасвирга олинган ўзбек, қорақалпоқ, рус ва тожик тилларидаги видео дарслик ҳамда визуал қўлланмалар бепул ва барча учун очиқ бўлиб, Youtube платформаси ҳамда ижтимоий тармоқларга жойлаб борилади.

Иккинчи босқичда барча фойдалана олиш имконига эга бўлган сурдо тилини ўргатадиган андроид ҳамда iOS тизимида ишлай оладиган замонавий иловалар ишлаб чиқилиб, платформага жойланади.

Олимлар ва психологлар томонидан эътироф этилишича, имо-ишоралар орқали мулоқот тилининг фойдали томонлари анчагина бўлиб, бунда инсон миясининг ҳар иккала ўнг ва чап ярим шарларини бир вақтнинг ўзида фаолликка ундагани боис инсонда ўз-ўзини назорат қилиш, хотирани кучайтириш, диққатни жамлашни ошириш каби бир қанча ижобий томонларини санаб ўтиш мумкин.

Шуларни инобатга олиб, келгусида олий таълим муассасаларидаги мактабгача таълим ҳамда бошланғич таълим факультетларида таҳсил олаётган педагог талабалар учун сурдо тилини ўқитиш ўқув курсларини йўлга қўйиш, бу тилни боғча ва бошланғич синфдаги мактаб ўқувчиларига тўгараклар орқали ўргатишни жорий этишни ҳам лойиҳага киритиш мумкин.

Сурдо масофавий тил курслари ва видео дарсликлари орқали ота-оналарга ушбу мулоқот тилини осон ва тез ўргатиш, нутқий ва эшитиш имконияти чекланган инсонлар учун мулоқот имконини яратиш.

Фарзандининг ҳолатидан руҳий, психологик тушкунликка тушган ва бундан чиқишга қийналаётган ота-оналар учун платформада психологик маслаҳатлар, тренинглар бериб борадиган махсус видео ҳамда аудио қўлланмалардан фойдаланиш имкони бўлади.

Мактабгача таълим ҳамда бошланғич таълим йўналишидаги ўқитувчилар учун махсус масофавий видео курслар ташкил этишни тарғиб қилиш орқали имконияти чекланган ёшлар жамиятга яқинлаштирилади.

Нутқий нуқсони бор болаларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, жамиятда инсонлар билан ўзаро мулоқот ва таълим муассасаларида билим олишларига кўмаклашишдан иборат.

Бу лойиҳа “Барчага ғамхўрлик қилиш – давлатнинг бурчи” шиори остида партиямизнинг кенг жамоатчилик орасида, электоратимиз олдида нуфузини ошириш ва ишончини янада мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади, деб ўйлайман.

 

«Ўзбекистон овози», 22.02.2022, 7

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Ёшлар қаноти
← Рўйхатга қайтиш