Ўзбекистонда меҳнат бозоридаги вазият ўзгарди. Меҳнат муносабатларига нисбатан янгича ёндашувлар юзага келди. Мулкдорлар ва иш берувчиларнинг сони ошмоқда. Жисмоний шахслар ҳам иш берувчи мақомига эга бўлмоқда. Қонун ҳаётдан орқада қолмаслиги жуда муҳим. Ўзбекистон меҳнат қонунчилиги совет давридан бери деярли янгиланмасдан қолаётган эди. Меҳнат кодекси янги таҳрирда қабул қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Ўрол Ўрозбоев билан кодексдаги асосий янгиликлар ҳақида гаплашдик.
— Янги Меҳнат кодексдаги ўзгаришлар моҳияти нимада?
— Ҳаётимиз, фаолиятимиз ўзгармоқда. Одамлар ўзгармоқда, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги тобора ортиб бормоқда. Кодексдаги нормаларнинг асосий қисми ушбу ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда ишлаб чиқилиб, уларнинг тўғридан-тўғри ишлашини таъминлашга жиддий эътибор берилди.
Меҳнат кодекси бозор иқтисодиётига ўтиш вақтида, яъни 1995 йилда қабул қилинган эди. 2 қисм, 16 боб ва 294 моддадан иборат ҳужжатдаги нормаларда давлат ташкилотлари ва саноатнинг йирик корхоналари ҳамда турли мулкчилик шакллари, айниқса, кичик ва ўрта бизнес субъектларидаги меҳнат муносабатлари акс эттирилмаган. Бундан ташқари, давлатимиз томонидан сўнгги йилларда ратификация қилинган айрим халқаро конвенциялар ва ҳужжатлар меъёрлар имплементация қилинмаган.
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини ишлаб чиқиш жараёнида 10 дан ортиқ халқаро ташкилот, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг қатор конвенциялари, 60 дан зиёд давлат тажрибаси ўрганилди.
Янги таҳрирда кучга кирадиган Меҳнат кодекси ҳажми амалдаги кодексга нисбатан 3 баробар катта бўлиб, 581 та моддани ўз ичига олган. Унга бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқишни назарда тутувчи нормалар қўшилган.
Ишчи ҳамда иш берувчи меҳнат ҳуқуқи субъекти сифатида белгиланган кодексда ҳар икки томоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига аниқлик киритилиб, уларнинг қўлланилиш доираси кенгайтирилди.
— Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ходимлар ва иш берувчилар манфаатларини бирдек ҳимоя қила оладими?
— Масалан, ходим пенсияга чиқиши муносабати билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бир тарафлама тарзда бекор қилиш инсон ҳуқуқларига мос келмаслиги инобатга олиниб, кодексда айнан ушбу масала ўз ҳуқуқий ечимига эга бўлди.
Шунингдек, меҳнат жараёнини рақамлаштириш, электрон меҳнат дафтарчасини юритиш, ягона ахборот базасида (my.mehnat.uz) меҳнат шартномасини тузиш ва рўйхатдан ўтказиш механизмига оид қоидалар ҳам ўз ифодасини топди.
Масофадан ишлаш тизимининг ҳуқуқий асослари яратилиб, масофадан ишловчилар меҳнатининг ўзига хос хусусиятларини белгиловчи алоҳида параграф киритилди.
Бундан ташқари, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратига бағишланган, ходимларнинг меҳнат хавфсизлигини кучайтиришга хизмат қиладиган алоҳида бўлим ва параграфлар билан тўлдирилди. Халқимиз учун, айниқса, хотин-қизлар учун қулайлик туғдирадиган қатор қоидалар, масалан, мослашувчан иш вақти режими, деган янги тушунча жой олди.
Амалдаги кодексда айрим тоифадаги ходимларнинг меҳнатини тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинмаган. Меҳнат кодексимизнинг бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига зид бўлган нормалари ҳам мавжуд эди.
Мисол учун, Фуқаролик кодекси (1009-модда) ва Меҳнат кодексида (192-модда) боқувчи бўлган ходимнинг вафот этганлиги муносабати билан тўланадиган зарарни иш берувчидан ундириш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доираси турлича белгиланган, бу эса қонунни бир хилда қўлланишга тўсқинлик қиларди, муаммо келтириб чиқарарди. Чунки касб-ҳунарга ўргатиш, меҳнат соҳасига замонавий ахборот тизимларини жорий этиш каби янги инструментлар кўзда тутилмаган.
Яна бир мисол, жамоа шартномаси ва корхонанинг ички ҳужжатларининг ўзаро нисбати белгиланди. Чунки, баъзан ташкилотнинг жамоа шартномасида белгиланган айнан бир хил масала, ички меҳнат тартиби қоидаларида бошқача талқин қилинарди. Натижада низо юзага келарди. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ушбу муаммони бартараф этади. Бунақа мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Яна бир муҳим жиҳати, Меҳнат кодексида меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликка катта эътибор қаратилди. Яъни, тарафлар иш берувчи, касаба уюшмалари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўзаро муносабатлари назарда тутилди.
Эътибор қилинг, Меҳнат кодексида муддатли меҳнат шартномасини тузиш учун фақат 3 та асос мавжуд эди, Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида эса 19 та асос бор. Ушбу асосларнинг кенгайиши бизнес юритиш ҳамда тез ўзгарувчан бозор шароитларига тезкор мослашиш имконини беради.
Кодексда ишга қабул қилиш босқичлари, жумладан, ишга кириш тартиблари белгиланди. Даъвогарлар орасидан малакалироқ ишчиларни танлашда иш берувчининг имкониятлари кенгайтирилди. «Қайта ишга жойлаштириш» масаласи ҳал этилди. Айрим тоифадаги ходимлар (раҳбарлар, бош бухгалтерлар) учун синов муддати 3 ойдан 6 ойгача узайтирилди. Қолаверса, ходимларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш харажатларини компенсация қилиниши ҳам ўз ифодасини топган.
Ҳомиладор аёлларга қулай шароит яратиш мақсадида туғуруққача парваришлаш учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бўш кунлар берилиши шартлиги киритилди. Соатбай иш ҳақи ва бошқа иш ҳақларини белгилаш ва тўлаш тартибига аниқликлар киритилди. Бу эса ходимлар меҳнатига вақтбай, ишбай ёки меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган бошқа мезонларга кўра ҳақ тўлашга имкон яратади.
Битта ташкилотда кўп йиллик иш стажи учун қўшимча таътил бериш тартиби жорий этилган (қўшимча таътил ходимнинг ташкилотдаги тўлиқ ҳар 5 йиллик иш стажи учун 2 кунга, лекин жами 8 кундан ортиқ бўлмаган муддатга кўпайтирилган).
Турли муассасаларда малака оширишга юборишни тартибга солувчи нормалар мавжуд эмасди. Оқибатда ходимлар ҳуқуқи бузилар, баъзида харажатлар ходимнинг ҳисобидан қопланар, айрим ҳолларда ёки камроқ тажрибага эга бўлган ходимлар қолиб, кўпроқ тажрибага эга ходимлар юбориларди. Шунинг учун ҳам ишлаб чиқаришда ўқитиш, қайта ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг ҳуқуқий механизмлари белгиланди. Ишлаб чиқаришда ўқитиш шартномаси институти жорий этилмоқда.
Кўриб турганингиздек, ишчиларнинг меҳнат хавфсизлигини кучайтиришга бағишланган қоидалар ўрнатилди, меҳнат соҳасида жамоатчилик назоратига бағишланган алоҳида меъёрлар киритилди. Нафақат ишчилар, балки иш берувчиларнинг ҳам ҳуқуқини ҳимоя қилувчи нормалар акс этган.
— Хусусий секторда ишлаётган аёлларга давлат бюджетидан «декрет» пули қандай мезонлар асосида ажратилади?
— Бугунги долзарб мавзуни кўтардингиз. Биласизми, ўтган йилларни эсласангиз, илгари аёллар ишлайдиган катта жамоалар, ташкилотлар кам бўлган. Бугун катта-катта хусусий ташкилотлар, тадбиркорлар, ишбилармонлар пайдо бўлдики, ҳар бирида 100-150 нафардан 300-400 нафаргача аёл ишламоқда. Асосан аёллар давлат корхоналарида ишлаган. Давлат корхоналарига бу юклама билинмас эди. Чунки бу маблағлар давлатнинг фойдасидан қопланар эди. Аммо ҳеч кимга сир эмаски, баъзан хусусий хўжалик юритувчилар аёл ходимларни ишга олишни хоҳлашмайди.
Биринчи сабаб аёллар фарзанд кўриши ва ҳомиладорлик нафақаси тўлашга тўғри келади.
Иккинчидан, яна янги ишчи қидириб, у ишга мослашгунча вақт кетади. Бу каби муаммоларга барҳам бериш мақсадида ўтган йил 25 июлида Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги фармони қабул қилинди.
Мазкур фармонга мувофиқ, ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилди. Ушбу жамғарма ҳисобидан жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб юридик мақомга эга бўлган хусусий секторда ишловчи аёлларга давлат бюджетидан 2 миллион сўм миқдорда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаб берилади.
Йўқ, бу тартиб талаба аёлларга, якка тартибдаги аёлларга ва давлат ташкилотида меҳнат қилаётган аёлларга тегишли эмас. Бу нафақага талабгор аёл камида узлуксиз 6 ой давомида бирор хусусий сектор корхоналарида ишлаган бўлиши керак.
Жумладан, ягона миллий меҳнат тизимида расман банд, унга меҳнат дафтарчаси очилган ва унинг буйруқлари корхона томонидан киритилган бўлиши лозим. Қолаверса, 6 ой давомида аёлнинг Давлат солиқ қўмитаси маълумотлар базасида даромадлари ва солиқ тўловлари акс эттирилиши талаб қилинади.
— 2 миллион сўм қайси мезонлар асосида тўлаб берилади?
— Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Ягона меҳнат миллий тизими ҳамда Давлат солиқ қўмитасининг маълумотлар базаси билан солиштирилиб, бугунги минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда, ҳомиладор аёлга нафақа ажратилади.
Бугун республикамизда минимал истеъмол харажатлари миқдори 498 минг сўм. Минимал истеъмол харажатлари миқдорининг 4 баробари қарийб 2 миллион сўм бўлади.
Ижтимоий суғурта жамғармасига 2023 йилда эса 1,7 триллион сўм йўналтириши белгиланган. Давлат статистика қўмитасининг маълум қилишича, Ўзбекистонда ҳар йили ўртача 700 минг чақалоқ дунёга келади. Фарзандли бўлган ишловчи аёллар ўртача 4 ойга ишдан ажралиши, яъни декретга чиқиши керак.
Бюджет ташкилоти бўлмаган хўжалик субъектида ишловчи аёллар бугунги кунда ҳеч қанақа ариза билан мурожаат қилиши шарт эмас. Ҳомиладорлик варақаси ёзиладиган вақтда поликлиникаларда дастурдаги янги модулга варақанинг ва аёлнинг тегишли маълумотлари (варақа рақами, санаси, телефон рақам ва бошқалар) киритилади. Ушбу маълумот янги модул томонидан автоматик равишда ўрганилади.
Ҳомиладор аёлларни антенатал (туғуруққача) парваришлаш тартиби ва муддатлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши алоҳида меъёр сифатида белгилаб қўйилди.
«Ўзбекистон овози» мухбири
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.
«Ўзбекистон овози», 22.02.2022, №7