ЎзХДП фракцияси қонун лойиҳасини нега қўлламади?

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилиш аввалида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ масалалари ҳақида сўз юритилди.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, ҳунар ўрганиш, ўз ишини очиш, янги иш ўринлари ташкил этиш ниятидаги фуқароларни фаол қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламдаги ишларни сифатли бажариш, турли шакллардаги ёрдамларнинг ҳақиқий эгаларига етиб бориши юзасидан жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимида белгиланган улкан вазифалар ижроси бўйича парламент назоратини изчил давом эттириш, инвестиция дастурларида назарда тутилган объектларнинг ўз вақтида қурилиб, фойдаланишга топширилиши масалалари бўйича фракция аъзоларидан ўрганишга таянилган таклифлар бериш сўралди.

Депутатларнинг таҳлилий маълумотлари, таклифлари асосида фракциянинг парламент назорати йўналишидаги фаолиятини кенгайтириш чоралари кўрилиши маълум қилинди.

Йиғилишда кун тартибидаги қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди. “Тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарди.

Биринчи бўлиб қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишда ўзгараётган номига фракция аъзоси Улуғбек Вафоев эътироз билдирди. Қонун лойиҳаси бўйича масъул қўмита ҳузуридаги ишчи гуруҳ қонун лойиҳаси номини “Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисида” шаклида ўзгартиришни таклиф этаётгани ҳужжатнинг асл мақсадига тўғри келмаслигини таъкидлаб, қонун лойиҳасини ҳукумат киритган дастлабки ҳолатда қолдиришни таклиф қилди.

Мутахассислар ҳозирги кунда тупроқнинг ўзини асраш долзарб масалага айланганини, унумдорликни ошириш асосий масала бўлиб қолаётганини қайд этди. Лекин фракция аъзосини бу изоҳ қаноатлантирмади.

Фракция аъзоси Мақсуда Ворисова қонун лойиҳасида тупроқни асраш эмас, мулкдорлар ҳуқуқи биринчи ўринга чиқиб қолаётган тамойиллар ҳақидаги меъёр бўйича эътироз билдирди. Ишчи гуруҳ вакиллари изоҳида бу меъёр амалдаги қонунчиликка мувофиқ эканини таъкидланди.

Фракция аъзоси Шарофиддин Назаров қонун лойиҳаси дастлабки тарзда кўриб чиқилиб, маъқулланганидан кейин жуда катта ўзгаришларга учрагани, иккинчи ўқишга таклиф этилаётган ҳолатида амалиётда англашилмовчилик ва муаммолар келиб чиқиши мумкинлигини маълум қилди. Қонун лойиҳаси бўйича туғилган савол ва эътирозларга масъул қўмита ҳамда ишчи гуруҳи қўшимча тушунтириш бериб, ўзгаришларни асослаши кераклигини билдирди.

Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси бўйича ишларни давом эттириш, фракция аъзолари саволларига жавоб бериш, асослаб бўлмайдиган ўринларда меъёрларни такомиллаштириш лозимлиги қайд этилиб, лойиҳа масъул қўмитага қайтарилиши ҳақида қарор қабул қилинди.

Депутатлар Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини атрофлича муҳокама қилди.

Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Меҳнат ва Оила кодексларига, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” қонунларга ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, Жиноят кодексида аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш, номусга тегиш, 16 ёшга тўлмаганга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш каби жиноятлар учун жазо чоралари оғирлаштирилмоқда. 1413-модда билан шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда “Таъқиб этиш” тушунчасига таъриф берилиб, таъқиб этганлик учун ҳам ҳимоя ордери берилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Оила кодексида хорижий давлатга кетаётган ота-она зиммасига ўз болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш чораларини кўриш мажбурияти юклатилмоқда. Маълумотларга кўра, 8 647 нафар шахс вояга етмаган фарзандларига васийлик ёки ҳомийлик белгиланмасдан туриб яшаш жойларини тарк этган. Оқибатда шундай ота-оналарнинг 2019 йилда 7 та, 2020 йилда 22 та, 2021 йилда 29 та вояга етмаган фарзандлари томонидан жиноятлар содир этилган.

“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга “зўравонлик”, “жинсий зўравонлик”, “жисмоний зўравонлик”, “руҳий зўравонлик”, “ғамхўрлик кўрсатмаслик” ҳамда “васийлик ва ҳомийлик органи” каби янги тушунчалар киритилмоқда.

Қонун лойиҳаси барча тоифадаги фуқаролар ҳаёти, турмуш тарзига даҳлдор бўлганлиги туфайли ҳам фракция аъзоларининг диққат марказида бўлди. Жиноятлар, таҳдидлар билан боғлиқ бўлган моддаларни янада такомиллаштириш, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир моддаларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф-мулоҳазалар билдирилди. Хотин-қизлар ва болаларнинг тазйиқ ва зўравонликка учрашининг олди олиш, оила институти мустаҳкамланиши, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳит яхшиланиб, ажримлар сони камайиши ва қатор жиноятлар содир этилишининг олди олишга хизмат қилувчи кутилаётган ҳужжат лойиҳаси концептуал жиҳатдан маъқулланди.

Фракция йиғилишида бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш