Мурожаатлар жойига бориб ўрганилди

 

Сайловчилар билан навбатдаги учрашувларимиз асосан фуқароларнинг мурожаатлари асосида маҳаллаларда ўрганишлар тарзида олиб борилди.

Хусусан, Денов туманидаги “Намозгоҳ” маҳалласида жойлашган 66-умумий ўрта таълим мактабининг ўқув-жиҳозлаш ҳолати ўрганилди. Мактабда ёпиқ спорт зали, соғлом овқатланиш учун ошхона, шунингдек, кутубхона ва фаоллар зали барпо этиш кераклиги ҳақида мурожаат қилинди. Шунингдек, тоза ичимлик суви билан таъминлайдиган қувурларнинг яроқсиз ҳолга келганлиги, маҳалланинг айрим кўчаларида қўлбола сим ёғочлар ўрнатилганлиги ҳақидаги муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам сўралди.

Шу билан бирга, “Чўнтош” маҳалласининг ҳудудидан ўтувчи Ҳазорбоғ канали таъмирлаётганлиги сабабли ушбу маҳалла аҳолиси доимий қатнайдиган кўприк бузилган. Аммо, икки йилдирки, ушбу кўприк қайта қурилмаган. Натижада фуқароларни туман марказига ва болаларнинг мактабга қатнаши учун уч км узоқликдаги ҳудудни айланиб ўтишига тўғри келмоқда. Мазкур масала юзасидан қурилиш олиб бораётган ташкилот ва тегишли масъуллар билан ҳудуднинг ўзида суҳбат олиб борилди. Ўн кун ичида кўприк қурилишини бошлашни билдиришди. Мазкур масала доимий депутатлик назоратига олинди.

Шунингдек, “Нурли манзил” маҳалласида болалар учун спорт майдончаси, қўп қаватли уйларга, маъмурий биноларга аҳоли қатновида фуқаролар хавфсизлиги нуқтаи назаридан пиёдалар учун йўлакча қуриш масаласида мурожаатлар тушди.

Денов туманида ўтган йил давомида инвестиция дастурлари асосида қурилиши белгиланган ижтимоий соҳа объектлари – мактаб, мактабгача таълим ташкилоти ҳамда маҳалла идораларининг барпо этилиши ҳолати ҳам ўрганилди. Якунига етмаган ва тўхтаб қолган объектларни фойдаланишга топшириш бўйича масъул ташкилотларга депутатлик мурожаати йўлланадиган бўлди.

Аҳоли ва маҳалла фаоллари мурожаатлари, ўрганишда аниқланган ҳолатлар тегишлилиги бўйича идораларга йўналтирилди, натижаси юзасидан депутатлик назорати ўрнатилди.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш