Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни ҳуқуқларини кафолатларини мустаҳкамлаш, инклюзив ривожланиш, аҳолининг барча қатламлари тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлишларини таъминлашнинг самарали механизмларини жорий этиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳаётининг барча соҳаларида иштирок этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратишда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ҳаёт сифатини яхшилаш тизимини такомиллаштириш, уларга таълим олиш ва ишга жойлашишда ҳар томонлама кўмаклашиш чоралари кўрилмоқда.
Бу эзгу ишларнинг мантиқий давоми сифатида куни кеча 27 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги №74 сонли қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, “Тиббий ижтимоий экспертиза” электрон ахборот тизими орқали киритилган тиббий хулоса асосида мазкур ахборот тизимига интеграция қилинган “Ижтимоий хизмат” электрон платформасида ногиронлиги белгиланган шахсларнинг мурожаати асосида протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари олиш учун электрон сертификат шакллантирилади.
Жумладан, 2023 йил 1 июнгача ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга ғамхўрлик қилувчиларга берилган имтиёзларнинг ягона рўйхати шакллантирилади. 2023/2024 ўқув йилидан “Махсус педагогика, дефектология” йўналишида магистратура учун тўлиқ давлат гранти берилади. 2023/2024 ўқув йилида, абитуриентлар учун мўлжалланган қабул тартибига оид маълумотлар ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай форматда бўлади, Бунда видеороликлар сурдо-таржима ёки субтитрлар билан намойиш этилади. Ўқиётган ногиронлиги бўлган талабаларга таълим жараёнида кўмаклашиш учун унинг яқинларидан бирига ОТМ да ёнида бирга бўлиш учун шароит яратилади. Жорий йилда Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ва унинг ҳудудий марказлари роботлаштирилган локомат мажмуаси ва бошқа замонавий реабилитация ускуналари билан таъминланади. Қарорга кўра шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Статистик маълумотларга қараганда республика бўйича 2023 йил 1 январь ҳолатига ногиронлиги бўлган шахслар сони 798 мингни ташкил қилиб, шундан 16 ёшгача бўлган болалар 127,5 минг нафарни, 16 ёшдан катталар эса 670,7 минг нафарни ташкил қилади. Республика бўйича жами 85 та жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари фаолият юритиб келмоқда. Ҳозирги кунда ушбу мактаб-интернатларда 17 минг 831 нафар ўқувчи таълим олади. Уларга жами 7383 нафар педагог ходимлар таълим тарбия бериб келмоқда. Оналар қарамоғида оилада тарбияланаётган ногирон болалар сони 66 минг 871 нафарни ташкил этади. Бугунги кунда 10 минг 854 нафар ногирон болалар уйда якка тартибда таълим олмоқда. Уларга 26 минг 263 нафар ўқитувчи жалб этилган.
Ўз ХДПнинг сайловолди платформасида пенсионерлар, меҳнатга лаёқатсиз ногиронлар, етим-есирлар ва аҳолининг меҳнат қила олмайдиган бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини вужудга келтириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кам таъминланган аҳоли қатлами, биринчи навбатда ногирон ва ёлғиз кексаларга моддий ёрдам бериш имкониятлари ва ҳуқуқларини кенгайтиришга кўмаклашиш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.
Мазкур устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши, Ўзбекистон Ногиронлар, Кўзи Ожизлар ва Ўзбекистон Карлар Жамиятлари билан ҳамкорликда меморандумлар имзоланди.
Ўзбекистон ХДП барча даражадаги депутатлик корпуси ва партия кенгашлари иштирокида, партия электорати ҳисобланган ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш учун мос келадиган касблар бўйича иш ўринларини захира қилинишини таъминлаш, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ташкилотларни ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштиришга рағбатлантириш, шунингдек ихтисослаштирилган иш ўринлари ташкил этилиши, ногиронлиги бўлган шахсларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилиши устидан тизимли депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб боришимиз лозим.
Хулоса ўрнида шуни эътироф этиш лозимки, ногиронлиги бўлган болаларни ҳар томонлама ва уйғун ривожлантириш, уларда ижтимоий фаолликни шакллантириш, меҳнатга иштиёқ уйғотиш, уларни илм-фанга, техникага, санъатга ва спортга жалб этиш мақсадида мактабдан ташқари таълимдан фойдаланишини таъминлашимиз зарур деб ҳисоблаймиз.
Б.Юсупов
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи