Туғишни режалаштириш вақти келди

 

Хитойнинг қадимий донишманд файласуфи Конфуций икки ярим минг йил олдин «Биз қанақа халқ эканлигимизни билгингиз келса, олдин бизнинг сонимизни билиб олинг» деган экан. Донишманднинг бу сўзлари Ўзбекистоннинг ҳозирги ижтимоий-ижтимоий ривожланиш даврида ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. Давлат статистика қўмитасининг маълумотига кўра Ўзбекистон Республикасининг доимий аҳолиси сони 1991 йилда 20,6 миллион кишини ташкил этган бўлса, 2021 йилга келиб 34,6 миллион кишига етди. 1991 йил 723,4 мингта бола туғилган –(34,5) 1991 йилдан бугунги кунгача бўлган туғилиш динамикаси 1998-2006 йиллар оралиғида 550 минг ва ундан кам туғилишни кўрсатади. 2020 йилда 841,8 мингта бола туғилганлиги қайд этилган бўлиб, мос равишда ҳар 1000 нафар аҳолига (коэффициенти) 24,6 та чақалоқ тўғри келган. Юртбошимиз Парламентга ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатларида аҳолимизнинг 36 млн.га етганлиги ва йилига қарийб 900 мингдан ортиқ янги авлод қўшилаётганига тўхталиб ўтдилар.

Яқинда ўқиб қолдим БМТ эълон қилган демографик ҳисоботида шундай маълумот келтириб ўтилган: Ўзбекистон аҳолиси энг камида 40 йил давомида ўсишдан тўхтамайди, 20 йил ичида эса ўзбекистонликлар сони 40 миллионга етиши кутилмоқда...

Ўртача прогнозларга асосан, Ўзбекистон аҳолиси сони 2038 йилда илк марта 40 млн нафардан ошади. Мамлакат аҳолиси бундан кейин ҳам кўпайишда давом этиб, 2070 йилда энг юқори нуқта – 44 млн 400 минг кишигача етади. Шундан сўнг Ўзбекистонда демографик регрессия бошланиб, пасайиш 2100 йилга бориб 42 млн 200 минг кишини ташкил этиши ёзилган.

Бу рақамлар одамни анча ўйлантириб қўяди, чунки демографик жараёнлар, биринчи навбатда, ижтимоий-меҳнат соҳасига сезиларли таъсир кўрсатиб, миллий иқтисодиёт ва жамият ривожланишининг асосий омили бўлиб, аҳолининг меҳнат билан бандлик ва ишсизлик даражасининг миқдорига, ялпи ишлаб чиқариш аҳолининг жон бошига тўғри келадиган ўртача даромад кўрсаткичларига, уй-жой билан таъминлаш, кексайган ёшдаги пенсия таъминотига бевосита таъсир этиб боради. Бу ўсиш албатта ижтимоий соҳалар: мактабгача таълим, таълим,соғлиқни сақлаш соҳасига демографик «босим»нинг сезиларли даражада ошириши мумкин. Албатта, бу «босим»нинг таъсирини камайтиришни ўйлайсан. Биргина туғилишни назоратга олиш ҳам таъсир қилиши мумкинлигини тажриба кўрсатган.

Жамиятда тиббий ва маърифий хизматларнинг сифатини яхшилаш аҳолининг ижтимоий ва иқтисодий маданиятини оширишга ёрдам беради, бу шубҳасиз аҳолининг демографик тузилмасини барқарорлаштиришга ва чақалоқларнинг туғилиш суръатларининг нисбатан пасайишига олиб келади.

Шу жойда репродуктив марказларда «Оилани режалаштириш», исталмаган ҳомиланинг олдини олишга қаратилган ишлар бироз сусайгани, туғуруқлар орасидаги интервал, туғуруқлар сони, катта ёшдаги аёллар орасида туғуруқларнинг ошиши билан бирга контрацепция воситаларидан фойдаланиш ҳолатларининг камайиши марказ ишини кучайтириш ёки тубдан ўзгартириш, бошқатдан кўриб чиқиш лозимлигини тақозо этади, деб ўйлайман.

Шу билан бирга аҳоли сони кўпайиб бораётган бир пайтда шифокорлар штатларининг қисқариши, 2018 йилдан «Аёллар маслаҳатхонаси», «Қизлар саломатлик» кабинетлари фаолият юритиб келади-ю, штатлари ҳамон ҳал қилинмагани ёки яна бир мисол, давлат статистика қўмитасининг берган маълумотига кўра, педиатр шифокорлар сони 2007 йил 10 100 та бўлса, 2019 йилга келиб 6100 тагача қисқаргани қатор саволлар қўяди.

 

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 1.03.2022, №8

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш