2023 йил 1 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг “Дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаласини тартибга солиш, аҳолига сифатли дори воситаларини етказиб бериш, фармацевтика тармоғидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолини дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббий техника билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Аҳолини ва соғлиқни сақлаш муассасаларини арзон фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлашни яхшилаш, фармацевтика тармоғини ривожлантиришга қаратилган 50 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Жумладан, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонуни янги таҳрирда, 2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг фармацевтика тармоғини ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Концепция доирасида 2020 йилда 2,4 трлн. сўмлик, 2021 йилда 3,6 трлн. сўмлик, 2022 йилда 4,1 трлн. сўмлик фармацевтика маҳсулотлари, яъни ҳар йили 300 турдаги янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш жорий этилди. Натижада, ўтган йилда стоматология, онкология, токсикология ҳамда пульмонология гуруҳларига кирувчи дори воситаларини маҳаллийлаштириш даражаси ошган.
Шунингдек, инвестиция дастурига киритилган 42 та инвестицион лойиҳа доирасида биргина 2022 йилда 83,3 млн. доллар инвестиция маблағлари жалб қилиниши ҳамда умумий қиймати 31,5 млн. долларлик 10 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 437 та янги иш ўрни яратилган. Мамлакатимизда фаолият юритаётган 103 та фармацевтика корхонасида халқаро ва миллий стандартлар жорий қилинган.
Бундан ташқари, дори воситалари ишлаб чиқарувчилар 5 йил давомида барча солиқлардан озод этилди. Ўзбекистоннинг фармацевтика бозорида ўсиш динамикаси йилига 8-10 фоизни ташкил этиб, МДҲ минтақасида энг тез ривожланаётган бозорлар қаторидан ўрин эгаламоқда. Мамлакатимизда дори воситаларини ишлаб чиқаришнинг халқаро стандартлари татбиқ этилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 2022 йил давомида 77212 турдаги дори воситалари ва 12714 та тиббий буюмларга мувофиқлик сертификатилари расмийлаштирилган бўлса, ҳисобот даврида атига 315 турдаги 7128563 шартли ўрам дори воситалари ва тиббий буюмлар сетрификатлаштириш жараёнида номувофиқлиги аниқланган.
Қўмита йиғилишида депутатлар дорихоналарда аксарият ҳолларда дори воситалари шифокор рецептисиз берилаётгани, вазирлик томонидан дори воситаларининг қўлланилиши чоғида ножўя реакцияларни қайд қилиш етарли йўлга қўйилмагани, яъни 2022 йилда республика бўйича фақатгина 397 та хабарнома қайд этилганлигини танқид остига олишди.
Шунингдек, мамлакатимизда фармацевтика тармоғини ривожлантириш учун етарли хомашё базаси мавжудлиги яъни 4500 га яқин ўсимлик турлари бўлиб, 750 турдаги доривор ўсимликлардан фақатгина 70 таси маҳаллий корхоналар томонидан ишлатилаётгани депутатларнинг эътирозларига сабаб бўлди.
Тадбирда депутатлар фармацевтика соҳасининг ривожланиши мамлакатимиз аҳолисини арзон ва сифатли дори воситалари ва тиббиёт буюмлар билан таъминлаш тизимини яхшилашнинг асосий омилларидан бири эканлигини қайд этиб, аҳолининг дори воситаларига бўлган эҳтиёжларини қондириш, кундалик шарт-шароитдан келиб чиққан ҳолда қонун ва қонуности ҳужжатларнинг ижросини мунтазам ўрганиб бориш, амалиётда юзага келаётган муаммоларни, ўз ечимини кутаётган масалаларни бартараф этиш, соҳани янада ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифларни беришди.
Кун тартибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.