Инсон қадрини юксалтириш – ижтимоий ҳимоянинг муҳим шарти

 

2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури қабул қилинди. Давлат дастури лойиҳаси 7 та йўналиш, 100 та мақсад ва 309 та бандни ўз ичига қамраб олган.

Жумладан,

— инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;

— мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;

— миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш;

— адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш, маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш;

— миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш;

— ҳамда мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб боришга қаратилган 7 та устувор йўналишдан иборат.

Шундан тўртинчи, яъни “Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш йўналиши”да белгиланган вазифалар аксарияти партиямиз дастуридаги вазифалар билан ҳамоҳанглиги билан ажралиб туради. Мазкур йўналиш ўз ичига таълим, соғлиқни сақлаш, эҳтиёжманд қатламларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш ҳамда хотин-қизлар ва ёшлар масалаларига оид жами 82 та бандни қамраб олган.

Жумладан, 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб, республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлашнинг йўлга қўйилиши орқали партиямиз дастуридаги муҳим масалаларнинг бири амалга оширилса, 2023 йил 1 мартдан бошлаб ногиронлик идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида фуқаролар касаллигининг оғирлиги ва унинг асоратларидан келиб чиқиб уларнинг иштирокисиз белгиланиши ёки 2024 йил 1 январдан бошлаб пенсионерга ҳисобланган, лекин ўз вақтида олинмаган пенсияни тўлаш муддатини 12 ойдан 24 ойга узайтирилиши партиямиз электорати бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Давлат дастурида хотин-қизлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Лойиҳанинг 52 та жойида хотин-қизлар, аёллар сўзлари киритилган, бундан ташқари алоҳида мақсад ҳам киритилгани хотин-қизларга қаратилаётган эътибордан дарак беради. 69-мақсад Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш, деб номланади.

228-банд. Жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш.

Бунда, Хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ижросини мониторинг қилиш. Мониторинг натижалари бўйича қонунчилик ҳужжатларига оилавий зўравонлик учун жавобгарликни белгилаш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифлар, 2023 июль ойида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш белгиланган.

229-банд. Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш бандида оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, тазйиқ ва зўравонликдан, одам савдосидан жабрланганлар ҳамда профилактик ва пробация ҳисобида турувчиларнинг хонадонларига бориб ижтимоий ҳолатини ўрганиш, ўрганишлар натижаларига кўра аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича хотин-қизлар билан индивидуал ишлаш, уларга секторлар, тегишли давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ҳамда моддий ёрдамлар кўрсатиш назарда тутилган. Шунингдек, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларида 2023 йил давомида ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш вазифалари ҳам белгиланган.

Бундан ташқари 230-бандда 15 май – “Халқаро оила куни”ни кенг нишонлаш ва “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танловини ўтказиш,

231-банда эса Хотин-қизларни замонавий билимлар ва касб-ҳунар эгаси бўлишлари ҳамда олий маълумотли аёллар сафини кенгайтириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий фаолликларини ошириш масалалари киритилган.

Бунинг учун “Илмли аёл – жамият кўзгуси” шиори остида “XXI аср аёли” хотин-қизлар фестивалини республика ва ҳудудлар миқёсида ўтказиш бўйича 2023 йил март-май ойларида тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

67-мақсаднинг 218-бандида хотин-қизларни спортга жалб этиш қамровини кенгайтириш, 71-мақсаднинг 239-бандида эса Маҳаллаларда хотин-қизларнинг ижтимоий фаолликларини оширишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш назарда тутилмоқда.

Давлат дастуридаги хотин-қизларга оид вазифаларни амалга оширишда ҳамда дастур мазмун ва моҳиятини аҳоли, жумладан, хотин-қизлар орасида кенг тарғиб қилиш ва тушунтиришда партиямиз тизимидаги масъуллар ҳамда барча даражадаги депутатлар фаоллик кўрсатишлари лозим.

Дастурда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ижтимоий ҳимояни янада кучайтириш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш борасида кенг қамровли аниқ вазифаларни амалга ошириш, лойиҳалар ишлаб чиқиб, уларни амалиётга татбиқ этиш, дастур ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, чуқур таҳлил қилиб, партия гуруҳлари, доимий комиссия ва сессияларда муҳокама этиб бориш дастурдаги ҳар бир масаланинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишига хизмат қилади.

 

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.

 

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш