Депутатлар Давлат дастури ижросини назорат қилади

 

Бугун Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашининг мажлислар залида “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган устуворликлар ижроси юзасидан партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг олдида турган вазифалари” мавзусига бағишланган онлайн видео конференция бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари ва партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари, партиянинг вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари раислари, партиянинг масъул ходимлари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ёрдамчилари иштирок этган йиғилишни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова очиб берди. М. Ворисова ўз сўзида кун тартибидаги асосий масала - қабул қилинган Давлат дастурини аввало чуқур ўрганиб чиқиш, унинг ижросини самарали ташкил этиш мақсадида, ҳар бир туман, шаҳар ва маҳалла кесимида белгиланган амалий чора-тадбирлар ижроси юзасидан кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари иштирокида мунтазам равишда масъул шахсларнинг ҳисоботини эшитиб бориш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Йиғилишда “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ҳар бир ҳудуд кесимида тушунтириб берилди. Давлат дастурида партия электорати ҳисобланган аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари манфаатларига дахлдор бўлган масалалар юзасидан тўлиқ маълумот берилди.

Марказий Кенгаш бошқарма бошлиғи Б. Юсупов маъруза қилиб, ногиронликни белгилашда фуқароларга қўшимча енгилликлар яратилгани, фуқароларнинг пенсия таъминотини яхшилаш ва пенсионерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, 2024 йил 1 январдан бошлаб пенсионерга ҳисобланган, лекин ўз вақтида олинмаган пенсияни тўлаш муддати 12 ойдан 24 ойга узайтирилгани, аҳолига бирламчи тиббий хизматларни яқинлаштириш ва фуқароларни сифатли тиббий хизматлар билан таъминлаш, касалликларни эрта босқичда аниқлаш, шунингдек, беморларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида, 2023 йилда 30 та оилавий поликлиника, 110 та оилавий шифокор пункти ва 520 тагача ихчам маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этилиши белгилангани ва бошқа устувор вазифаларнинг аҳамияти ҳақида тушунтириб берди. Партиянинг вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатларига бир қатор ижтимоий масалар ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш вазифаси қўйилди. Бу борада депутатларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари тингланиб, таклифлари олинди.

Йиғилиш сўнггида Давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг ўз ваколат доирасида амалга ошириши лозим бўлган бир қатор муҳим вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, пенсионерлар ва ногиронларда йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни аниқ ечимига қаратилган аниқ таклифлар бериш. Давлат дастурида белигиланган умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шунингдек, уларда коммуникатив кўникмалар, танқидий ва креатив фикрлаш, жамоа бўлиб ишлаш, тадқиқотчилик каби кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган таълим дастурларини амалиётга киритилишида ҳудудларда жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларига бориб аҳволни ўрганиб бориш; Давлат дастурида белгиланган аҳолига бирламчи тиббий хизматларни яқинлаштириш ва фуқароларни сифатли тиббий хизматлар билан таъминлаш, касалликларни эрта босқичда аниқлаш, шунингдек, беморларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида, 2023 йилда 30 та оилавий поликлиника, 110 та оилавий шифокор пункти ва 520 тагача ихчам маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этилиши устидан тизимли мониторинг олиб бориш; Сув ресурсларини бошқаришда рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш, зарур ирригация ва мелиорация тадбирларини ўз вақтида амалга оширилиши устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиб бориш; Ҳар бир депутат ўзининг округидаги бюджет ҳисобидан бўлаётган қурилишлар, йўлларни, ҳар ойда бориб кўриши, буюртмачи ва пудратчидан сифатини талаб қилиши. Коррупцияга қарши курашиш борасида қабул қилинган қонунлар ижроси юзасидан назорат олиб бориши; 2023 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари яратилиши борасидаги ишларнинг ҳолати юзасидан Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида партия гуруҳлари ташаббуси билан вазирликнинг тегишли бошқарма раҳбарлари ахборотини эшитиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш; Ҳар чоракда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида Давлат дастурида белгиланган устуворликлар ижроси юзасидан масъул ташкилотлар раҳбарларини ахборотларини эшитиб бориш тизимини йўлга қўйиш каби вазифалар белгилаб берилди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш