Сирдарёда вилоят Кенгаши депутати, сенатор Ҳаётхон Ортиқбоева номини эшитмаган одам кам топилса керак. Зеро, вилоятда адабий муҳит у кишининг номи билан боғлиқ. Вилоятнинг маданий-маърифий тадбирлари уларнинг иштирокисиз ўтказилмайди. Хуллас, ижодкорлик, депутатлик, сенаторлик ва бошқа бир қанча фаолиятни бир вақтда олиб бораётган бу аёлга барча ҳавас кўзи билан қарайди.
Ҳ. Ортиқбоева билан бирга ишлаганлар унинг метин иродасига, қатъиятига, савиясига қойил қолиб, ҳар қандай ишни бошлашдан аввал мушоҳада қилиб олишига, бошқалардан (ўзларидан кичик бўлса ҳам) маслаҳат олишига кўп марта гувоҳ бўлишган. Раҳбарлик ва оилани баробар ушлаш осон иш эмаслиги эса барчага аён.
Ижодий фаолияти давомида юзлаб, минглаб шогирдлари Ҳаётхон Ортиқбоевани устоз деб чақиришади. “Зулфия” номидаги давлат мукофотига нафақат адабиёт, балки маданият ва санъат йўналишида ҳам ўндан ортиқ ижодкор қизларнинг ушбу ютуққа эришишларида бевосита уларнинг хизматлари бор. Йигирма беш йил давомида қанчадан қанча ижодкорлар, шоир ва ёзувчилар Ҳ. Ортиқбоеванинг ёрдами, кўмаги, қўллаб-қувватлаши билан китоблар нашр эттирди. Ҳозир ҳам вилоятда чиққан ҳар бир адабий-бадиий китоб муаллифи, у киши билан маслаҳатлашмасдан китоб нашр эттирмайди.
Шу ўринда Ҳ.Ортиқбоеванинг сенаторлик ва депутатлик фаолиятига ҳам назар ташласак. Чунки уларнинг бевосита иштирокида жуда кўп масалалар, ечимини тополмай юрган муаммолар ҳал бўлган десак адашмаган бўламиз. Чекка-чекка маҳаллалардан у кишини излаб келишади. Сабаби улар ҳеч бир кишини норизо қилган эмас. Агар масалага ечим топа олмаган тақдирда, ушбу масаланинг ечими қай тартибда ҳал бўлишини айтиб, умид истагида келган ҳар бир фуқарони рози қиладилар. Сенаторлик фаолияти давомида бутун Республикамизни айланиб, ҳар бир вилоятда бўлиб, одамлар билан гаплашиб, уларнинг дилидаги гапларини, хоҳишларини, орзу-истакларини англаган ҳолда Парламентга масала киритишда, сўров юборишда, қонунлар муҳокамасида кўприк бўлди.
Ҳаёт бир текисда оқмас экан. Муаммолар, чигалликлар, ташвишлар бизни янада тоблар экан. Икки йил аввал дард туфайли касалхонада қайта оёққа турган ҳамда бир вақтнинг ўзида турмуш ўртоғидан ажралган Ҳ. Ортиқбоева ўзида ҳаётда яшашга, фарзандлари, набиралари, қолаверса, ёшлар учун ибрат бўлишда дадиллик, куч топа олди. Бугун у тенгқурлари қатори тўрт қават кўрпача устида ёнбошлаб олиш ўрнига ҳаёт уммонида қайнамоқда, ёшлар билан тенгма-тенг ишламоқда. Биз эса улардан ибрат олишдан чарчамаймиз. Ҳар бир ёш сиздек бўлсин деймиз.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, нима иш қилишингиздан, қандай фаолият билан шуғулланишингиздан қатъий назар фарзандларингиз, ёш авлод вакиллари ҳаёт йўлингиздан ибрат олсин. Мен ҳам шундай бўламан-, деб ҳавас ила боқсин. Ҳавас одамга умид бағишлайди, келажакка бўлган ишончини яна ҳам оширади.
Барча аёлларни яқинлашиб келаётган айём билан чин юракдан муборакбод этамиз.