Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг VI пленуми бўлиб ўтди

 

Бугун Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашнинг VI пленуми бўлиб ўтди. Унда партиянинг жорий йил ҳамда ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган устувор вазифалари, мамлакатимизда амалга оширилаётган муҳим ислоҳотлар жараёнида партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг фаол иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама этилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, мамлакатимизда Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар ижтимоий йўналтирилганлиги билан инсон қадрини улуғлаш тамойилларини тўла ифода этмоқда. Ўзбекистон ХДПнинг ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик ва ижтимоий демократия мезонларига жавоб берадиган ижтимоий демократик давлатни шакллантириш мақсади Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишлари ҳамда уни 2023 йилда амалга оширишга оид давлат дастурининг вазифаларига тўлиқ мос келади.

Пленумда Янгиланаётган Конституцияда партия ғоялари, таклифлари акс этаётгани тарихий имконият ва ютуқ бўлаётганига алоҳида урғу берилди. Хусусан, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб яшаш эҳтиёжига мос бўлиши, давлат фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилиши, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши, ногиронлиги бўлган шахслар жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлишига оид кафолатлар белгиланмоқда.

Шунингдек, бепул тиббий хизмат ҳам мустаҳкамланаётгани, умуман, Конституциявий қонун лойиҳасида ижтимоий ҳуқуқлар билан боғлиқ нормалар сони бир неча бараварга кўпайиши кутилаётгани партия электорати манфаатларини, ижтимоий давлат тамойилини акс эттирмоқда.

Шунинг учун Халқ демократик партияси Конституциявий ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, унда белгиланаётган янги қоида ва меъёрларни кенг жамоатчилик, партия аъзолари ва электорати орасида кенг тушунтириш, жамиятда фуқаролик маърифатини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларини ишлаб чиқмоқда.

Йиғилишда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдига янги, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган вазифа ва устувор мақсадларни қўяётгани таъкидлаб ўтилди. Давлат дастурида белгиланган мақсадлар амалга ошиши орқали партия Сайловолди дастурининг кўплаб бандлари ижроси таъминланишига имконият яратади.

Партия Сайловолди дастурида белгиланган ғоя ҳамда вазифаларни амалга оширишга жиддий эътибор қаратмоқда. Ҳозирги кунга келиб, 16 та дастурий устувор мақсад партия фракцияси иштирокида қабул қилинган қонунларда ўз аксини топган. Хусусан, 2022 йилда ХДП фракциясининг фаол иштирокида Ўзбекистон Республикасининг «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги ва бошқа қатор қонунларга партия манфаатларидан келиб чиқиб, тегишли ўзгартишлар киритилди. Бундан ташқари, норматив-ҳуқуқий тартибга солиш даражасида амалга ошириш босқичида партиянинг 9 та дастурий устувор йўналишининг долзарблиги сақланиб қолмоқда.

Янгиланаётган Конституция партия ва унинг электорати учун принципиал аҳамиятга эга эканлигидан келиб чиқиб, бош мақсад “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасини қўллаб-қувватлаш эканлиги таъкидланди. Шу мақсадда референдумга муносиб тайёргарлик кўриш, аҳоли ўртасида тарғибот, ташвиқот ишлари амалга ошириш, партиянинг жараёнда фаол иштирок этишини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партия фракциясига электорат манфаатлари ва партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини 2023 йилда амалга оширишга оид давлат дастурида назарда тутилган қонун ижодкорлигида фаол иштирок этиш тавсия этилди.

Бундан ташқари, партия электорати бўлган эҳтиёжманд, камбағал оилалардаги ҳақиқий муҳитни ўрганиш, бундай оилалар вакилларининг бандлигини таъминлашга тўсиқ бўлаётган ҳар бир масалани чуқур ва атрофлича таҳлил қилиш, муаммоларни ечиш учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этишга чақирилди.

Уйма-уй юриш орқали, фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатиш, аҳолига мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсади ва моҳиятини тушунтириш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган фаолиятни кучайтириш зарурлиги, иқтидорли ёшларни сиёсий ҳаётга фаол жалб этиш ҳамда партия ишларида ўзларини намоён қилишлари учун имкониятлар яратиб беришга эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Пленумда кун тартибидаги масалалар бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди. Муҳокамалардан сўнг партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Пленумида партиянинг 2022 йилдаги ижтимоий-сиёсий ва молиявий-хўжалик фаолияти натижалари муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

 

Теглар

Пленум Фахрий Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш