Маълумки, халқимиз азал-азалдан кекса ва нуронийлар, ёши улуғ инсонлар, пиру бадавлат отахон-у онахонларга ўзгача ҳурмат ва эътибор кўрсатиб келган. Уларни эъзозлаш, қадрлаш, саломатлигини асраш қадриятларимизнинг ажралмас бўлаги бўлиб, ҳар бир хайрли иш кексаларнинг қимматли ўгитлари, зарур маслаҳатлари ва дуолари билан бошланган.
Эътиборлиси, халқимизнинг бу олийжаноб фазилати бугун давлатимиз сиёсатида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. Хусусан, мамлакатимизда нуронийларга давлат ва жамият томонидан ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида қатор эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Сир эмас, бундан 5-6 йиллар илгари пенсияга чиқишда талаб этиладиган ҳужжатбозликлар-у, пенсия олиш билан боғлиқ муаммолар, қишнинг қаҳратони-ю, ёзнинг жазирамасида пластик картадаги нафақа пулини қисман нақдлаштириш учун банклар остонасида узоқ навбатда туришлар отахон ва онахонларимиз учун қатор ноқулайликларни туғдирар эди.
Эндиликда нуронийларга давлат томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар натижасида, пенсия пуллари ўз вақтида, яна тўлиқ нақд пул кўринишида, ҳатто уйларига олиб бориб берилмоқда. Бугун тажрибали кекса ходимлар ҳам ишлаб, ҳам нафақа пулини тўлиқ олишмоқда. Ғамхўрликларнинг энг аввали фидойи, ғайратли, тажрибали кекса ходимларга қаратилмоқда. Чунки, кекса авлод вакилларининг бой тажрибаси, малакаси, йўл-йўриқ ва маслаги ватан равнақи, келажак ва ёшлар учун ғоят қадрли. Бу мисолларни келтиришдан мақсад- қиёсий таҳлилгина бугунги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англаш имконини беради.
Мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатга ана шундай таҳлилий нуқтаи назардан ёндашсак, унда кексалар ҳаёти билан боғлиқ бир қатор жиддий муаммоларнинг аниқ ечими ифода этганлигини кўрамиз.
Куни кеча қабул қилинган "Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент қарори юқоридаги фикримизнинг яна бир ёрқин мисоли бўла олади. Ёши улуғ инсонларга қаратилаётган бундай эътибор, албатта кекса авлод вакилларининг жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни ва иштирокини янада мустаҳкамлайди.
Қарорга кўра, 2023 йил 1 апрелдан “Нуроний” жамғармасига давлат субсидиясини ажратиш тизими жорий этилади.
“Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойилига мувофиқ ёшлар ҳар бир маҳалладаги фаол нуронийларга бириктирилади.
“Нуроний ҳар бир оилага масъул” лойиҳаси асосида эса, муаммоли оилаларнинг ҳар бирига “Кексалар маслаҳати” гуруҳларининг бир нафардан аъзолари бириктирилади.
Ёшлар ва муаммоли оилалар билан фаол ишлаган ҳамда ижобий натижаларга эришган нуронийлар “Нуроний” жамғармаси маблағлари ҳисобидан рағбатлантириб борилади.
Яна бир муҳим жиҳат, маҳаллаларда фаолият юритаётган “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари раҳбарлари ҳар чоракда БҲМнинг 2 баравари (600 минг сўм) миқдорида рағбатлантириб борилади. Бундай тизим яратилаётгани албатта ёши кексаларга куч, ғайрат ва шижоат бағишлайди, ёшлар билан янада кўпроқ ишлашга ундайди.
Қарордан кўзланган асосий мақсад ҳам нуронийлар тажрибасидан унумли фойдаланиш, уларнинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини ёшлардаги ғайрат-шижоат билан бирлаштириб, амалий натижалар ва кўзланган марраларга етишдан иборат.
Биз партия фаоллари ва партиямиздан сайланган барча даражадаги депутатлар партиямиз электорати ҳисобланган нуронийлар, пенсионерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз, бу борада қабул қилинган ҳар қандай ҳужжат ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатишимиз, шунингдек, "Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда фаол иштирок этишимиз муҳим ҳисобланади.
Зеро, биз ҳар бир ишда катталар маслагига таянадиган, кичик бир оилавий зиёфатдан тортиб, тўйларгача давраларимиз тўрини нуронийларимизсиз тасаввур эта олмайдиган миллат вакилларимиз. Шундай экан, кексаларга бўлган чексиз ҳурматимиз, улар олдидаги битмас-туганмас бурчимиз бизни уларнинг дуосини олишга, уларни рози қилишга ундайверади. Бунинг яна бир ҳикмати шундаки, фарзандларимиз ҳам ўз-ўзидан бу анъананинг давомчиларига айланиб, кексалар дуосининг олтиндан қиммат эканини англаб боришади. Шунинг учун ҳам элимиз, юртимиз кексалар дуоси билан яшнайверади.
Гулшан Асатова,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.