Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди.
Фракция аъзолари Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилишди.
Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш, болалар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш устувор мақсадлардан бири сифатида белгиланган. Бироқ бугунги кунда ҳуқуқни қўллаш амалиётида хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда қатор муаммолар кўзга ташланмоқда.
Ушбу ҳужжат хотин-қизлар ва болаларга нисбатан шилқимлик ҳамда зўравонликнинг олдини олиш, оила институтини мустаҳкамлаш, оилалардаги маънавий-аҳлоқий муҳитни яхшилашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Қонун лойиҳаси билан қатор кодекс ва қонунларга ўзгартиришлар киритилаётган бўлиб, хусусан, Жиноят кодекси жазони кескинлаштирувчи моддалар билан тўлдирилмоқда. 118-моддада Номусга тегиш, яъни зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий алоқа қилиш, аввалгидай 3 йилдан 7 йилгача эмас, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Жисмоний ёки руҳий нуқсонига кўра қаршилик кўрсата олмайдиган шахсга нисбатан ушбу жиноятни содир этиш жиноятчининг имкониятларини анчагина оширишини инобатга олиб, янги оғирлаштирувчи қисм билан тўлдирилмоқда.
Ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлилларига кўра, жинсий алоқада бўлиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш билан боғлиқ ҳолда жинсий алоқа қилишга мажбур этиш натижасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кузатилиб, бундай ҳолатларда айбдор шахслар жазосиз қолиб кетмоқда. Шуни инобатга олиб, Жиноят кодексининг 121-моддаси ҳам янги оғирлаштирувчи қисм билан тўлдирилди.
Депутатлар ыонун лойиҳасини муҳокама қилар экан, унинг ниҳоятда зарурлиги, аёллар ва болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда яна бир муҳим қадам бўлишини таъкидлашди. Хусусан, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган хабарлар таҳлил қилинганда хотин-қизларга иш ва ўқиш жойларида тазйиқ ва зўравонлик ўтказиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани, лекин қонунчиликка мувофиқ ҳимоя ордери берилгандан сўнг жабрланувчи ва тазйиқ ёки зўравонлик ўтказган шахс ўртасидаги алоқа иш ва ўқиш билан боғлиқ муносабатлар туфайли давом этиши, бунинг оқибатида хотин-қизларни қонуний ҳимоя қилиш чекланганлиги аниқланган.
Шу боис «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга иш берувчи ташкилот ёки таълим муассасаси раҳбарининг ўз ташкилотида хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича тегишли чора кўришини белгилаш таклиф этилмоқда. Депутатларнинг фикрича, иш берувчининг зиммасига бундай жавобгарликнинг юклатилиши хотин-қизларнинг иш ва ўқиш жойларида фаоллигини ошириб, уларда тазйиқ ва зўравонликдан қонун даражасида ҳимояланганлик ҳиссини уйғотади.
“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасида давлат боланинг шахси, уй-жойи дахлсизлигини, хат-хабарлари сир тутилишини таъминлаши ҳамда болани эксплуатациядан ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиши белгиланмоқда.
Қонун лойиҳаси бўйича мунозаралар анчагина тортишувли кечди. Қонуннинг қабул қилиниши барча тоифадаги фуқаролар ҳаётига таъсир этиши инобатга олиниб, депутатлар ҳар бир ўзгартиш ва қўшимчани атрофлича муҳокама қилдилар. Таклиф ва тавсиялар асосида қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.