Бугун Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши мажлислар залида Янгиланаётган Конституция мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Унда партия фракцияси аъзолари, Марказий Кенгаш масъул ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашлари раҳбар ва масъул ходимлари, тарғиботчилар гуруҳи аъзолари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирок этди. Мажлисни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова очиб берди. М. Ворисова ўз сўзида Халқ демократик партиясининг асосий ғоялари инсон ҳимояси, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги билан боғлиқлиги туфайли ҳам Конституцияга таклифлар беришда партия катта масъулият билан ёндашганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Йиғилишда ХДП ғоялари мамлакатимиз Бош қомусида акс этишидек тарихий имкониятдан фойдаланилганига урғу берилди. Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Фирдавс Шарипов Конституциявий ислоҳотлар мазмун-моҳияти, янгиланиш зарурияти, Халқ демократик партияси ғоялари амалга ошишининг Конституциявий кафолатлари мустаҳкамланаётгани ҳақида сўзлаб, киритилаётган янги норма ва моддалар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб яшаш эҳтиёжига мос бўлиши кафолатланаётгани, Давлат фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилиши, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши белгиланаётгани, Ногиронлиги бўлган шахслар жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлишига оид кафолатлар алоҳида қайд этилаётганлигига алоҳида тўхталиб, буларнинг барчаси инсон қадрини юксалтириш, одамларнинг ҳаёт, турмуш тарзини яхшилаш мақсадида амалга оширилаётганлигини жойларда, чекка ҳудудларда аҳолига тушунтириш лозимлигига урғу берди.
Семинарда шунингдек, Янгиланаётган Конституцияда Ўзбекистон ижтимоий давлат деб белгиланаётганлиги, халқчил давлат сифатида ўз фуқароларини ижтимоий ҳимоя қилишга катта эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди. Бунда инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизматлар кафолатларини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам кенг ўрин берилган.
Ўқув-семинарида 30 апрель куни бўлиб ўтадиган Референдумга муносиб тайёргарлик кўриш, тарғибот-ташвиқот даврида барча даражадаги партия ташкилотлари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари олдида турган вазифалар белгилаб олинди.