Аҳолига сифатли тиббий хизмат кафолатланади

 

Шаҳрисабз ҳокимлиги мажлислар залида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилором Имомова иштирокида Конституциявий ўзгаришлар юзасидан семинар ташкил этилди.

"Янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистон тараққиётидан келиб чиқаётган ҳаётий зарурат бўлиб, бу иш мамлакат, миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олишимиз учун ғоят аҳамиятли масала, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадам ҳисобланади", — деди Д. Имомова.

Қарши шаҳридаги Нуронийлар масканида Қарши шаҳар “Нуронийлар” Кенгаши ва партиядан халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Нормурод Хамзаев ташаббуси билан вилоят ва Қарши шаҳар кенгашлари ҳамкорлигида фахрийлар, хотин-қизлар ҳамда ёшлар иштирокида “Халқ Конституцияси, халқ танлови” шиори остида тарғибот тадбири ташкил этилди.

Сўзга чиққан Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Олим Равшанов – “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг лойиҳаси мазмун-моҳияти ҳақида иштирокчиларга тушунча берди. Йиғилишда жамият ва давлатнинг барча соҳаларини тубдан ислоҳ қилиш биринчи навбатда мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворни, халқимиз билан бамаслаҳат ҳолда янгиланаётган Конституцияни тақозо этиши таъкидланди.

Ўзбекистон ХДП Китоб туман кенгаши томонидан туман Тиббиёт бирлашмасида “Аҳолига сифатли тиббий хизмат кафолатланади” мавзусида тарғибот тадбири ташкил этилди.

Тадбирда туман партия кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи раҳбари З.Норова сўзга чиқиб, Янгиланаётган Конституцияда ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги, фуқаролар тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақлилиги, давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шаклларини, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларини ривожлантириш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш чораларини кўриши, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратиши хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Тарғибот тадбирида сўзга чиққанлар барчани умумхалқ референдумида фаол иштирок этишга, инсоннинг қадр-қимматини оширишга, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини кафолатлашга хизмат қиладиган халқчил Конституциямиз лойиҳасини, тинчлик ва тараққиёт бардавомлигини қўллаб-қувватлашга чақиришди.

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш