Янги таҳрирдаги Конституцияда таълим масаласига алоҳида устуворлик берилган

 

Маълумки, шу кунларда бутун республикамиз бўйлаб янгиланаётган Конституция тарғиботига бағишланган кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Денов Тадбиркорлик ва педагогика институтида бўлиб ўтди.

Олийгоҳнинг профессор-ўқитувчилари, талабалари ва жамоаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фирдавс Шарипов, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, сиёсий партия раҳбарлари иштирок этган тадбирда янгиланаётган Конституциямизнинг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди.

Таъкидландики, Конституциямизнинг биринчи моддасидаёқ Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинмоқда. Давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар уч баробарга ортмоқда. Ижтимоий давлатга хос ёндашув, таълим ва фан соҳасига оид нормалар эса қарийб икки баробарга ошмоқда. Жумладан, фуқароларнинг олий таълим муассасаларида давлат гранти ҳисобидан ўқиш имконияти белгилаб қўйилмоқда.

Ногиронлиги бор болаларнинг ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун барча шароитлар яратиш, бундай имкониятлар инклюзив таълим сифатида Конституцияга киритилмоқда.

Конституцияда давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти кучайтирилмоқда. Бу қоидалар мамлакатимиздаги 685 мингдан ортиқ устоз-ўқитувчиларнинг профессионал ўсиши ҳамда ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланиши, уларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми, обрўсини янада оширишга хизмат қилади.

Умуман, янгиланаётган Конституциямизда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олинган. Буни инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид қоидалар бир неча каррага ортаётганидан, ўз навбатида давлатнинг ҳам халқ олдидаги мажбуриятлари бир неча бараварга ошаётганидан кўришимиз мумкин.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш