Шу кунларда бутун республикамиз бўйлаб янгиланаётган Конституция кайфияти кезиб юрибди. Турли тадбирлар, катта-кичик давралардаги гурунгларда гувоҳи бўляпмизки, юртдошларимиз кейинги йиллардаги янгиланишлардан мамнун.
Конституция инсон ҳақидаги энг олий ҳужжатдир. Унда инсоннинг бахтли бўлиши учун энг муҳим қоидалар белгилаб қўйилади. Ўйлаб кўрайлик, инсон ўзини бахтли деб билиши учун унга нималар керак? Халқимизнинг хавфсизлиги, таълими, соғлиғи, ўй жойи, меҳнат қилиши ва етарли даромад кафолати. Янгиланаётган Конституцияда мана шуларнинг ҳаммаси мужассам бўлмоқда.
Халқ демократик партияси конституциявий ислоҳотларни дастлабки кунлардан қўллаб-қувватлаган, айни кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида эркин форматларда ранг-баранг тадбирлар ўтказмоқдамиз, фаолларимиз, фракциямиз аъзолари, барча даражадаги депутатлар аҳолининг турли қатлам вакиллари билан мулоқотларда юқори сиёсий фаоллик ва хайрихоҳликка бевосита гувоҳ бўлишмоқда.
Янгиланаётган Конституциямизни ҳаммамиз “Менинг Конституциям” деб айтишга тўлиқ асосимиз бор, деган фикрлар билдирилмоқда. Албатта, бу фикрлар мустаҳкам асосларга эга.
Партиямиз электорати томонидан билдирилган 3 мингдан ортиқ таклифларнинг аксарияти мазмунан янгиланаётган Конституцияда ўз ифодасини топмоқда. Биз мулоқот тадбирларида янги меъёрларнинг аҳамияти, фуқароларнинг фикр ва таклифлари акс этаётгани ҳақида яна бир бор тушунча беришга эътибор қаратмоқдамиз.
Ўтган ҳафта Бухоро шаҳридаги Ёшлар хиёбонида, Навоий шаҳридаги педагогика олийгоҳи ҳовлисида кенг аҳоли қатлами вакиллари билан учрашганимизда, айниқса, ёшларнинг фаоллиги, янгиланишларни ўз ҳаёти мисолида тушунаётгани ҳаммамизни қувонтирди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 42-моддасида ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга экани кафолатланаётгани, 47-моддада эса ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эгалиги белгиланаётгани ҳақида илиқ ва мамнун фикрлар билдирилди.
Халқимиз учун жуда муҳим бўлган масалаларда давлат зиммасига масъулият ва мажбурият юкланаётгани, бу Конституция даражасида кафолатланаётгани партиямиз электоратининг катта ютуғи бўляпти. Бу қоидалар ҳаммамиз учун жуда муҳимдир.
Шу кунга қадар жойларда Халқ демократик партияси ташкилотлари, депутатлар, фаоллар ташкилотчилигида ўтказилган 1000 га яқин асосий тадбирларнинг барчасида аҳоли вакиллари фаол иштирок этди. Учрашувларда доно халқимиз вакилларидан кўп фикрлар, таклиф ва хулосалар оляпмиз. Янги таҳрирдаги Конституцияга қизиқиш, уни ўрганишга иштиёқ катта. Учрашув майдонларида кайфият ҳам кўтаринки.
Асосий қомусимиз одамларимизга куч берадиган, кайфиятини кўтарадиган қомус бўлаяпти, деб ишонч билан айта оламиз. Ишонамизки, янгиланаётган Конституциямиз Янги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий таянчи, халқимиз бирдамлиги ва фаровонлигининг кафолати бўлиб хизмат қилади.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ХДП фракцияси раҳбари.