Хотин-қизлар ва болаларнинг ишончли ҳимоячиси

 

Мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга нисбатан зўравонликларнинг олдини олиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бир қаторда бугунги кунда ҳуқуқни қўллаш амалиётида хотин-қизлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда бир қатор муаммолар ҳам мавжуд бўлиб, хусусан, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларига дахл қилувчи жиноий қилмишлар учун қатъий чоралар белгиланмаган эди. Ушбу турдаги жиноятларни содир этганларга нисбатан ҳолатига қараб озодликдан чеклаш жазоси қўлланарди ёки қамоқ жазоси қўлланилганда ҳам жиноятчи 1 ярим ёки 2 йилда озодликка чиқарди.

Аслида хотин-қизлар ва вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик – бу оғир жиноят. Бу жамиятимизнинг ҳам оғриқли нуқтаси эди десак хато бўлмайди. Куни кеча узоқ кутилган, бундай ҳолатларга қарши муросасиз бўлган, хотин-қизлар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилувчи «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Президент томонидан имзоланди ва кучга кирди.

Қонундаги муҳим янгиликлардан бири - «оилавий (маиший) зўравонлик» яъни хотинига ёки эрига, собиқ хотинига ёхуд собиқ эрига, бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган зўравонлик учун тегишинча маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик чоралари ҳам белгиланган. Илгари бу норма йўқ эди.

Шунингдек, энди жинсий зўравонлик, шу жумладан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари татбиқ этилмайди, бундай жиноятлар учун жазо чоралари янада кучайтирилган. Агар 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий зўравонлик содир этилса, 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Бундан ташқари, хотин-қизларга нисбатан шаҳвоний мазмундаги ҳаракатлар содир этганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланган. Бундай ҳолатлар 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши мумкин.

Шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларга бериладиган ҳимоя ордерининг муддати суд томонидан 1 йилгача узайтирилиши белгиланган. Илгари 30 кун эди, бу муддат оз эди, яъни хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини етарли даражада ҳимоя қилиш имконини бермасди.

Қонунчиликка киритилган асосий ўзгартиришлардан яна бири шундаки, амалдаги қонунчиликка кўра номусга тегиш ҳамда жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш каби жиноятларни квалификация қилишда жабрланувчининг ёши айбдорга аён бўлиши асосий мезонлардан бири бўлган бўлса, эндиликда ушбу қоида бекор қилинмоқда, яъни айбдорнинг жабрланувчи ёшини билмаслиги уни Жиноят кодекси моддаларининг тегишли қисмларида назарда тутилган жавобгарликдан озод қилмайди.

Шу билан бирга, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонликни содир этган шахсларнинг болаларга таълим, тарбия бериш, шунингдек болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланишини тақиқлаш ҳамда бу турдаги жиноятларни содир этган шахсларнинг рўйхатини юритилади.

Тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан қўшимча чекловлар, шу жумладан, муайян жойларга боришни тақиқлаш, жабрланувчи яшайдиган уй-жойдан фойдаланмаслик, жабрланувчининг иш жойига ёки у жойлашган бошқа жойларга яқинлашмаслик каби вақтинчалик чекловлар ҳам ўрнатилмоқда.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ушбу Қонундан кўзланган асосий мақсад хотин-қизлар ва болаларга нисбатан шилқимлик ҳамда зўравонликнинг олдини олиш, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашдан иборат. Ушбу мақсадни рўёбга чиқариш ва кўзланган мақсадга эришиш учун барча давлат органлари, фуқаролик жамиятлари, ОАВ, сиёсий партиялар, депутатлар ва ҳар биримиз мазкур жараёнга қўшилиб, зўравонликка қарши курашишимиз, қонун ижроси устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини тўлиқ ўрнатиб, қонунни зўравонликка қарши курашнинг ягона механизмига айланишига ҳисса қўшишимиз лозим. Чунки Қонун устидан кучли назорат ўрнатилса, у ишлайди ҳамда хотин-қизлар ва болаларнинг ишончли ҳимоячисига айланади.

 

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари,

Республика “Оқила аёллар” ҳаракати аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш