Баркамол ёшлар – буюк келажагимизнинг мустаҳкам пойдевори

 

Мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш масаласи ҳамиша давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келган. Чунки юртимизда ёшлар Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг асосий манбаи сифатида қараляпти. Бугунги йигит ва қизлар ижтимоий жараёнларда фаол иштирок этишга, жамиятдаги маънавий-руҳий вазиятни шакллантиришга қодир бўлган ижтимоий-демографик кучдир. Бироқ ёшлар бундай аҳамиятли ижтимоий вазифаларни бажарадиган қудратга айланиши учун жамиятда, аввало, улар билан ишлашнинг замонавий ва самарали тизими мавжуд бўлмоғи даркор.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 апрель куни ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам ана шу мавзуларга алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 19 миллиондан ортиқ ёки аҳолининг 55 фоизини ташкил қилади. Меҳнат бозорига ҳар йили 600 минг ёшлар кириб келаётган бўлса, келгуси 10 йилда бу рақам 1 миллионга етади. Шу боис ёшларга сифатли таълим бериш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш давлатимизнинг доимий диққат марказида. Бу ишларни маҳаллада ташкил этиш бўйича юрт раҳбарининг ташаббуси ва қарори билан вертикал бошқарув тизими яратилди. 9 минг 500 та маҳаллага фидойи ва ташаббускор ёшлар етакчилари тайинланди. Бу тизим орқали ёшларга 100 дан ортиқ имкониятлар яратилди, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш йўлга қўйилди.

Хусусан, ўтган йилнинг ўзида ёшлар тадбиркорлиги учун 4 триллион сўм кредит берилиб, 150 мингта лойиҳа ишга туширилди, 325 мингта иш ўрни яратилди. 43 минг гектар экин майдони ажратилиб, 435 минг ёшлар бандлиги таъминланди. 32 мингдан зиёд ёшларга субсидия орқали асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари ва компьютер олиб берилди.

Ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам кўп ишлар қилинмоқда. Жумладан, ўтган йили 130 минг талабага 1 триллион 700 миллиард сўм таълим кредити берилди, хотин-қизларнинг магистратурада ўқиши бепул бўлди. 53 минг нафар эҳтиёжманд талабага контракт пуллари, 15 мингдан зиёд ёшларга ҳарбий хизмат ва 13 минг нафарига чет тиллари бўйича имтиҳон харажатлари тўлаб берилди. 81 минг талабага уй-жой ижараси тўлови ажратилди. “Ёшлар дафтари” орқали 300 минг ёшларга қарийб 600 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди. Лекин бу борада долзарб масалалар ҳали ҳам кўп. Бугунги кунда юртимизда 722 минг нафар расман ишсиз ёшлар бор. Бу соҳадаги ишларни янада аниқ ва манзилли ташкил этиш мақсадида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 9 миллион нафар ўғил-қиз алоҳида эътиборга олинди. Бунда биринчи марта 25 та вазирлик ва идора маълумотлари ўзаро уйғунлашган электрон базага жамланди. Барча ёшларнинг ижтимоий аҳволи, қобилияти ва қизиқишлари ўрганилиб, “маҳалладан вазирликкача” тизимида ишлаш чоралари белгилаб олинган.

Йиғилишда, аввало, ишсиз, норасмий секторда банд бўлган ва чет элга ишлагани кетган ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари бу борада кўплаб янги ташаббусларни илгари сурди. Биринчидан, ёшлар бандлигини таъминлаш учун, аввало, ишга қабул қилиш тизимини қайта кўриб чиқиш кераклиги таъкидланди. Мисол учун, ҳозирда 103 мингдан ортиқ ташкилотларда 254 минг бўш иш ўрни бор. Лекин, ўтган йили олий таълимни битирган 6 мингдан ортиқ, коллеж ва техникумни тамомлаган 30 минг нафар йигит-қиз иш топа олмаган. Шу боис энди ҳар бир вазирлик ўз тармоғидаги касбларга малака талабини ўзи белгилайди. Шунингдек, вазирликлар олий ва ўрта махсус таълимга буюртма берибгина қолмай, уларнинг ўқув дастурларини бирга ишлаб чиқади.

Маълумки, 2021 йилда 25 ёшгача бўлган ёшларни ишга олган корхоналарга ижтимоий солиқни қайтариб бериш амалиёти жорий қилинган эди. Ўтган даврда бундан 9 мингдан зиёд корхона фойдаланди ҳамда 100 минг ёшлар бандлиги таъминланди. Давлатимиз раҳбари бу ижобий тажриба муддатини яна икки йилга узайтириш бўйича кўрсатма берди.

Иккинчидан, “Янги Ўзбекистон ёшлари ташаббуслари” жамғармаси ва электрон платформаси ташкил қилиниши белгиланди. Жамғармага 100 миллион доллар йўналтирилиб, бу маблағлар иқтидорли ёшларнинг энг яхши ғоя, стартап ва лойиҳаларига қулай ва енгил шартларда, зарур бўлса фоизсиз ажратилади. IT-парклар бўйича тажрибадан келиб чиқиб, ҳудудларда “Креатив парк”лар ҳам ташкил этилади. Уларга IT-парк резидентларига берилган имтиёз ва енгилликлар қўлланади.

Учинчидан, “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳам кўпроқ касб ўргатишга, бандликни таъминлашга хизмат қилиши кераклиги таъкидланди. Шу боис энди бу жамғарма орқали турдош хизматлардан бир вақтнинг ўзида фойдаланиш имконияти яратилиши белгиланди. Давлат кўмагига муҳтож ёшлар ҳар бир вазир ва унинг ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, ректорлар, Миллий гвардия ва ҳарбий қисм командирларига номма-ном бириктирилди. Улар ўз ҳимоясидаги ўғил-қизларнинг касб-ҳунар ўрганишига, кредит, субсидия ва кафиллик олиш орқали бандлигига кўмаклашади.

Тўртинчидан, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Яқинда 100 мингдан ортиқ ёшлар ўртасида ўтказилган сўровномада улар маҳалласида спорт билан шуғулланишга шароит ҳамда кўнгилочар масканлар етишмаслигини билдирган. Шу боис, биринчи босқичда вилоят марказларида, кейинчалик туманларда кечаю кундуз ишлайдиган ёшлар сайилгоҳлари ташкил этиш вазифаси қўйилди. Уларда спорт, киберспорт ва интеллектуал ўйинлар, китобхонлик, караоке учун шароитлар кўзда тутилади. Шунингдек, ҳар бир туманда “Ёшлар сайли” ва ижод кўчалари, олий ўқув юртларида спорт лигалари, коворкинг ва театр студиялари ташкил қилинади.

Бешинчидан, бугунги кунда 1,5 миллион ёшлар бўш вақтини чет тили ўрганишга бағишламоқда. Уларнинг бу интилишлари рағбатлантирилиб, хусусий марказларда тил ўрганиш харажатларига субсидиялар ажратилади. Мактабларда тўгаракларни жиҳозлаш ва мураббийларни қўллаб-қувватлаш, “Баркамол авлод” болалар марказлари самарадорлигини ошириш бўйича топшириқлар берилди. Ёшлар ўртасида “Касб-ҳунар олимпиадалари” ташкил қилинади.

Олтинчидан, бугунги глобаллашув даврида ёшлар тарбияси ва онгига таҳдидлар тобора кучаймоқда. Афсуски, маънавий тарғиботнинг қамрови ва таъсирчанлиги пастлиги, ёшларнинг қизиқишлари инобатга олинмаётгани бу борадаги ишлар самарадорлигини кучайтиришни тақозо этмоқда. Шу боис Маънавият ва маърифат маркази фаолиятини такомиллаштириш, ёшларни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиб, уларга соғлом фикр берадиган манбаларни кўпайтириш зарур. Умуман, бу соҳадаги давлат сиёсатини самарали ташкил этишга қаратилган “Янги Ўзбекистон ёшлари” дастурини ишлаб чиқиш, қонунчиликни ўзгартириш вазифалари белгиланди. Шундай экан, ёшлар билан ишлаш барча раҳбарларнинг, кенг жамоатчиликнинг, бутун жамиятимизнинг энг устувор вазифаси эканлигини унутмаслигимиз керак.

Умуман, мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга давлат сиёсати даражасида қаралаётгани, давлатимиз раҳбари ўз нутқларида ёшлар бандлигини таъминлаш ҳақида қайта-қайта тўхталаётгани ҳам бежиз эмас. Зеро, ёшлар бизнинг асосий таянчимиз ва суянчимиз. Улар пухта билим ҳамда даромад манбаига эга бўлса, юрт тараққиётига ўз ҳиссасини қўшади, жамият ривожи учун хизмат қилади.

 

Ойбарчин Абдуллаева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш