Аёл - буюк зот, яратганнинг мўъжизасидир. Унда ибо-ҳаё, гўзаллик, фидойилик, матонат ва жасорат мужассам. Ҳаётдаги барча гўзалликлар аёлга бўлган муҳаббат туфайли юзага келган, дейишади. Аёлларга хос ўлмас назокат эркакларга ҳамиша қанот бағишлаб келганлиги рост. Аёл фидойиликни тушунибгина қолмай, ўзини фидо қилишни ҳам билади.
Дунё мамлакатлари қаторида ва халқаро ҳамжамиятда муносиб ўринга эга бўлган Ўзбекистоннинг давлат ва жамият сифатидаги тараққиёти силсиласида аёлнинг ўрни, унинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти алоҳида аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Натижада оилага, аёл зотига бўлган муносабатимиз тобора юксалиб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳаётимизнинг маъно-мазмунига, асосий мақсадига айланди.
Бугунги глобаллашув жараёнида янги авлоднинг ҳар қандай шароитга нисбатан фаол фуқаролик позициясини шакллантириш масаласида хотин-қизларнинг ўрни ва роли ҳар қачонгиданда муҳим. Шу боис ислоҳотларнинг асосий мазмуни ҳам хотин-қизларнинг янги ғоя ва ташаббуслар билан чиқишларини қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, ўзгаришлар ва ижтимоий-сиёсий жараёнларда уларнинг фаол иштирок этишларини таъминлашдан иборат. Зеро, инсон қадрини улуғлаш, аввало, аёлга ҳурмат ва эҳтиром, мўътабар оналаримизни эъзозлаш, мунис опа-сингилларимизни қадрлаш орқали рўёбга чиқади, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Сир эмаски, янги Уйғониш даври, аввало, илм-фаннинг тараққиётига, миллий маънавиятнинг мустаҳкамлигига боғлиқдир. Мазкур ўткир ҳақиқатни чуқур ҳис қилган ҳолда хотин-қизларнинг таълими ва илм-фан билан шуғулланишлари учун давлатимиз томонидан янги имкониятлар яратиб берилмоқда.
Шунингдек, аёлларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокини тўлақонли таъминлаш, уларни ижтимоий-иқтисодий ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлар юртимизда гендер тенгликни ва тенг ҳуқуқлиликни таъминлашдаги ижтимоий адолат намунасидир.
Амалга оширилган ишлар натижасида хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги иштироки сезиларли даражада ортди, ушбу кўрсаткич 33 фоизга етди. Жумладан, аёлларнинг раҳбарлик лавозимларидаги улуши 27 фоизни ташкил этди. 81 та вазирлик ва идорада 15 мингдан ортиқ илғор ва ўқимишли аёллардан кадрлар захираси шакллантирилди.
Аёлларга эътибор чинакам давлат сиёсати даражасига кўтарилди: унинг ҳуқуқий ва институционал асослари тубдан такомиллаштирилди.
Ўзбекистон хотин-қизларни камситишнинг турли шаклларидан ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий ҳимоя қилишни кўзда тутувчи барча асосий халқаро шартномаларга қўшилган. Соҳада 25 та қонун ҳужжати қабул қилинган. «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар тўғрисида»ги, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг репродуктив саломатлиги тўғрисида»ги, «Оила кодексининг 15-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар ҳамда янгидан қабул қилинган ва бугунги кунда кучга кирган Меҳнат кодекси ана шулар жумласидандир.
Мамлакатимизда аёл қадрини юксалтириш борасида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар, албатта, бу борада ҳуқуқий асослар яратилганлиги ва мунтазам такомиллаштириб борилаётганлиги билан ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳасининг 58-моддасида «Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди» деб белгиланганлиги мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги ролини ошириш борасидаги тизимли ислоҳотлар учун бош ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишини таъминлайди.
Жамият ва давлат ҳаётида хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан биридир. Халқ фаровонлиги, жамият тинчлиги ҳамда иқтисодий барқарорликда эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилиги муҳим ўрин тутишини эътиборга олсак гендер тенгликни таъминлаш вазифасини давлат зиммасига юклатилиши барқарор ривожланишнинг зарур талабидир. Жамият ва давлат ишларини бошқаришда гендер тенгликнинг таъминланиши хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, қонунлар ва турли қарорлар қабул қилинишида иштирокини янада кенгайтириш имкониятини беради.
Мухтасар айтганда, жамиятда аёл қадр-қиммати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида давлат бош ислоҳотчи сифатида намоён бўлмоқда. Зотан, жамиятда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этиш, давлат ва жамият муносабатларида аёлларнинг ўрни ва ролини янада ошириш, уларнинг сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий соҳаларда манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс авлодини шакллантиришнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.
Дилбархон Мамажонова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.