Юнон олими Аристотель “Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади”, деганида ҳақ эди. Бу фикрни тарих саҳифалари доим исботлаб келган. Бизнинг заминдан қўр олган Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳосиласи ҳам тарбия ва таълим уйғунлигида етилгани тобора равшанлашиб бормоқда. Бу ҳақда сўз борганда, аввало, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг узоқ йиллар “мудроқ таълим исканжаси”да яшаб келган устоз ва мураббийлар, ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қарата бошлагани, уйғоқ фикрни тарбиялаш йўлидаги жонкуярлиги кўз олдимизга келади. Бугун биз давлатимиз тараққиётида Учинчи Ренессансга асос солиш йўлидамиз. Бугун биз эришаётган барча натижалар замирида билим, илм-фан, капитални тўғри йўналтириш санъати бўй кўрсатмоқда.
Янги Ўзбекистондаги катта ислоҳотлар бош асоси ҳам шу мақсад учун қурилгани кейинги йилларда тобора ойдинлашиб бормоқда. Бу аввало, ёшлар сиёсатида ўз аксини топмоқда. Жумладан, мамлакатимизда ёшлар таълим тарбияси, ҳуқуқ ва манфаатларига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Юртимизда таълим, илм-фаннинг барча соҳаларига эътибор ва замонавий ислоҳотлар, ёшларнинг билими, иқтидорини ривожлантириш мақсадида мутлақо янги шакл ва мазмунда барпо этилган Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар тизими, барча вилоятларда яратилаётган Ёшлар технопарклари ва бизнесакселераторлари, ёшлар учун ташкил этилаётган турли танловларни бунинг исботи, дея оламиз.
Бугунги янги Ўзбекистон юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий позицияга эга ёшлар мамлакатига, ундаги ёшлар эса, мамлакатнинг эртанги тараққиётида тобора ҳал қилувчи кучга айланиб боряпти.
Мамлакат раҳбари шу сабабдан ҳам “Бугун ҳеч бир соҳа йўқки, ёшлар муваффақиятга эришмаётган бўлса. Ёшларнинг йўлини очиб берсак, уларга елкадош бўлсак, янада улкан натижаларга эришамиз. Менинг энг катта ишонган кучим, давлатимизнинг энг катта бойлиги — бу ёшлар”, деб таъкидлади. Шу боисдан, ватанимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек улуғвор мақсад вазифа қилиб қўйилган экан, бугунимиздан Хоразмийлари, Берунийлари ва Мирзо Улуғбеклари етишиб чиқишига шубҳа йўқ. Зеро, давлатимиз раҳбари бошчилигида яхши ниятлар билан катта марраларни белгилаб олганмиз.
Таҳликали замонда яшаяпмиз. Дунё кўздаги ёш каби қалқиб турибди. Олис ва яқин мамлакатларда оналар фарзанди очликдан ўлмасин учун азиз жонини сотмоқда, оталар болаларига бир бурда емак топиш илинжида ўзини ўтга ҳам, чўққа ҳам урмоқда, уларнинг кўксида зардоб қайнаяпти. Янги Ўзбекистонда эса ёшлар давлат ҳимоясида. Ўзбекистон ёшлар мамлакати. Янгиланаётган Конституциямизда ёшлар масаласи алоҳида боб даражасига олиб чиқилиши Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати устувор эканлигига яққол ишорадир. Конституциявий ислоҳотлар жараёнида ёшлар ҳам фаол иштирок этди. «Менинг давлатим», «менинг Конституциям», деган нуқтаи-назардан таклифлар беришди.Таклифларнинг 60 фоизи айнан ёшлардан келиб тушгани бунга яққол далилдир. Зеро, бугунги ёшлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билади, мамлакат ҳаётига, келажагига бефарқ эмас.
Ёшларнинг тақдим этган таклифлари лойиҳада ўз аксини топмоқда. Жумладан, ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириш, уларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан ривожланиши, ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитларни яратиш мажбуриятини давлат ўз зиммасига олиши ёшларга катта мотивациядир. Таъкидлаш жоизки, ўтган давр мобайнида ёшларни қўллаб-қувватлашга оид кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Қонунлар ва қонуности ҳужжатлари ўзгарувчан хусусиятга эга. Биргина Конституция узоқ муддатли, барқарор ҳужжат ҳисобланади. Шу боис ҳам ўтган даврдаги янгилик ва енгилликларнинг Бош қомусимизда мустаҳкамланаётгани алоҳида эътиборга молик.
Конституциявий қонун лойиҳаси билан давлат эндиликда нафақат умумий ўрта таълим балки бошланғич профессионал таълим олишни ҳам бепул бўлишини кафолатлайди. Энг муҳим янгиликлардан бири, бу – алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбиянинг таъминланиши бўлди. Жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ташкил этилади. Бу норма шундай нуқсонларга эга болаларимизнинг яккаланиб қолмаслиги, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланиши ва камол топиши учун жуда муҳимдир.
Янгиланаётган Конституцияга мувофиқ, фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли эканлиги аниқ белгилаб қўйилмоқда. 2017 йилга қадар олий таълим муассасаларида грант ўринлари сони фақат қисқариб келди. Сўнгги беш йил ичида, аксинча грантларни кўпайтириш йўлидан борилди. Хусусан, ўтган даврда олий таълимга ажратилган давлат грантлари сони 75 фоизга ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сони икки бараварга оширилди, шунингдек, нодавлат олий таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлашга давлат гранти ажратиш амалиёти йўлга қўйилди. Мазкур конституциявий қоиданинг белгиланиши бу борадаги ижобий йўналиш доимо сақлаб қолинишини, давлат олий таълим муассасаларида грант ўринлари йўқолмаслигини таъминлашга хизмат қилади. Конституциявий қонунга мувофиқ, олий таълим ташкилотларига академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқи берилмоқда. Олий таълим тизими билан боғлиқ масалаларнинг Конституция даражасида белгиланаётгани олий таълим жараёнига ташқи аралашувларни чеклаш, олий таълим сифати ва дунёда рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, давлат ва жамият ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий ва маънавий меросидан фахрланиш, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади. Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради, ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши, уларнинг таълим олиш, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.
Демак, янгиланаётган Конституциянинг ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор нормаларини ҳар томонлама таҳлил қилган ҳолда Бош қомусимизни “Ёшлар Конституцияси” дея эътироф этишга ҳам барча асосларимиз бор. Шунинг учун мамлакатимиздаги барча ёшларни 30 апрель куни ўтказиладиган референдумда фаол иштирок этишга чақираман.
Жаҳонгир Кабиржонов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси,
Ўзбекистон ХДП фракцияси ижрочи котиби.