Қонун лойиҳасига шарҳ
Инсон ўзи хоҳлаган касб ёки соҳада эмин-эркин меҳнат қилиши, ўз меҳнатига яраша муносиб ҳақ олиши унинг ҳаётда, жамиятда ўз ўрнига эга бўлишига замин бўлади. Бугунги кунда юртимизда фуқароларнинг турли соҳаларда, қулай шарт-шароитларда фаолият кўрсатиши учун барча шароитлар яратилган. Ҳар бир инсон қулай меҳнат шароитларида ишлаб, ишига яраша муносиб маош олишга ҳақли.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда акс этаётган кўплаб янги норма ва қоидалар қаторида меҳнат ҳуқуқларига оид қоидалар ҳам талайгина. Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ҳасанова қуйидагиларни таъкидлади:
– Қарийб 65 фоизга янгиланаётган Конституциямизда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, инсон қадр-қиммати устуворлик касб этаётир. Жумладан, юртдошларимизнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатига оид нормалар бир нечта моддаларда ўз ифодасини топмоқда. Зеро, инсоннинг меҳнати қадрланиши, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши инсонийлик намунасидир.
Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш ҳамда энг кам ойлик маошидан паст бўлмаган миқдорда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда. Дарҳақиқат, ҳар бир инсоннинг аввало, қулай меҳнат шароитларида фаолият кўрсатиб, муносиб ҳақ олиши унинг қадр-қимматини белгилайди. Агар ишига яраша маош олмаса, ҳар қандай инсон ўзини топталгандай, қадрсизлангандай ҳис этади. Шундай экан, биринчи ўринда меҳнатга яраша ҳақ олиш ҳар бир меҳнаткашнинг қонуний ҳуқуқидир.
Бундан ташқари, Бош қомусимиз лойиҳасида ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги учун аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг ойлик маошини камайтириш тақиқланиши мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Ҳаётимизда бу борадаги ҳолатлар ҳақида кўп бор эшитиб қоламиз: айрим корхона ёки ташкилотлар раҳбарлари иш сўраб келган аёлларнинг ҳомиладорлигини ёхуд ёш боласи борлигини эшитса, уни ишга қабул қилгиси келмайди. Баъзан эса ишлаб турган аёл ҳомиладор бўлиб қолса, уни қандайдир йўллар билан ишдан бўшатиш пайига тушади. Эндиликда, бу каби ҳолатларга Конституциявий даражада барҳам берилади, аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари тўла кафолатланади.
Шунингдек, Конституциявий қонун лойиҳасида ёлланиб ишловчиларга ҳар йилги ҳақ тўланадиган меҳнат таътилидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланиши ҳам ўз аксини топган.
Яна шуни таъкидлаш жоизки, кўп йиллар давомида муаммо бўлиб келган мажбурий меҳнат масаласига ҳам алоҳида ўрин берилган. Жумладан, суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланиши, шу жумладан болалар меҳнатининг ҳар қандай шакллари тақиқланиши мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Бир сўз билан айтганда, янги таҳрирдаги Конституциямизда меҳнат ҳуқуқларининг кафолатлари белгилаб қўйилаётгани инсон қадрини улуғлаш борасидаги давлат сиёсатига мос ва хосдир, – дейди Мавжуда Ҳасанова.
Дарҳақиқат, ҳар бир инсоннинг ўз касб-коридан, олаётган маошидан кўнгли тўлиб ишлаши, турли ноҳақликлардан ҳоли тарзда фаолият кўрсатиши унинг ҳаётдан мамнун бўлиб яшашига хизмат қилади. Ўзи ва меҳнати қадрланган инсон эса ҳамиша кўтаринки кайфиятда, янада руҳланиб, унумли ишлайди.
Муҳтарама Комилова,