Сурхондарёликлар тинчликсевар ташқи сиёсатни қўллаб-қувватлайди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси “Менинг Конституциям” шиори остидаги Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш ва аҳолини референдумда фаол иштирок этишга ундайдиган сиёсий маърифат тадбирларини давом эттирмоқда. Ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси Сурхондарё вилояти Термиз иқтисодиёт ва сервиз университет ҳиёбонида бўлиб ўтди.

Партия Марказий Кенгаши раҳбарияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига партиядан сайланган депутатлар, жамоатчилик фаоллари, турли соҳа вакиллари, қонунчилик соҳаси мутахассислари иштирокида кечган тадбир юзлаб сурхондарёликларни бир ерга жамлади.

Жанубдан Амударё бўйлаб Афғонистон, шимол-шарқдан Тожикистон, жануб-ғарбдан Туркманистон каби давлатлар билан чегарадош Сурхон воҳасида кейинги йилларда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қатор йирик лойиҳаларни амалга ошириш натижасида аҳоли турмуш тарзи кундан-кунга яхшиланиб бормоқда. Фаровонлик томон қўйилган яна бир қадам - янги таҳрирдаги Конституция меҳнаткаш, самимий Сурхон элини бефарқ қолдирмаяпти.

Кўтаринки кайфиятда ўтган тадбирда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Фирдавс Шарипов сўзга чиқиб, Ўзбекистон ижтимоий давлат, деб белгилангани, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид нормалар сони оширилгани фуқароларнинг янада фаровон ҳаёт кечиришига хизмат қилишини таъкидлади.

Конституциявий қонун лойиҳасининг муқаддимасида Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти, энг аввало, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларини ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосида мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни, кўп миллатли жонажон Ўзбекистонимизнинг фаровонлигини ва гуллаб-яшнашини таъминлаш мақсад қилингани эътироф этилган.

Бу 3 та давлат билан чегарадош Сурхондарё эли учун чиндан ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегияcи, умуман, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратади, дейишга тўла асос бор.

Хусусан, 44-моддада мажбурий меҳнат, болаларнинг баркамол ривожланишига салбий таъсир қиладиган ҳар қандай болалар меҳнати тақиқланиши белгилаб қўйиляпти. Мажбурий меҳнатнинг Конституция даражасида тақиқланиши халқимизнинг илмий, маънавий салоҳияти ошишига, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа ривожланишига, ҳаёт сифати яхшиланишига хизмат қилади.

47-модда билан илк бор ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланаётган бўлса, 48-моддада ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Байрамона муҳитда ўтган тадбирда маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳудуддаги фаоллар, ёшлар ҳам сўзга чиқиб, янгиланаётган Конституция чинакам халқ Конституцияси бўлишига, Янги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий таянчи, халқимизнинг бирдамлиги ва фаровонлиги кафолатига айланишига ишонч билдирдилар.

Очиқ осмон остидаги тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш