Боланинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари таъқиқланади

 

Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотига кўра, бугунги кунда 218 миллион нафар бола мажбурий меҳнат қурбонидир. Шундан 89 миллион нафари хавфли ва зарарли ишларда меҳнат қилмоқда.

Мамлакатимизда кейинги йилларда мажбурий меҳнатга қарши кураш борасида улкан ишлар қилинди. Ўзбекистон Халқаро Меҳнат ташкилоти билан фаол ҳамкорлик қилиб, 14 та, жумладан, 8 та асосий конвенцияси, шунингдек, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши курашишга доир конвенциялар ратификация қилинди.

Шу билан бирга, мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам беришнинг қонунчилик асослари кучайтириб борилмоқда. Жумладан, 2018-2021 йилларда тегишли кодекс ва қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, болалар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслик тўғрисидаги талабларни бузиш ҳамда меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш каби хатти-ҳаракатлар учун маъмурий ва жиноят жавобгарлик кучайтирилди.

Хусусан, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги ва Жиноят кодексларида вояга етмаган шахсни меҳнатга бирор-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаган шахс маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланди.

Президентимизнинг кучли сиёсий иродаси туфайли сўнгги йилларда мамлакатимизда болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга батамом барҳам берилди. Мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйилиши ортидан ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкот бекор қилинди. Натижада дунёнинг энг кўзга кўринган уч юздан ортиқ бренди билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имконияти пайдо бўлди.

Эндиликда бу борадаги давлат сиёсатини конституциявий даражада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадамлар ташланаётгани Ўзбекистонда ҳар бир боланинг сифатли таълим олиши, орзу-истаклари рўёбга чиқиб, мурод мақсадига етишидан далолат беради. Агар болаларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва орзу интилишларини рўёбга чиқаришга зарур шароитлар яратилса, уларда олдинга интилиш, ҳаракат бўлади.

Зеро, янгиланаётган Конституциямизнинг 44-моддасида болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, аҳлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланиши белгилаб қўйилмоқда.

Муболағасиз айтиш мумкинки, янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилаётган мазкур норма болалар меҳнатининг оғир шаклларидан ҳимоя қилиш, уларни соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишишлари учун муҳим ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади.

Умуман олганда, болалар меҳнатига қарши курашиш соҳасида эришилган ютуқлар, шубҳасиз, Ўзбекистондаги ислоҳотлар муваффақиятининг муҳим кўрсаткичи бўлиб, мамлакатнинг халқаро нуфузи ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёти суръатлари ўсишига ижобий таъсир ўтказади.

 

Дилбар Мамажонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш