Давлат ёшларни ўз ҳимоясига олмоқда

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси “Менинг Конституциям” шиори остидаги Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш ва аҳолини референдумда фаол иштирок этишга ундайдиган тарғибот тадбирларининг навбатдагиси Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани Булоқбоши ҚФЙдаги 84-мактабида
ташкил этилди.

Партия Марказий Кенгаши раҳбарияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига партиядан сайланган депутатлар, жамоатчилик фаоллари, турли соҳа вакиллари, қонунчилик соҳаси мутахассислари иштирокида кечган тадбир ўз тақдири ва келажагига бефарқ бўлмаган юзлаб жиззахликларни бир ерга жамлади.

Жиззах вилоятида лалмикор деҳқончилик, боғдорчилик, узумчилик ва чорвачилик ривожланган. Ҳудудда кейинги йилларда кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари ишга тушиб, аҳолининг турмуш сифати яхшиланди. Туризм ривожланмоқда. Янги таҳрирдаги Конституция эса фаровонлик томон қўйилган яна бир қадамдир. Меҳнатсевар ва самимий жиззахликлар буни жуда яхши тушунадилар.

Кўтаринки кайфиятда ўтган тадбирда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Фирдавс Шарипов сўзга чиқиб, янги таҳрирдаги Конституцияда давлат фуқароларни иш билан таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек камбағалликни камайтириш чораларини кўришни ўз зиммасига олаётгани, алоҳида бир боб — XIV боб оила, болалар ва ёшлар масаласига бағишлангани, яъни давлат ёшларни ўз ҳимоясига олаётганини таъкидлаб ўтди.

Жумладан, ёшлар ҳуқуқлари акс этаётган алоҳида моддага кўра, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради.

Давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиб бериши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, 44-модда билан мажбурий меҳнат, болаларнинг баркамол ривожланишига салбий таъсир қиладиган ҳар қандай болалар меҳнати тақиқланиши белгилаб қўйиляпти.

Мажбурий меҳнатнинг Конституция даражасида тақиқланиши халқимизнинг илмий, маънавий салоҳияти ошишига, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа ривожланишига, ҳаёт сифати яхшиланишига хизмат қилади.

Байромона муҳитда ўтган тадбирда маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳудуддаги фаоллар, ёшлар ҳам сўзга чиқиб, янгиланаётган Конституция чинакам халқ Конституцияси бўлишига, Янги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий таянчи, халқимизнинг бирдамлиги ва фаровонлиги кафолатига айланишига ишонч билдирдилар.

 

ЎзХДП Ахборот хизмати

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш