1 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партияларнинг фракцияларида бир нечта қонун лойиҳалари муҳокама этилди.
Улардан бири “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Қорақалпоғистон Республикасида инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.
Кейинги йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, унинг иқтисодиётини эркинлаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда у ерда инвестициявий жозибадорликни ошириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва ёшлар бандлигини таъминлаш орқали Қорақалпоғистон Республикасининг иқтисодий салоҳиятини янада ошириш мақсад қилинган. Мазкур қонун лойиҳаси ҳам том маънода юқоридаги мақсадга йўналтирилган.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари 2023 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда фойда солиғини, айланмадан олинадиган солиқни, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоизга камайтирилган солиқ ставкалари бўйича вақтинчалик солиқ имтиёзлари билан тўлайди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув жараёнига жалб этиладиган чет эл мутахассислари (ўқитувчилари) 2022 йил 1 октябрдан 2027 йил 1 октябрга қадар бўлган даврда консуллик йиғимини тўлашдан озод қилиш каби яна қатор имтиёзлар назарда тутилган.
Депутатлар қонун лойиҳасининг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти юқори эканини алоҳида таъкидлаб, қонун лойиҳасини бир овоздан қўллаб-қувватлашди.
Йиғилишда муҳокама этилган масалалар орасида энг долзарбларидан бири “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасидир.
Дунёнинг энг ривожланган давлатларида ҳамма учун ҳам фахр, ҳам ғурур бўлган касб бу педагогликдир. Мамлакатимизда ҳам педагог касбининг аҳамияти ва нуфузини ошириш, уларнинг моддий турмуш шароитларини яхшилашга йўналтирилган чора-тадбирлар изчиллик билан амалга ошириб келинмоқда.
Шуларга мувофиқ тарзда педагог ходимнинг жамиятдаги мақомини юксалтириш, уларнинг фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш қонун лойиҳасидан кўзланган асосий мақсад ҳисобланади.
Қонун лойиҳаси билан қуйидагилар таклиф этилмоқда:
педагог ходимни лавозим мажбурияти ва касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилишни тақиқлаш;
давлат таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагог ходимларнинг давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида мажбурий тиббий кўрикдан бепул ўтиши;
педагог ходимнинг касбий фаолияти давомида юқумли касалликларга қарши бепул профилактик эмлаш давлат томонидан таъминланиши;
эллик олти иш кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган узайтирилган таътил бериш каби бир-биридан муҳим бўлган меъёрлар назарда тутилмоқда.
Фракция аъзолари педагогларнинг мақоми ошиши, ҳуқуқий ҳимояси мустаҳкамланиши Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадларига хизмат қилиши, қонун лойиҳаси жамиятда янгича муҳит шаклланишига асос бўлишини таъкидлашди.
Йиғилишда Халқ демократик партияси фракциясининг бир гуруҳ аъзолари томонидан қонун ташаббускорлиги ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 208-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама этилди.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига тегишли қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақидадир.
Хусусан, Меҳнат кодексининг 208-моддасига қўшимча равишда ўз сафларида 5,5 миллиондан зиёд ходимларни бирлаштирган энг йирик жамоат ташкилоти ҳисобланадиган касаба уюшмалари куни сифатида белгилашга қаратилган ўзгартиш киритиш назарда тутилмоқда.
Хусусан, 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни ишланмайдиган байрам куни сифатида кодексда белгилаб қўйилиши кутилмоқда.
Фракция аъзолари қонун лойиҳаси ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдириб, қўллаб-қувватлашларини маълум қилишди.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати