Мустаҳкам ижтимоий бирдамлик

 

Авваламбор, 2023 йил 30 апрелда Ўзбекистон Республикаси Референдумида фаол иштирок этган ва ўз фуқаролик бурчларини сидқидилдан бажарган барча фуқаролар, айниқса, ёшлар, аёллар, муҳтарам нуроний отахон ва онахонларимизга, партиямиз аъзоларига самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз!

Мазкур референдум инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги ислоҳотлар давомийлигини таъминлаш, Янги Ўзбекистонни бунёд этишда тарихий аҳамиятга эга бўлади.

Зеро, халқ ҳокимиятини мустаҳкамлаш, давлат бошқарувини янада демократлаштириш, фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, давлат органларининг халқ билан бевосита мулоқот асосида фаолият юритишини кафолатлаш ҳаётий заруратга айланган эди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Конституциявий ислоҳотлар ташаббусини қўллаб-қувватлади. Бунинг учун мустаҳкам асосларимиз ва аниқ сиёсий мақсадларимиз ҳам бор эди.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик ва демократия мезонларига мос келадиган ижтимоий демократик давлат барпо этиш ҳақидаги бош дастурий мақсади Конституциямизни такомиллаштиришнинг устувор йўналишларига ҳар томонлама мос келади.

Конституциявий ислоҳотларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги аҳолининг, биринчи навбатда, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича кафолатларни мустаҳкамлайди. Бу партиямизни конституциявий ислоҳотларни амалга оширишнинг барча жараёнларида фаол иштирок этишга ундади.

Бутун республикамиздаги партиямиз фаоллари, депутатлар ва электорат вакилларидан олинган 3 мингдан ортиқ таклифларнинг аксарияти мазмунан янгиланаётган Конституцияда ўз ифодасини топишига эришдик.

Шу билан бирга, Бош қомусимизда акс этмаган ғоя ва таклифларимиз бўйича депутатлик корпуси орқали амалий саъй-ҳаракатларни давом эттирамиз.

Конституциявий қонун лойиҳасида Ўзбекистон ижтимоий давлат экани қатъий белгилаб қўйилгани партиямизнинг бош дастурий мақсадларига мувофиқдир.

Электоратимиз ҳуқуқ ва манфаатлари бир қатор моддаларда аниқ ифода этилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Хусусан, Конституциямизнинг 42-моддасида ҳар ким меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эга экани кафолатланди.

43-моддада давлат фуқароларни ишсизликдан ҳимоялаш, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат ҳисобидан олишга ҳақли экани 48-модда билан кафолатланди.

Умуман, давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар 3 баробарга ошди. Бу янги Конституциямиз халқимизга, партиямиз электоратига янада фойдали бўлишини англатади.

Партиямизнинг 1200 нафардан ортиқ тарғибот гуруҳлари аъзолари, 1600 нафарга яқин депутатлари, 10 мингга яқин бошланғич ташкилоти, 300 мингга яқин фаол аёллар ва ёшлар қаноти аъзолари иштирокида республикамизнинг барча ҳудудларида Конституциявий ислоҳотларга бағишланган муҳим сиёсий-ҳуқуқий тадбирлар ўтказилди.

Референдум билан боғлиқ жараёнлар халқимизнинг сиёсий жараёнларга, мамлакатимиз тақдири ва келажагига дахлдорлиги ҳар қачонгидан ошганлиги, ижтимоий бирдамлик туйғуси кучайганини ҳам кўрсатди.

Фуқароларнинг фундаментал ҳуқуқларидан фойдаланиши билан боғлиқ жараёнларда халқаро нормаларга, миллий қонунчилигимизга қатъий амал қилиниши Халқ демократик партияси учун принципиал аҳамиятга эгадир.

Шунинг учун барча референдум ўтказувчи участкаларда партиямизнинг 10 мингдан ортиқ кузатувчилари фаолият олиб борди. Партиямизнинг кузатув натижаларига кўра, референдум жараёнида айрим ташкилий масалаларда камчиликлар кўзга ташланди. Лекин фуқароларнинг устувор ҳуқуқи – сиёсий хоҳиш-иродасини билдиришига монелик қиладиган, халқаро ва миллий қонунчилик талаблари қўпол тарзда бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида маълумотлар келиб тушмади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси умумхалқ референдуми умумэътироф этилган демократик тамойилларга мос равишда, қўллаб-қувватлов руҳида ўтганини таъкидлайди.

Халқ демократик партияси референдум натижаларини халқимиз сиёсий иродасининг олий ифодаси, деб билади.

Шунингдек, Конституциямизда белгиланган янги меъёрлар ҳаётимизда акс этиши, халқимиз, электоратимиз ҳуқуқ ва манфаатларига хизмат қилиши учун, шунингдек, Конституциявий қонун лойиҳасига кирмай қолган масалалар бўйича қонунчиликни такомиллаштириш учун партиямиз парламент ва маҳаллий Кенгашларда ўзининг сиёсий фаолиятини изчил давом эттиради.

Ишонамизки, янгиланган Конституциямиз Янги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий таянчи, халқимиз бирдамлиги ва фаровонлиги кафолати бўлиб хизмат қилади.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Марказий Кенгаши раиси.

«Ўзбекистон овози», 3.05.2022, №16

 

 

 

Теглар

Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш