Хотира ҳамиша муқаддас, қадр азиздир
Инсон, миллат ва халқ тарихий хотира туйғуси билан барҳаётдир. Хотира- кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи-муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради.
Қадр инсонни юксакликка кўтаради, унинг фаолиятига, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олижаноблик бағишлайди.
Букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, ўз ҳаётини азиз Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадриятдир. 9 майни Хотира ва Қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди.
Хотира ва Қадрлаш куни чинакам миллий-умумхалқ байрамига айланди. Бу байрамда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотираланади, Афғонистон урушида ҳалок бўлганлар руҳи ёдга олинади. Мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтирилади.
Инсон бор экан, хотира муқаддас. Ҳеч ким, ҳеч нарса эсдан чиқмайди. Халқ бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшган ҳеч бир кишини хотирасидан чиқармайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида алоҳида таъкидланганидек, “Бутун дунёда миллионлаб инсонлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган II жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли, қонли қирғин бўлганлиги бугун барчамизга маълум. Ушбу бешафқат уруш миллионлар инсонларнинг ёстиғини қурутди, жанглардан қайтганлари ҳам бутун умр уруш даҳшатлари ёди билан яшаб ўтганликларини халқимиз асло ёдидан чиқармайди”.
Кунлар кунларни, йиллар йилларни қувиб, бу кўҳна чархи фалак шу сирли коинот яралганидан бери айлангани айланган. Инсоннинг абадий-боқий эмаслиги онгимизда хотира деган тушунчани пайдо қилган бўлса, ажаб эмас. Негаки, хотирагина ўтганларни эслаш, бугунни кечанинг ёди билан тўлдириш, яъни уни янада бойитиш имконини беради. Хотира-одамларнинг вафотидан кейин ҳам бу дунёда яшаши учун имкон берадиган бирдан-бир макондир. Тириклар хотирасида яшашга интилиш илинжи кишини тарбиялайди. Уни эзгуликларга, кишиларнинг бирор бир корига яраб қолишга, умрни зое кетказмасликка ундайди. Халқ ҳеч қачон яхши фарзандларини эсдан чиқармайди. Халқнинг хотирасиз яшаши асло мумкин эмас. Бу ҳар қандай кишини маънан рағбатлантиради, уни яшашга, яратишга, элу-юртга садоқат ва қатъият билан хизмат қилишга ундайди.
Зеро, хотира ҳамиша муқаддас, қадр азиздир.
Дилбар Мамаджанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.