Улкан масъулиятли жараён

 

Мамлакатимизда бўлиб ўтган референдумда фуқароларимиз нафақат Конституциямизнинг янги таҳририни қабул қилишди, балки ўзларининг фаол фуқаролик позициясини ва юксак сиёсий салоҳиятини намоён этиб, келажакда қандай давлатда яшаш истакларини намоён этдилар.

Халқимиз қабул қилган Конституцияда Ўзбекистон ўзини “ижтимоий давлат”, деб эълон қилди. Янгиланган Конституцияга мувофиқ, давлатнинг ижтимоий мажбуриятлари 3 баробар кўпайтирилаётгани биринчи навбатда партиямиз электорати бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг устувор ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Кейинги йилларда яратилган ижтимоий ҳимоя тизими кафолатларининг Конституция даражасида мустаҳкамланишини халқимиз тарихий ютуқ, деб қабул қилинганини ҳудудларда, маҳаллалардаги учрашувларимизда кўрдик.

Таъкидлаш жоизки, қатъий сиёсий ирода билан бунёд этилган ижтимоий ҳимоя тизими эҳтиёжманд тоифаларнинг ҳаммасини қамраб оляпти. Давлат ҳаммага бир кўз билан қараб ёрдам бермоқда.

Дунёдаги танг ижтимоий-иқтисодий вазиятда фуқароларни ижтимоий ҳимоялаш масаласи катта-катта давлатларда ҳам қийинчиликлар туғдирмоқда. Шундай мураккаб ҳолатда давлатимиз қанчадан-қанча янги боғчалар, ижтимоий объектлар, ҳар йили юз минглаб янги мактаб ўқувчи ўринларини яратиш чоралари кўрилиши ҳақида айтдингиз.

Ҳар қандай вазиятда ҳам фарзандлари келажаги ҳақида қайғурадиган ота-оналаримиз бунинг аҳамияти ва қадрини яхши англаб туришибди.

Конституциянинг муҳим янгилиги шундаки, давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида қонунийлик, ижтимоий адолат ва бирдамлик тамойиллари асосида амалга ошириши белгиланганидир.

Халқ демократик партиясининг асосий ғоялари Конституцияда акс этганлиги партиямизга ҳам улкан масъулият юклайди. Унинг асосида дастурларимизни янгилашимиз ва бойитишимиз керак бўлади.

Партиямиз аъзолари, депутатлар Конституциянинг ҳар бир моддасини ва нормасини ҳаётга тўлақонли татбиқ этилишини таъминлаш мақсадида сидқидилдан меҳнат қилишга тайёр.

Ҳар қандай сайлов – бу сиёсий партиялар учун имконият. Партиялар ўзининг дастурини халқ олдига олиб чиқиш, унинг ҳоҳиш-истакларини билиш, фаоллари ва ўз электоратини кенгайтириш, шу билан бирга, сиёсий платформасини амалга ошириш имкониятига эга бўлади.

Шу асосларга кўра, Халқ демократик партияси муддатидан илгари Президент сайловларини ўтказиш тўғрисидаги қарорни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Қонунчиликка мувофиқ тарзда муҳим сиёсий жараёнга муносиб ҳозирлик кўришини маълум қилади.

 

Улуғбек Иноятов,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси.

«Ўзбекистон овози», 9.05.2022, №17

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш