Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, суд ва ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ҳамда жамоатчилик фаоллари билан референдум якунларига бағишланган учрашувни катта ҳаяжон билан кузатдик. Унда давлатимиз раҳбари референдум якунлари, мамлакатимизнинг яқин келажакдаги тараққиёти ва ривожланиш йўналишлари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Таъкидланганидек, 30 апрель куни ўтказилган референдум мамлакатимиз ҳаётида улкан тарихий воқеа бўлди. Биринчи марта умумхалқ референдуми асосида янгиланган Конституция қабул қилинди.
Референдум халқимизнинг сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқараши нақадар юксалганини амалда кўрсатди. Ушбу тарихий танлов орқали халқимиз бундан олти йил олдин бошлаган ислоҳотларга катта ишонч билан қараб, уларни тўла қўллаб-қувватлашини яна бир бор намоён этди. Зеро, Конституция лойиҳасини муҳокама қилишдан бошлаб то уни қабул қилгунча бўлган даврда ўтказилган умумхалқ муҳокамаларида миллионлаб юртдошларимиз фаол ва муносиб иштирок этди.
Конституциявий ислоҳотлар замирида аввало, юртдошларимизга муносиб ҳаёт даражасини яратиш, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиш, ўлим жазосини тақиқлаш, хусусий мулк ҳуқуқини кафолатлаш, қийноққа солишларни олдини олиш, суд қарорисиз мажбурий ушлаб туришга барҳам бериш, тазйиқлар, таҳқирларга чек қўйиш, тадбиркорликка ғов бўладиган ҳар қандай иллатлар билан муроса қилмаслик каби инсонпарвар мақсадлар мужассамлашган. Энг муҳими, энди ислоҳотларимиз йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз, “инсон – жамият – давлат” деган янги тизим асосида фақат ва фақат олдинга қараб борамиз.
Янгиланган Конституциямизнинг биринчи моддасида Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат деб, қатъий белгилаб қўйилгани тарихий аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан Асосий қонунда муҳрланган бу принциплар – мамлакатимизнинг тараққиёт йўли ва тақдирини, унинг келажагини белгилаб берган ушбу “бешта устун” ҳеч қачон ўзгартирилмайди.
Давлатимиз раҳбари нутқидаги кутилмаган янгилик Президентлик сайловининг муддатидан илгари ўтказилиши борасидаги эълон бўлди. Янгиланган Конституциянинг 128-моддасида мамлакат Президентига берилган ваколатдан фойдаланиб, давлатимиз раҳбари бу ҳақдаги муҳим фармонни имзолади. Савол туғилади. Муҳтарам Президентимиз нима учун қолган уч ярим йиллик Президентлик муддатидан ўз ташаббуси билан воз кечаяпти? Биринчидан, янгиланган Конституциядан кейин давлатимиз раҳбари халқнинг ишонч мандатига яна бир бор эришишни кўзлаяпти. Иккинчидан, Асосий қонунимизга мувофиқ, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгармоқда. Учинчидан, янгиланган Конституциямиз Президент, парламент, ҳукумат, вазирлар, ҳокимлар олдига кечиктириб бўлмайдиган янги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазифаларни қўймоқда. Тўртинчидан, халқимиз давлатдан барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ўзгариш ва ислоҳотларни кутмоқда. Тўртинчидан, давлат ва халқ манфаатлари Президент Шавкат Мирзиёев учун ҳаммасидан устун турган. Шунинг учун ўз ваколати муддатини қисқартириб, муддатидан илгари сайлов ўтказишга қарор қилди, деб ўйлайман.
Асосий қонунимизда халқ – давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи, деб бежиз ёзилмаган. Шу нуқтаи назардан, янгиланган давлат ҳокимияти тизимида халқимиз ишончи муҳим ўрин тутади. Бусиз янги Ўзбекистонни қуришдек ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш имконсиз. Демакки, Конституциямизнинг янги таҳрири ва навбатдан ташқари сайловлар жамиятимизда сиёсий барқарорликни мустаҳкамлашга, очиқлик ва шаффофликни, халқнинг ҳокимият идораларига нисбатан ишончини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Ушбу сайловлар бутун сиёсий тизимни тубдан «қайта юклаш»га олиб келадиган сайлов циклини бошлайди. Бу барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, фуқаролар фаровонлиги ва турмуш сифатини ошириш бўйича узоқ муддатли вазифаларни ҳал этишга эътиборимизни янада кучайтириш имконини беради. Давлатимиз раҳбари айтганларидек, сайлов адолатли, очиқ, маҳаллий ва халқаро кузатувчиларнинг кенг иштирокида ўтказилади.
Дилором Имомова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.