Давлат дастури ижроси бўйича масъулиятни кучайтириш зарур

 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2023 йил I чорак якуни тўғрисидаги хукумат ҳисоботини муҳокама қилди.

Аввало, Президентимиз белгилаб берган вазифалар асосида ҳукумат томонидан барча йўналишларда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида эътироф этилди. Таъкидлаш лозимки, ҳукумат томонидан Давлат дастурини ижросида, Халқ демократик партиясининг электорати учун муҳим аҳамиятга эга бўлган — Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш йўналишларида эътирофга лойиқ ишлар амалга оширилган.

Ҳисоботда келтирилишича, ўтган давр мобайнида давлат бюджети жами харажатлари 47,3 трлн сўмни, шундан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган ҳаражатлар 18,1 трлн сўмни ташкил қилди. Ушбу сарфланган харажатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,3 фоизга ошган. Республика бўйича оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган 78 мингга яқин ишсиз хотин-қизларнинг манзилли рўйхати шакллантирилди. Уларни касб-ҳунарга ўқитиш чоралари кўрилмоқда. Аёллар дафтарига киритилган 1 млн 680 минг хотин-қизнинг 225 мингдан зиёдига тоифаларга ажратилган ҳолда ёрдам кўрсатилган.

Репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мақсадида 46 та туманлараро перинатал марказларни тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш бўйича тегишли шартномалар имзоланган.

Аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи умуммиллий ҳаракатини амалга ошириш дастури тасдиқланди. Унга биноан аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши йўлга қўйилди.

Йиғилишда ҳукумат келгусида айрим масалаларга алоҳида эътибор қаратиши зарурлиги таъкидланди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида 59 та топшириқнинг ижросини таъминлаш белгиланган, ҳисобот даврида улардан 53 таси бажарилган. Жорий йилнинг биринчи чорагида бажарилиши лозим бўлган 6 та банднинг ижроси юзасидан тегишли ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқиш билан чекланилган. Ҳукумат Давлат дастурида белгиланган ушбу вазифалар ижросини ўз вақтида таъминланишига алоҳида эътибор қаратиши лозимлиги қайд этилди.

Давлат дастурида жорий йилнинг апрель-май ойида ижроси таъминланиши белгиланган, Халқ демократик партияси электорати учун муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масалаларга алоҳида этибор қаратиши зарурлиги таъкидланди.

Жумладан, Давлат дастурнинг 264-бандида муддати апрель ойига белгиланган аҳолининг камбағаллик ҳолатидан чиқиши учун мотивация бериш, тақдим этиладиган молиявий ва номолиявий ёрдам ҳамда хизматларнинг натижадорлигини ошириш, шунингдек, томонларнинг мажбуриятларини белгилаш мақсадида “ижтимоий шартнома” механизмини амалиётга жорий этиш;

146-бандидаги ишсиз ва иш қидираётган шахсларнинг 160 минг нафарини талабгор касбларга ўқитиш ҳамда улардан камида 5 минг нафарининг касбий малака даражаси тасдиқлаш ва уларга малака паспортларини тақдим этиш;

177-банддаги реабилитация марказларида ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация чоралари билан қамраб олиш кўламини 5 бараварга ошириш;

Дастурнинг 16-бандида кўрсатилган талабаларни ётоқхонага онлайн жойлашиш имкониятларини берувчи, Давлат хизматлари маркази ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган бепул электрон хизматни жорий этиш каби масалалар ижросига алоҳида эътиборни кучайтириш зарурлигига алоҳида урғу берилди.

Фикр-мулоҳаза, савол-жавоб ҳамда таклифлар асосида Халқ демократик партияси фракцияси ҳукумат ҳисоботини қўллаб-қувватлади.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш