Камбағалликни камайтиришнинг энг муҳим йўлларидан бири бу тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш

 

Ўзбекистонда камбағаллик муаммосини ҳал этиш ижтимоий сиёсатда алоҳида ўрин эгаллайди, унга қарши фаол кураш 2020 йилда, мамлакатимиз ушбу ҳолатни расман тан олган пайтда бошланган эди. Шундан бери аҳолининг эҳтиёжманд қатламини манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида маълумотлар базалари шакллантирилди.

2021 йилдан бошлаб кам таъминланганларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритиш орқали ҳисобга олиш механизми жорий этилган. 2017 йилда кам таъминланган 500 минг оилага ижтимоий ёрдам кўрсатилган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 2,3 миллиондан зиёдни ташкил қилмоқда. Ажратилаётган маблағлар ҳажми етти баравар оширилиб, йилига 13 триллион сўм (1,1 млрд. доллар)га етди.

Мамлакатимиз Президентининг ўтган йил 20 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуриш, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар яратиш ва камбағалликни қисқартириш мақсад қилинган. Шундан келиб чиқиб, ижтимоий соҳага давлат харажатларини ошириш вазифаси қўйилди. Хусусан, 2018 йилда улар 35 трлн., 2019 йилда 61,3 трлн., 2020 йилда 74,2 трлн., 2021 йилда 85,3 трлн. сўмни ташкил этган. 2022 йилда эса 105,5 трлн. сўм йўналтирилган.

Жорий йилнинг 25 январь куни Ўзбекистон Президенти раислигида камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида келтириб ўтилган маълумотлар мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш жараёнлари натижадор бўлиб, юқори самарадорликни намойиш этаётганини кўрсатди. Хусусан, 2022 йил якунларига кўра камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга камайди. Янги иш ўринларини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Йил давомида 200 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, 10 мингта корхонанинг фаолияти кенгайтирилди ва 11 мингта корхона қуввати тикланди. Давлат дастурлари, жумладан, аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, маҳаллаларда тадбиркорликка кўмаклашиш соҳасида амалга оширилаётгани натижасида 1 миллион киши камбағалликдан олиб чиқилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 май куни ўтказилган камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, давлатимиз сиёсатида инсон манфаатлари, ижтимоий адолат тамойиллари устувор. Шу боисдан ҳам аҳолининг муайян қатлами ўртасида камбағаллик борлиги тан олиниб, уни қисқартириш бўйича алоҳида тизим жорий қилинди. Натижада бу йил биринчи чоракда 210 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилди. Ҳар йили оилавий тадбиркорликка 13 триллион сўм кредит ва 1 триллион 500 миллиард сўм субсидиялар ажратилаяпти. Аммо бу натижалар ҳали етарли эмас. Камбағалликни камайтириш – бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, касбга тайёрлаш ва иш ўринларини кўпайтиришга қаратилган комплекс вазифадир. Шу боис йиғилишда бу борада янги босқичга ўтиш, рағбат чораларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, камбағалликни камайтиришнинг энг муҳим йўлларидан бири бу тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш. Чунки улар яратган даромадли иш ўринлари камбағалликни камайтиришга ёрдам беради. Охирги беш йилда юртимизда тадбиркорлар сони 285 мингдан 590 мингтага кўпайди. Бу – битта туманда 2,5 мингдан ортиқ ёки бир маҳаллада 50 нафардан тадбиркорлар синфи шаклланди, дегани. Агар давлат бу тадбиркорлар билан манфаатли ҳамкорлик қилиб, уларни қўллаб-қувватласа, жойларда бандликни ҳал қилиш имконияти ортади. Масалан, аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш учун ҳар йили давлат томонидан 200 миллиард сўм ажратиляпти. Лекин бу маблағлар тадбиркор билан боғланмаган. Худди шундай, тадбиркор ҳам йилига катта харажат қилиб, ўзи учун минглаб мутахассис тайёрлашга мажбур. Лекин, бунда давлат қўллаб-қувватлови йўқ. Бунинг бирдан-бир тўғри ечими – тадбиркорга шароит яратиб, улар билан манфаатли ҳамкорлик қилиш. Бу орқали ҳам бандликни таъминлаш, ҳам малакали мутахассис тайёрлаш мумкин. Шу мақсадда 1 июндан бошлаб “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури амалга оширилиши маълум қилинди. Унда иштирок этиш ихтиёрий бўлади. Дастурга 2023-2024 йилда жами 1 миллиард доллар ажратилади. Бу маблағлар ҳисобидан тадбиркорга камбағал оилалар аъзосини касбга ўқитиб, ишли қилишига қараб, амалдагидан паст фоизларда ва узоқроқ муддатга кредит берилади. Тадбиркорнинг “амалий мономарказ” ташкил қилиш ва жиҳозлаш ҳамда касбга ўқитиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади. Дастурда иштирок этадиган тадбиркорларга солиқлардан алоҳида имтиёзлар берилади. Жумладан, камида 20 фоиз камбағал оила аъзосини бир йил давомида иш билан таъминласа, мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилинади. 5 миллион сўмгача иш ҳақи тўлаётган тадбиркорларга ижтимоий солиқ ставкаси 2 баравар камайтирилади. Камбағал оила аъзоси ҳам даромад солиғидан озод қилинади.

Шунингдек, солиқ ва божхона маъмурчилигида ҳам енгилликлар назарда тутилмоқда. Хусусан, бундай тадбиркорлар фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилмайди. Уларга қўшилган қиймат солиғи ҳамда ортиқча тўланган солиқлар текширувсиз қайтариб берилади. Барча солиқлардан қарздорликни бир йилгача кечиктириб тўлаш имкони берилади. Божхона расмийлаштирувида “яшил йўлак” тартиби қўлланилади. Дастурга кирган тадбиркорларга инфратузилма, ер ва бино-иншоотлар билан таъминлашда қўшимча енгилликлар берилади. Масалан, ер ва бино-иншоотларни хусусийлаштиришда бўлиб тўлаш имконияти яратилади. Қиймати 50 миллиард сўмдан юқори лойиҳалар бўйича инфратузилма харажатлари тўлиқ қоплаб берилади. Йиғилишда ушбу янги тизим асосида жорий йилда 550 минг аҳолини ўқитиб, камбағалликдан чиқариш мумкинлиги айтилди.

Таҳлилларга кўра, камбағалликни қисқартириш бўйича Хитойнинг тажрибаси эътиборга молик. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига у ердан экспертлар жалб қилинди. Энди Хитой тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда биттадан туманни камбағалликдан чиқариш бўйича алоҳида дастур амалга оширилиши белгиланди. Бунда камбағаллик юқори бўлган туманларда йўл-транспорт, электр, алоқа ва туризм инфратузилмасини яхшилаш, кичик ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш, маҳаллаларни саноатлаштиришга эътибор қаратилади.

Хитой ҳукуматининг камбағалликка қарши курашдаги тажрибаси ҳақида сўз кетар экан, мамлакат қишлоқларида қашшоқлик даражасида яшаётган салкам 100 миллион аҳоли 2020 йилга келиб қашшоқликдан чиқарилган. Шунингдек, қишлоқларда яшовчи 700 миллион аҳоли камбағалликдан чиқарилди.

Камбағалликни қисқартириш аҳолига кредит ажратиш билан ҳал бўладиган муаммо эмас. Бунинг учун, энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани яхшилаш, фарзандларини ўқитиш, сифатли даволаниш, манзилли нафақа тўлаш тизимини жорий қилиш зарур.

 

Ойбарчин Абдуллаева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш