Қонун лойиҳаси судларда ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига хизмат қилади

 

Жорий йилнинг 22 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Дастлаб, “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтириш мақсадида кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга қаратилган кенг қамровли ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар амалга оширилди.

Суд ишларини юритиш жараёнида ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш натижаларига кўра янги институтлар жорий этилди, фуқаролар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида ярашув, дастлабки эшитув, медиация, шунингдек суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш каби институтлар такомиллаштирилди.

Мазкур қонун лойиҳасидаги нормалар судьяларнинг масъулиятини оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишга, ортиқча сарсонгарчиликларга йўл қўймасликка хизмат қилади.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамиятда адолатга, қонун устуворлигигига ишонч ҳисси юксалишига хизмат қилишини қайд этиб, уни маъқулладилар.

Муҳокамаларга бой бўлган йиғилишда Ҳисоб палатасининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳам атрофлича муҳокама қилиниб ва қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда кун тартибига киритилган масалалар кўриб чиқилди ва тегишли қарори қабул қилинди.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш