Бўлғуси номзод дастурига таклифлар олинмоқда

 

Сайлов бу мамлакатнинг, халқнинг яқин келажакдаги тақдирини белгилайдиган жуда катта сиёсий жараён. Халқимиз сайловда қайси ғояларга овоз берса, ўша ғоялар уларнинг ҳаётида бугунги куннинг устувор масалалари эканлигини ҳам кўрсатади. Шунинг учун сайлов фикрлар, қарашлар, ғоялар рақобати ёрдамида халқ хоҳиш-иродасининг намоён бўлишидир.

Шу маънода Президент сайлови давлатимизнинг келгуси тараққиёти, халқимизнинг эртанги куни билан боғлиқ долзарб жараён ҳисобланади.

 

— Ҳар бир сиёсий партия шу юртнинг, шу элнинг корига яраш, оғирини енгил қилишни ўз олдига мақсад қилган. Фақатгина улар ўз позицияларидан келиб чиқиб, яъни электорати манфаатларини инобатга олган ҳолда ўз сайловолди дастурларини ишлаб чиқади. Партиялараро рақобат аҳолининг сиёсий ва фуқаролик фаоллиги кучайиб бораётган бир шароитда ўсиб бормоқда.

Қорақалпоғистонда ҳам барча туман ва шаҳарлардаги партиямиз кенгашлари, бошланғич ташкилотларимиз, фаолларимиз сайлов билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий жараёнларни қизғин давом эттирмоқда.

Яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон республика кенгашининг пленумида партиямизнинг Президент сайловида иштирок этиши билан боғлиқ масалалар пленум аъзолари фикр-мулоҳазалари асосида атрофлича кўриб чиқилди.

Пленум кун тартибига партиямиз ташкилоти ва гуруҳларининг сайловда муносиб иштироки ҳамда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Қурултойига Қорақалпоғистон республика партия ташкилотидан делегатларни сайлаш тўғрисидаги масалалар муҳокама этилди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон республикасининг барча ҳудудларида партиямиздан кўрсатилаётган номзод учун имзолар йиғиш ишлари фаол олиб борилмоқда. Жараён Қорақалпоғистон республикасининг барча шаҳар ва туман кенгашлари, 650 дан зиёд бошланғич партия ташкилотларида аъзолар, хайрихоҳларимизнинг фаол иштирокида ўтмоқда. Шунингдек, партиямизнинг 100 дан ортиқ депутатлари ҳам фаоллик кўрсатмоқда.

Жойларда ташкиллаштирилаётган имзо йиғиш жараёнларида фуқароларнинг фаоллиги йилдан-йилга ошиб бораётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Имзо йиғиш сайлов қонунчилигига биноан ўтаётгани билан бирга, фуқароларнинг хоҳиш-иродасини эркин ифодалаш имкониятини кўрсатмоқда.

Партиямиздан бўлажак номзоднинг сайловолди дастурини шакллантириш бўйича жойларда учрашув ва мулоқот тадбирларида қатор таклифлар берилмоқда. Таклифларнинг аксарияти пратиямиз дастурий мақсадларига, электоратимиз ҳуқуқ ва манфаатларига мос экани, кучли ижтимоий сиёсат масалаларига бевосита тааллуқли экани фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий хабардорлиги ва талабчанлиги ошиб бораётганини кўрсатмоқда. Асосийси, фуқароларимизда ғоя ва ташаббусларнинг моҳиятини англаш ва ўзлари учун алтернативлар излаш кўникмаси борган сари чуқурроқ илдиз отаётгани сезилмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Қорақалпоғистон республикасидаги аъзолари сайловга тайёргарлик ишларини бундан кейинги босқичларда ҳам қизғин давом эттиради.

 

Халилла Ешимбетов,

Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон республика кенгаши раиси.

«Ўзбекистон овози», 24.05.2022, №19

 

 

 

 

Теглар

Сайлов Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш