Ижтимоий уй-жойлар қурилиши мумкинми?

Тошкент. Ватанимиз пойтахти бўлган бу бош шаҳар нафақат ўз гўзаллиги, чиройи билан мафтун этган, балки имкониятлари билан ҳам одамларни оҳанрабодай ўзига чорлаб келади. Шундан бўлса, ҳамиша кўчалар гавжум, шовқинли. Доим кимдир қаёққадир шошган, нима биландир банд. Умуман, шаҳар туну кун ҳаракатда.

Бугун пойтахтимизнинг доимий рўйхатда турувчи аҳолисининг сони ўртача 3 миллион, деб оладиган бўлсак, вақтинча яшовчилар, талабалар, меҳмонлар, малака оширувчилар, туристлар билан бу рақам 4-5 миллионга қараб кетиши турган гап. Шунча одамнинг қорнини тўйдириш, уларга транспорт хизмат кўрсатиш, умуман, яшаш эҳтиёжларини қоплаб беришнинг ўзи бўлмайди, албатта. Айниқса, бошпана масаласи бунда алоҳида аҳамият касб этади.

Сир эмаски, тошкентликларнинг ҳаммаси ҳам шахсий уй жойига эга эмас. Вақтинча яшовчилар ҳам. Шунинг учун ижара уйда яшашга эҳтиёж юзага келади.

Масалан, пойтахтимиз ҳамда вилоятларнинг маъмурий ва йирик саноат марказлари жойлашган шаҳарларда ишловчи ходимларнинг аксарияти бошқа жойдан келган бўлади. Пойтахтга вилоятлар, вилоятларга эса туманлардан келиб ишловчи ходимлар салмоқли қисмни ташкил этади. Натижада катта шаҳарларда ижарага эҳтиёж, табиийки, нарх ҳам ошиб кетади. Масалан, Тошкентдаги ижара нархлари ўтган йилда бирмунча ошиб кетди. Хонадоннинг шароити, жойлашган манзилига қараб ўртача 200-700 АҚШ доллари атрофида. Асосан 1 ва 2 хонали уйларга талаб юқори бўлгани учун бу иккиси ўртасидаги фарқ ҳам кўп катта эмас.

Иккинчи бир масала эса томонлар ўртасидаги келишув билан боғлиқ. Кўпинча ижара бериш ишлари ижара шартномасиз амалга оширилаётгани сабабли ҳуқуқлар паймол бўлиши ҳолатлари учраб туради. Масалан, ижарага олувчи ижара тўловини ўзи хоҳлаган шаклда нақд пул, пластик карта ҳамда пул ўтказиш орқали амалга ошира ололмайди. Ёхуд уй эгаси уни исталган пайтда чиқариб юбориши, нархни ошириши каби ноҳақликлар ҳам йўқ эмас.

Шулар инобатга олинган ҳолда, Тошкент шаҳрида ҳамда вилоятларнинг маъмурий ва йирик саноат марказлари жойлашган шаҳарларида тижорат банклари ёки бошқа маблағлар ҳисобидан кўп қаватли ижара уйларини қуриш тизими йўлга қўйилса мақсадга мувофиқ. Бу ҳақда қатор фикр ва таклифлар бир неча йиллардан айтилмоқда.

Уларга кўра, ижтимоий ижара уйлари қуриш ва аҳолининг ойлик даромад миқдоридан келиб чиқиб, нарх белгилаш керак. Бу тизим бошқа кўплаб давлатларда аллақачон мавжуд ва ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд кишиларга кўмак бермоқда.

 

Ижтимоий уй-жой - фуқароларга мулк ҳуқуқига эга бўлмаган уй-жой билан таъминланиш усули. Уй ёки квартиранинг эгаси давлат ёки муниципалитет ҳисобланади. Турли мамлакатларда ушбу тизимнинг ишлаши учун турли хил механизмлар мавжуд ва асосий фарқлар фуқароларни ушбу турдаги уй-жой билан таъминлаш сабаблари рўйхатида ётади. Бундан ташқари, нарх белгилашга, шартнома шартларига ва бошқа жиҳатларга ёндашув сезиларли даражада фарқ қилиши мумкин. Ижтимоий уй-жойлар фуқароларга бозор нархидан бир ёки икки баравар паст нархда ижарага берилади.

Ижтимоий уй: Москва (Россия)

 

Мисол учун, Россия пойтахти Москва шаҳрида 2022 йилда 1 кв. м майдонга қараб 9-32 рублни ташкил этди, тижорат ижараси эса «квадрат» учун 900 рублдан бошланади. Мамлакат қонунчилигига кўра, фуқароларнинг даромадлари минтақада белгиланган даражадан ошмаса, кам таъминланган, деб эътироф этилади. Одатда бу кўрсаткич яшаш минимумига тенг бўлиб, ўз навбатида, мамлакат бўйлаб катта фарқ қилади.

Ижтимоий уй: Минск (Белорусь)

 

Белорус республикаси Уй-жой кодексига кўра, ижтимоий фойдаланиш учун мўлжалланган турар жой бинолари - бу давлат уй-жой фондидан фойдаланиш учун тўлов олинмаган ҳолда бериладиган уйлар экани белгиланган. Яъни, давлат уй-жой фондидан ижтимоий фойдаланиш учун турар жой биноларини ижарага бериш шартномаси шартларига мувофиқ фуқароларга бериладиган давлат уй-жой фондининг типик истеъмол сифатига эга турар жой бинолари экани кўрсатилган. 2022 йилда Минскда бюджет маблағлари ҳисобидан умумий майдони 1,9 минг квадрат метр бўлган 44 та бир хонали ижтимоий квартиралар қурилди. Белорусда ижтимоий уй-жой фуқароларнинг айрим тоифалари томонидан муддатсиз ижара шартномаси шартларида олиниши мумкин. (Минскдаги Шарангович - Горетский - Рафиев кўчалари чегараларида қурилган, 10 қаватли икки киришли бино 80 хонадонга мўлжалланган.)

Агар сиз Германияда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлсангиз ва сизнинг даромадингиз маълум даражадан ошмаса, у ҳолда сизда «ижтимоий» уй-жой деб аталадиган субсидия олиш имкони бор. Кўп одамлар ушбу турдаги уйга кўчиб ўтишни хоҳлашади. Шунинг учун баъзан ижтимоий уй-жой олиш учун ойлар ёки ҳатто йиллар керак бўлиши мумкин.

Ижтимоий уй: Германия

 

Буюк Британияда ижтимоий уйлар, аниқроғи, субсидияланган кенгаш уйлари - долзарб мавзу. Муҳтожлар кўп ва уларга ёрдам бериш имкониятлари деярли ҳар доим кечикиб қолади. Ижтимоий уй-жой қурилиши ҳажмини ошириш талаби уни қурмоқчи бўлган ҳудудлар аҳолисининг норозилигига ва қурувчилар томонидан сокин «саботаж»га дуч келмоқда. Шунга қарамай, ижтимоий уй-жой масалаларини муҳокама қилиш кўпинча секин цензурага дучор бўлади. Шунга қарамай, ҳукумат ушбу муаммога барчани рози қиладиган ечим топишга уриниб келмоқда.

Ижтимоий уй: Лентон, Ноттингем (Буюк Британия)

 

Бугун бизнинг юртимизда ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини уйли қилиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани рост. Бунинг натижасида юзлаб ёшлар, минглаб опа-сингилларимиз ўз бошпанасига, узоқ йиллик орзуларига эришди. Аммо арзонлаштирилган шаклдаги ижара уйларига ҳам эҳтиёж мавжудлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

Ушбу соҳани ривожлантириш мақсадида мамлакатимизда бир қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар мавжуд. Мазкур турдаги муносабатлар ҳамда ҳуқуқлар Уй-жой, Шаҳарсозлик кодекслари, Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида, Ижара тўғрисида, Ипотека тўғрисидаги қонунлари доирасида амалга оширилади. Ушбу қонунчилик меъёрларидан келиб чиққан ҳолда, ижтимоий муниципал уйлар қурилса ва аҳолига тақдим этилса, бошпана билан боғлиқ вазият янада барқарорлашади.

Жорий йилнинг биринчи январь ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида турар жой биноларини ижарага беришнинг энг кам ставкалари 1 кв/м учун ойига 17 минг сўм, нотурар жойлар учун эса 35 минг сўм этиб белгиланяпти. Ўтган йилга нисбатан ставка 10 фоизга ошяпти.

Масалан, 60 квадрат майдонга эга хонадонни 1 млн 20 минг сўмдан (60 х 17 000) арзон нархга расман ижарага бериб бўлмайди. Ижара шартномасидаги сумма ижарага берувчининг даромадини солиққа тортишда ҳисобга олинади (даромад солиғининг ставкаси – 12 фоиз). Бугунги кунда Тошкентда тахминан 1 миллион одам ижара уйларда яшайди, дейлик. Ҳар 4 киши битта уйда турса, бунинг учун тахминан 250 мингта квартира керак бўлади. Уларнинг ҳар бирини 40 квадрат деб ҳисобланса, улардан олинадиган солиқ миқдори ўртача 20 миллиард сўмни ташкил қилади ва бу бир ойлик миқдор.

Агар ушбу сумманинг бир қисми ижтимоий уйларни қуриш учун ажратилса, яқин йилларда пойтахтимизда ижарага уй топиш билан боғлиқ муаммоларга барҳам берилади. Муҳими, топган даромадининг катта қисми, ҳаттоки ярми ижара учун сарфлаётган фуқароларнинг ҳаётдан розилиги ошади, янги режалар ҳақида ўйлайди, тиниқ фикрлар, ташаббуслар туғилади.

Яна бир жиҳати, ижарада турувчилар ушбу ижара уйларини фойдаланишга топширган тижорат банкларида ўз ҳисоб рақамларини очишади ва ушбу ҳисоб рақамига ўзи хоҳлаган шаклда ижара пулини ўтказиш имконига эга бўлади. Шунингдек, ўзи фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлардаги ойлик маошидан мунтазам равишда ижара тўловини тўлаши ҳам мумкин. Уй-жойларнинг ҳам арзонлаштирилган, ҳам исталган тўлов услубида ижарага берилиши натижасида нақд пул билан боғлиқ масалалар, кўплаб иқтисодий-ижтимоий, демографик ва кадрлар муаммолари ҳам ҳал самарали этилади, деган хулосалар билдирилади.

Умуман, ижтимоий уй-жойлар ҳақида турли фикрлар, ҳар хил муносабат, турли давлатларда турлича ёндашув бор. Мамлакатимизда бу борада қандай йўл тутилишини вақт кўрсатадиганга ўхшайди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 24.05.2022, №19

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш