2023 йил 29 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг XIII Қурултойи бўлиб ўтди.
Унда партия аъзолари томонидан ҳудудлардан сайланган делегатлар, партия Марказий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фаоллари, экспертлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Қурултой кун тартибида Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳамда номзоднинг дастури тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.
Шарофиддин НАЗАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси:
— Бугун биз сизлар билан яна бир муҳим сиёсий тадбир – муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови олдидан учрашиб турибмиз.
Бугунги йиғилишимизда партиямизнинг ушбу сайлов кампаниясида муваффақиятли иштирок этиши билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинмоқда, режалар, дастурлар ва ғоялар ўртага ташланмоқда.
Халқимиз якдиллик билан, ижтимоий бирдамлик билан сиёсий жараёнга, мамлакатимиз тақдири ва келажагига дахлдор бўлган Конституцияни қўллаб-қувватлади. Юқорида сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, партиямиз референдум натижаларини халқимиз сиёсий иродасининг олий ифодаси, деб билади.
Барчамизга маълумки, Конституциямизга биноан Президент сайловининг асосий субъекти сиёсий партиялардир.
Демак, мамлакатимиз сиёсий майдонида ўз ўрни ва мавқеига эга, барча сайловларда фаол қатнашиб келаётган партия сифатида Ўзбекистон Халқ демократик партияси сайловда ўз нуфузига муносиб тарзда иштирок этиши лозим.
Юқорида таъкидлаганидек, масъулиятли сиёсий жараёнда муносиб қатнашиш учун партиямиз барча имкониятларини сафарбар этади, чунки салоҳиятни тўла ишга солиш орқали кутилган натижага эришиш мумкин.
Улуғбек Илясович кўп йиллардан бери давлатимиз ва жамиятимиз учун фидокорона хизмат қилиб келмоқда. Унинг таълим ва партиямиз ривожига қўшган ҳиссаси катта.
Номзоднинг дастури билан танишар эканмиз, партиямизнинг электорати манфаатларидан келиб чиқиб ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини ривожлантириш устувор йўналиш этиб белгиланганлигини кўриш мумкин.
Бунда иқтисодиётда давлатнинг фаол роли ва иштирокини сақлаб қолиш кераклиги ҳақидаги таклифлари молиявий инқирозларнинг олдини олиш учун давлатнинг тартибга солувчанлик функцияларидан тўлиқ воз кечмасликка хизмат қилади.
Шу билан бирга, барча турдаги жарима, давлат божи, йиғим ва бошқа тўловларни алоҳида давлат органларининг бюджетдан ташқари жамғармаларга эмас, балки Давлат бюджетига йўналтириш лозимлиги ҳақидаги ғояни алоҳида қайд этмоқчиман. Албатта, бу пуллар Давлат бюджетига келиб тушиши ва аҳоли ўртасида адолатли тақсимланиши лозим. Бу ўз навбатида алоҳида тор идоравий манфаатлар орқасидан қувишни бартараф этади, давлат хизматчисини ундириладиган жаримага боғлиқликдан халос этади, холисликни таъминлайди.
Дастурда эътиборга сазовор яна кўплаб ғоялар илгари сурилган, лекин вақт чекланганлиги сабабли уларнинг барчасига тўхталиб ўтолмайман.
Қадрли дўстлар, бугунги қабул қилинадиган қарорларни ҳамда партиянинг номзодини қўллаб-қувватлаган ҳолда, режа ва дастурлар доирасидаги барча тадбирларнинг юқори савияда, сайлов қонунчилигининг асосий тамойил ҳамда талабларига мос равишда ўтишини таъминлашга ўз ҳиссасимизни қўшамиз.
Олим РАВШАНОВ,
ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати, партия гуруҳи раҳбари:
— Мамлакатимизда яна бир муҳим сиёсий имтиҳон – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўрилмоқда.
Сайлов, бу – шунчаки расмий тадбир эмас, балки мамлакатимиз ҳаётидаги улкан сиёсий воқеа, Ватанимиз равнақи, тараққиёти, барчамизнинг эртанги кунимиз айни мана шу билан бевосита боғлиқ.
Шу билан бирга сайлов сиёсий партия учун имконият дегани. Партиямиз ҳам ушбу имкониятдан тўғри фойдаланиши керак.
Партиямиз учун аввалги йилларда бўлгани каби, ўсиб бораётган партиялараро рақобат шароитларида ташкил этиладиган сайлов кампанияси жиддий имтиҳон бўлиши билан бирга ўйлаймизки, ҳеч шубҳасиз, бугун кўриб чиқиладиган барча масалаларнинг муҳокамаси, партиямиз олдида турган устувор вазифаларни ҳал қилишнинг оқилона йўлларини белгилаб олиниши келгусида партиямизнинг юксак марраларга эришишига сабаб бўлади.
Бу жараёнларда Халқ демократик партиясининг парламентдаги фракцияси ҳамда халқ депутатлари кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари Президентлик сайловида фаол иштирок этади.
Шу ўринда партиямиздан Президентликка номзод сифатида кўрсатилаётган Улуғбек Илясович ҳақида ҳам тўхталиб ўтсам.
У киши жуда самимий, оддий, очиқкўнгил инсон. Шу билан бирга, ўз принципларига содиқ, профессионал, қатьий сиёсий позициясига эга, партия электорати манфаатларини собитқадамлик билан илгари сура олади. Кўп сонли партия аъзолари ва аҳоли ўртасида ҳурмат ва эътиборга эга.
Бугун партиямиздан Президентликка номзоднинг дастури эътиборимизга ҳавола қилинди. Дастурда ижтимоий давлат ривожланишининг истиқболлари изчиллик билан баён этилди.
Рухсат берсангизлар дастурнинг суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган айрим жиҳатларига тўхталсам.
Дастурда вилоят, туман (шаҳар) судлари раисларини ҳар йили ротация қилиш амалиётини жорий этишни тўғри таклиф, деб ҳисоблайман. Суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва объективлигини таъминлашда кадрларнинг алмашиб турилиши аҳамияти катта.
Бу ўз навбатида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олади, таниш-билишчилик каби салбий, жамиятни емирадиган иллатларнинг ривожланишига йўл қўймайди.
Шу билан бирга, “Хабеас корпус” институти қўлланишини янада кенгайтириш, одил судловни амалга оширишда ҳакамлар ҳайъати институтини (суд присяжных) жорий қилиш ҳақидаги таклифлари ҳам ҳозирги замон реалликларига мос келади. Бунинг натижасида суд ишларини кўриб чиқишда жамоатчиликнинг иштироки ва холислик таъминланади.
Бир сўз билан айтганда, Улуғбек Илясович муносиб номзод, уни ва унинг дастурини қўллаб-қувватлайман.
Олим ТЎЙЧИЕВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, “Ўзметкомбинат” акциядорлик ишлаб чиқариш бирлашмаси электрда пўлат эритиш цехи пўлат эритувчиси:
— Мен кўп йиллардан бери шу партиянинг аъзосиман. Биласизми, партиянинг бир бўлаги бўлиш ҳам бир бахт. Чунки партиянинг бир ажойиб хусусияти бор. Таклифлар, ташаббуслар, фикрлар пастдан юқорига қараб йўналади.
Қурултойда тасдиқланган номзоднинг дастури партиянинг энг қуйи ташкилотларидан бошлаб шакллантирилганини алоҳида таъкидламоқчиман. Маҳаллалар, бошланғич ташкилотлардан тортиб то Марказий Кенгашгача бўлган тузилмаларимиз, партия электорати, аъзолари ва хайрихоҳларимиз ҳам ўзларининг фикр ва таклифлари билан иштирок этишган.
Бугун биз бутун республика бўйлаб келган таклифлар асосида шаклланган дастурни қўллаб-қувватладик.
Дастур ҳақида қисқача тўхтамоқчиман. Дастурда замонамизнинг энг оғриқли масалаларидан бири бўлган коррупцияга қарши кураш мавзуси ўрин олган. Бу таклифни партиядошларимиз ҳам қўллаган.
Коррупция нафақат битта жамиятнинг муаммоси, балки буни глобал масала десак ҳам бўлади. Ҳамма давлат коррупцияга қарши курашади. Энг ёмони, таълим тизимидаги коррупция. Чунки, коррупцион таълим тизимининг биритувчиси катта эҳтимол билан эртага унинг тарғиботчисига айланади.
Масалан, битта талаба ўзлаштириши қониқарсиз. Лекин у олий таълимни коррупцион йўллар билан тугатди, деб фараз қилайлик. У эртага қаерда ишласа ҳам коррупцияга мойил бўлади. Сабаби, у етук кадр эмас ва ўз ишини бажаролмайди. Бундай ҳолатда коррупцияга йўл очилади. Шунинг учун бизнингча биринчи навбатда таълим тизими коррупциядан холи бўлиши керак.
Биласизми, таълим яхши бўлса, одамлар ҳам, жамият ҳам яхшиланади. Таълим бўлса, инсон капитали ривожланиб, мамлакатда камбағал қатлам камаяди.
Номзод дастурида коррупцияга қарши кураш, таълимни ривожлантириш бўйича илгари сурилаётган таклифлар партиямиз асосий мақсадларига ҳам тўғри келади. Дастурда ҳаётий ғоялар кўп.
Қонунчиликдаги имкониятлардан самарали фойдаланиб, сайлов билан боғлиқ жараёнларни тизимли ташкил қилишимиз зарур.
Виталий КИМ,
“Geotech Group” компанияси директори, халқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман кенгаши депутати:
— Сайлов ва сиёсий жараёнлар мамлакатда ижтимоий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Ҳаммамиз турли соҳа, турли касб вакилларимиз, фаолиятимиз ва фикрларимиз турлича. Лекин сайлов жараёнларида ҳаммамиз мамлакатнинг кейинги истиқболи, жамиятимиз қандай йўлдан кетиши ҳақида фикр юритамиз.
Бугун қурултойда шу жиҳатдан муҳим қарорлар қабул қилинди.
Номзодимизнинг дастурига алоҳида эътибор қаратдим. Унинг ҳар томонлама мукаммал тайёрланганлиги, унда илгари сурилган мақсад ва вазифалар ҳар бир юртдошимизни қизиқтириши, мамлакатимизни янада тараққий эттиришга қаратилган илғор ғоялар билан бойитилганига гувоҳ бўлдик.
Айниқса, ижтимоий бирдамлик тамойилига алоҳида эътибор қаратилгани мени қувонтирди.
Хабарингиз бор, бугун дунё нотинч, ер шарининг ҳар бир бурчагида таҳлика, хавотир мавжуд. Шундай вазиятда мамлакат ичидаги бирдамлик энг қадрлиси бўлади. Юртимизда бугунги кунда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар аҳил истиқомат қилмоқда, шижоат ва ишонч билан фаолият юритмоқда. Қувонарлиси, улар бир оила фарзандларидай бир-бири билан иноқ ва дўстона яшаб келмоқда. Бизнинг юртимиздаги бирдамлик ва миллатлараро тотувликка ҳар қандай давлат ҳавас қилса арзийди.
Халқ демократик партиясининг ижтимоий бирдамлик билан боғлиқ ғоялари шу жиҳатдан жуда ҳаётий, деб ўйлайман.
Қурултойда қўллаб-қувватланган номзодни анча вақтдан бери яхши биламан. У кишининг етакчилиги даврида партиямиз ташкилотлари, депутатлик корпуси фаолияти халқимизга яқинлашди, мурожаатларни ҳал этишга, электорат вакилларини қўллаб-қувватлашга эътибор кучайди.
Мамлакатимиз равнақи, халқимиз келажаги учун Президент сайловида миллатидан қатъи назар, барча юртдошларимиз фаол қатнашади, деб ишонаман.
Малика ҚОДИРХОНОВА,
Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси:
— Ишонч билан айтиш мумкинки, бу йил мамлакатимиз сиёсий ҳаётида катта ўсиш ва давлатчилигимиз ривожи учун ҳам муҳим йил бўлмоқда.
Халқ демократик партиясининг XIII Қурултойини ҳам бирдамлик ва кўтаринки руҳда ўтказиб олдик.
Маълумки, ҳар бир партиянинг ўз электорати бор, умумий маънода партия ўз электоратининг манфаатларини ифодалайди. Яъни, партия фуқароларнинг сиёсий иродасини рўёбга чиқарадиган институтдир.
Номзоднинг дастуридаги ижтимоий йўналтирилган давлат қуриш ғоясининг ортида ҳам партия электоратининг манфаатлари уфуриб турибди.
Номзоднинг дастуридан 9 та йўналишдаги ғоялар ўрин олган. Ҳар бир йўналишдаги ғоялар фақатгина жамият ҳаётини яхшилашга, юксалтиришга қаратилган.
Дастурнинг ҳар битта бўлимида ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик ғояларига асосланган сиёсатни олиб бориш ва демократик ижтимоий давлатни барпо этиш энг олий мақсад эканлиги эътироф этилган.
Хусусан, унда иш билан таъминланмаган фуқароларни, айниқса, ишсиз аёллар сонини камайтириш, фуқароларни камбағаллик ҳолатига тушиб қолишининг олдини олишга ёки камбағаллик тоифасига кириб қолган фуқароларни ундан чиқариш бўйича чоралар белгиланаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Ёки бўлмаса, “Энг кам истеъмол харажатларини белгилаш тартиби тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш ҳам долзарб аҳамиятга эга.
Умуман, дастурда ҳар жиҳатдан мукаммал ва мамлакатимизни келгусида тараққий эттиришга қаратилган аниқ мақсадлар белгилаб олинган.
Очиғи, партиямиздан илгари суриладиган номзоддан шундай дастур кутгандим. Номзодимиз фидойи, жонкуяр, ҳеч кимдан ёрдамини аямайдиган, айтиш мумкинки, партиямиз ғоя ва мақсадларига мос инсон.
Шунинг учун бугун бир овоздан, якдиллик билан номзод ва унинг дастурини мақулладик. Энди сайлов билан боғлиқ кейинги муҳим жараёнларга катта масъулият ва шижоат билан тайёргарлик кўрамиз.
Дилбар МАМАДЖАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси:
— Бугунги Қурултойда жорий йил 9 июлда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президентлик сайловида иштирок этиш учун муҳим бўлган қарорлар қабул қилинди.
Хусусан, унда партиямиздан кўрсатиладиган номзод ва унинг дастури масаласи кўриб чиқилди ва қўллаб-қувватланди.
Дастур билан танишар эканмиз, электоратимиз манфаатлари билан ҳамоҳанглигига гувоҳ бўламиз. Номзод дастурида йўналишлар кўп, улар орасида энг биринчилардан ҳал этилиши керак бўлгани – бу уй-жойлар ва коммунал хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлашдир. Сабаби, инсон туғилар экан, унга яшаш ҳуқуқи инъом этилади. Галдаги энг муҳим ҳуқуқ, шубҳасиз, бошпанага эга бўлиш, ўз “ватан”ида тиниб, тинчиб яшашдан иборат.
Умуман, бошқа партияларга нисбатан бизда алоҳида қайд этиш лозим бўлган ютуқ бор. Мамлакатимизда ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик ва халқ ҳокимиятчилиги мезонларига мос келадиган демократик ижтимоий давлатни барпо этиш. Сайловчини жалб этади. Халқимиз суйган ғоя.
Айни шу сабабдан ҳам биз бор эътиборимизни сайловолди дастурига боғлиқ жараёнларга жамоатчилик тузилмаларини – партиянинг “Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти”, биринчи навбатда, барча депутатлик корпусини ҳамда асосий таянчимиз бошланғич ташкилотларни жалб этишга ҳаракат қилишимиз лозим.
Ишонамизки, партиямизнинг барча депутатлари ҳамда фаоллари сайловолди ташвиқоти вақтида бу каби юксак ғояларни юқори савияда, маҳорат билан сайловчиларга етказиб, партиянинг Президентлик сайловида муносиб иштирокини таъминлашга интиладилар.
Елена БАБЕНКО,
Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атрофмуҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси:
— Ҳар бир сиёсий партия қонунчиликда белгиланган ваколатдан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишни мақсад қилар экан, ушбу лавозимга ўз электорати, аъзолари ва хайрихоҳларининг хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, энг муносиб номзодни танлаш ва кўрсатиш долзарб масала ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан, бугунги Қурултойимизда кўп минг кишилик партиямиз аъзолари орасидан энг муносиби, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган партиямиз Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод сифатида кўрсатилди ва ушбу таклиф барча делегатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Ушбу Қурултой Халқ демократик партиясининг дастурий ғояларини жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиш, мамлакатимиз сиёсий майдонидаги мавқеини ҳамда аҳоли орасидаги обрўсини янада ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини самарали ташкил қилишда муҳим қадам бўлади.
Бўлиб ўтган Қурултойда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг дастури эътиборимизга ҳавола этилди. Дастурда мамлакатимизда истиқболда бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгиланганлигига барчамиз гувоҳ бўлдик.
Дастурда ижтимоий йўналтирилган иқтисодий сиёсат — кучли ижтимоий сиёсат асосидир, деган ғоя илгари сурилмоқда. Демократик ижтимоий давлат ғояси халқимиз суйган ғоядир. Одамларимиз доимо унга интилган.
Хусусан, маҳаллий инвесторларга ҳам хорижий инвесторларга берилганидан кам бўлмаган имтиёзлар бериш ёки бўлмаса, ундириладиган барча тўловларни Давлат бюджетига йўналтириш муҳим аҳамиятга эга. Умуман дастурда илгари сурилган ғоялар халқчиллиги билан аҳамиятли.
Абдуғаппор ҚИРҒИЗБОЕВ,
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори:
— Бугун Қурултойда партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод ва унинг дастурини ҳудудлардан келган делегатлар, партиямиз фаоллари билан атрофлича муҳокама қилдик.
Дастурнинг асосий жиҳатларига тўхталадиган бўлсак, унда фуқароларнинг оғирини енгил қиладиган, уларнинг ҳаётида ижтимоий давлатнинг белгиларини кўрсатадиган ғоялар борлигига амин бўлдим.
Айниқса, дастурда таълим соҳасини янада ривожлантириш борасида илгари сурилган истиқболли таклифлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.
Жумладан, ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, бепул ва сифатли таълим олиши, ўқув муассасаларини тугатгандан сўнг ишга жойлашиш кафолатини мустаҳкамлаш ҳамда давлат ҳисобидан олий таълим бериш тизимини такомиллаштириш масаласи принципиал ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Умуман, номзодимиз дастурида бошқа сиёсий партиялар дастурларида учрамайдиган, биз учун ҳамиша устувор йўналиш бўлиб келган жозибадор ғоя ва таклифлар борки, бу ҳам сайловчиларни бефарқ қолдирмаслиги аниқ.
Шуларга асосан ҳам амин бўлишимиз керакки, сайлов очиқлик, сиёсий рақобат муҳитида ўтади. Мана шундай катта масъулиятли жараёнга ҳар томонлама пухта тайёрланиб киришмоқдамиз. Қурултойда бу бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Хуршид ҚУРБОНОВ,
Навоий давлат педагогика институти проректори:
— Сайлов жуда муҳим сиёсий жараён ҳисобланади. Унда сиёсий партиялар ўзларининг номзоди ва дастури билан иштирок этади.
Бугун биз ҳам 9 июль куни бўлиб ўтиши режалаштирилган Президентлик сайловида қатнашиш учун Халқ демократик партиясининг номзоди ва дастурини муҳокама қилдик.
Ҳар бир жамиятнинг бошқаларидан ажралиб турувчи ўзига хос хусусиятлари бўлади. Лекин, шу билан бирга, уларни бирлаштирувчи омиллар ҳам мавжуд. Масалан, ҳар бир жамиятда қарашлар, ғоялар, ташаббуслар хилма-хиллиги, муқобиллик бўлиши жуда муҳим. Бу ривожланган ва ривожланиш йўлидаги жамиятлар учун зарур жиҳат.
Бизда ҳам шундай, ҳар бир сиёсий партиянинг дастури ва ғоялари турлича. Танлаш имкони эса фуқароларда. Улар ўзлари учун муҳим деб ҳисоблаган ғоя ва ташаббусларни қўллаб-қувватлайди.
Қурултойда партиямиздан кўрсатилган номзод ва у илгари сурган дастур якдиллик билан маъқулланди. Дастур том маънода кенг қамровли ва жамият ҳаётига чуқур назар солинган ҳолда ишлаб чиқилган.
Умуман олганда, дастурдаги масалаларнинг ҳаммаси ҳаётдан, аъзоларимиз, электорат вакилларидан олинган. Шунинг учун ҳам бугун делегатлар номзод ва унинг дастури борасида якдил қарор қабул қилишди, деб ўйлайман.
«Ўзбекистон овози», 31.05.2022, №20