Президентликка номзод бухоролик сайловчилар билан учрашди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятовнинг сайловчилар ҳузуридаги навбатдаги учрашуви Бухоро вилоятининг Олот туманида бўлиб ўтди.

Учрашувда вилоят ёшлари, жамоат ташкилотлари аъзолари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия фаоллари ва оммавий ахборот вакиллари иштирок этди.

Учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилоят кенгаши раиси Зулфия Туйева олиб борди. Ишончли вакил сайловчиларга номзоднинг таржимаи ҳолини ўқиб берганидан сўнг, номзод сўзга чиқиб дастуридан ўрин олган таклиф ва ташаббуслар мазмуни сайловчиларга тушинтириб берди.

Хусусан, номзод томонидан қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ҳамда аҳолини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича ташаббусларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Маълумки, ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори қўшимча қийматга эга товарлар билан тўлдириш – барқарор иқтисодий ривожланишнинг асосий омилларидан биридир. Шу мақсадда номзоднинг сайловолди дастурида маҳаллий ҳокимликлар даражасида ҳаёт учун муҳим ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлар ҳамда кундалик зарур товарларни ишлаб чиқариш бўйича ўрта муддатли ҳудудий дастурларни шакллантириш ва тасдиқлаш, шунингдек, мазкур дастурларни ҳудудларда иш ўринлари ташкил этишга доир давлат буюртмалари ҳамда ўрта махсус, олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш дастурларига мувофиқлаштириш бўйича ташаббус илгари сурилмоқда.

Шунингдек, номзод томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва кундалик эҳтиёждаги бошқа товарларни ишлаб чиқариш соҳасида давлат томонидан тартибга солиш чораларини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш, шу билан бирга импорт ўрнини босадиган ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматларни ишлаб чиқариш бўйича асосли бизнес-лойиҳаларни амалга ошириш учун имтиёзли кредитларни жорий этиш зарурати қайд этиб ўтилди.

Номзоднинг сайловолди дастурида ҳудудий ривожлантириш дастурларида маҳаллий саноатнинг ўсиши билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг самарадорлигини ошириш, бу борада ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, бу борада қишлоқ хўжалигида натижадорликни ошириш имконини берадиган хўжалик юритиш шаклларини жорий қилиш, шу асосда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг барқарор ва самарали тизимини яратиш, қишлоқ инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва технологияларини ривожлантиришга сармоя киритишни кўпайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ҳамда қайта ишлаш корхоналари ўртасида кооперацияни ривожлантириш каби таклифлар илгари сурилди.

Ушбу таклифлар қишлоқ хўжалигини замонавий техника ва технологияларни, илмий асосланган, пухта ўйланган ёндашувларни қўллаш ҳисобига самарадорлигини янада оширишга, қишлоқ хўжалигида маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ҳамда қишлоқ хўжалигида рақобатни ошириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархини арзонлаштиришга қаратилган.

Учрашувда ушбу ташаббуслар ички бозорни арзон озиқ-овқат маҳсулотлари ва ижтимоий аҳамиятга молик товарлар билан тўлдириш, ушбу маҳсулот ва товарлар нархлари кескин ўсиб кетишини олдини олиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда уларни қайта ишлаш корхоналарида барқарор ва юқори ҳақ тўланадиган янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод дастурида иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ҳам қатор таклифлар ўрин олган. Хусусан, давлат улуши бўлган йирик ишлаб чиқариш корхоналари кузатув кенгашлари таркибига жамоатчилик вакилларини ҳам киритиш орқали уларнинг шаффофлигини янада ошириш назарда тутилган.

Дастурда давлат функцияларини босқичма-босқич фуқаролик жамияти институтларига бериб бориш, шу орқали уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳам таклиф этилмоқда. Бу ташаббус партия электорати, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий шериклик асосида хизмат кўрсатилишида долзарб аҳамият касб этади.

Учрашувда самимий ва кўтаринки муҳит ҳукмрон бўлди. Сайловчилар ўзларининг қизиқтирган саволлар билан Президентликка номзодга мурожаат қилди ва ўзларининг фикр-мулоҳазаларини ҳам билдиришди.

Учрашувда сўзга чиққан фаоллар Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод дастурини қўллаб-қувватлашга, сайловда фаол фуқаролик позициясини намоён этган ҳолда иштирок этишга даъват қилишди.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

 

 

 

Теглар

Сайлов
← Рўйхатга қайтиш