Президентликка номзод Тошкент шаҳрида сайловчилар билан учрашди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятов Президентлик сайлови олдидан сайловчилар билан охирги учрашувини Тошкент шаҳрида ўтказди.

Турли соҳа вакиллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия фаоллари ва ёшлар иштирок этган учрашувни Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши раиси Нигора Эшметова олиб борди. Ишончли вакил сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Сўнгра номзод сўзга чиқиб, дастуридан ўрин олган ғоя ва ташаббуслар мазмун-моҳиятини сайловчиларга тушинтириб берди.

Хусусан, дастурда ижтимоий тенгликка асосланган халқ ҳокимиятчилиги принципини мустаҳкамлаш орқали демократик ижтимоий давлатни барпо этиш ғоясига урғу берилгани қайд этилди.

Демократик жамиятнинг энг муҳим белгиларидан бири – жамият аъзоларининг қонун олдида тенглиги, Конституция ва қонун устуворлигининг таъминланганидадир. Бинобарин, демократик қадриятлар амал қилинган шароитда давлат фаолияти фуқаролар назорати остида бўлади.

Дастурда давлат органлари фаолиятига аҳолининг ижтимоий кайфиятига таъсир кўрсатадиган муаммоларни олдиндан аниқлаш ва уларни самарали ҳал қилиш механизмларини кенг татбиқ этиш таклиф этилган.

Шу билан бирга, демографик жараёнларни тизимли ўрганишни йўлга қўйиш орқали, давлатнинг истиқболдаги ижтимоий мажбуриятларини аниқ белгилаб бориш тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Ўзбекистонда йиллик туғилиш деярли бир миллионни ташкил қилади. Демак, аҳоли сонининг ошиши соҳавий тармоқларда ўз аксини кўрсатади. Яъни, аҳоли сони ошгани сари унинг эҳтиёжлари, истеъмол қуввати ошиб боради. Мамлакатдаги демографик ўсишни ҳисобга олиб, энг муҳим эҳтиёжларни мунтазам ўрганиб бориш тизимини йўлга қўйишнинг ижтимоий аҳамияти катта экани қайд этилди.

Бундан ташқари, номзод дастурда ёшлар масаласига ҳам аҳамият қаратилган бўлиб, салоҳиятли ёшлар сиёсий партиялар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари тизимида ишлашини рағбатлантириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилган.

Дарҳақиқат, дунёвий тараққиётдан маълумки, ёшлар барча даврда жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этилган. Шу жиҳатдан мунтазам шаклланиб борувчи бу қатлам доимий рағбатлантириб, қўллаб-қувватлаб борилиши муҳим.

Халқ ҳокимиятчилигига асосланган бошқарувни қарор топтириш, фуқаролик институтларининг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш, ижтимоий тенглик ҳамда ижтимоий барқарорлик асоси бўлган демократик қадриятлар устуворлиги кўп жиҳатдан аҳолининг катта қисмини ташкил этувчи ёшларимизга боғлиқ.

Маҳалла халқимизнинг турмуш тарзини ифода этувчи, руҳий-маънавий эҳтиёжи, мафкураси, тафаккури, инсонларнинг ўзаро қўшничилик алоқалари, оилавий муносабатларни шакллантирувчи маънавий-маърифий маскан, серқирра ижтимоий тузилма ҳисобланади.

Маҳалла ўзининг таъсир кўрсатиш усуллари орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш, фуқаролик жамиятининг муҳим элементи сифатида катта аҳамиятга эга.

Шу боис номзоднинг Сайловолди дастурида белгиланган аҳоли муаммоларини ҳал этишнинг энг самарали ва адолатли шакли сифатида маҳалла тизимини ривожлантириш, маъмурий, ижтимоий, экологик, маданий ва бошқа муаммоларни ҳал этишда унинг иштирокини янада кенгайтириш борасида илгари сурилган ғоялар алоҳида диққатга молик.

Ушбу ташаббус маҳалланинг ноёб демократик институт сифатида давлат ва жамият ҳаётидаги мақомини янада мустаҳкамлашга ва шу орқали фуқароларнинг муаммоларини маҳалланинг ўзида, ортиқча оворагарчиликларсиз ҳал этиш учун шарт-шароит яратишга хизмат қилади.

Умуман, Халқ демократик партияси сиёсий платформасига мувофиқ шакллантирилган номзод Сайловолди дастуридаги асосий таклиф ва ташаббусларнинг самарали амалга ошиши мамлакатимизда халқ ҳокимиятчилигини мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини оширишга хизмат қилади.

Учрашув номзод ва сайловчилар ўртасидаги савол-жавоб ва фикр алмашишлар билан якунланди.

Сўзга чиққан фаоллар Халқ демократик партиясидан номзод дастурини қўллаб-қувватлашга, фуқаролик позициясини намоён этган ҳолда сайловда фаол иштирок этишга даъват қилишди.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

 

 

 

Теглар

Сайлов
← Рўйхатга қайтиш