Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимидаги нутқи халқимиз, Ватанимиз ҳаётидаги энг ёрқин тарихий воқеалардан бири бўлди. Нега десангиз, ушбу тантанали маросимда мамлакатимизнинг тараққиёт стратегияси, юртимиздаги жараёнларга оид чуқур таҳлилга асосланган серқирра мулоҳазалар илгари сурилди. Маъруза жамиятимиз, давлатимиз ривожланишининг янги мафкурасини белгилади, десак асло муболаға бўлмайди.
Таъкидлаш жоиз, 2023 йилда муддатидан илгари бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ички сиёсий ривожланиш ва ташқи сиёсий вазифаларни бажариш учун мутлақо янги шарт-шароитлар яратиб берди. Чунончи, сайлов ҳам янгиланган Конституциямиз асосида янгича муҳитда ўтди. Сайловнинг асосий натижаси аксарият аҳолининг мисли кўрилмаган юксак сиёсий фаоллигида ва Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган янгиланган ички ва ташқи сиёсатни қўллаб-қувватлашида намоён бўлди.
Сайлов жамиятни жипслаштириш, мамлакат барқарорлиги ва юрт тараққиётини таъминлаш омилига айланди. Бу Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни нафақат давом эттириш, балки чуқурлаштириш учун ҳам зарур шарт-шароит яратди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ислоҳотлар, биринчи навбатда, ёш авлодга қаратилди. Ёш авлод таълим тизимида, меҳнат бозорида рўй берган ўзгаришларни ва лавозимда кўтарилиш имкониятларини амалда ҳис этди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ёшларга мурожаат қилгани ҳам бежиз эмас. Зеро, ёшлар мамлакатнинг локомотви, ҳаракатлантирувчи кучидир.
Президент халқимизнинг юксак ишончи барчамиздан – депутат ва сенаторлар, вазир ва ҳокимлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарларидан, ҳар бир юртдошимиздан белимизни янада маҳкам боғлаб, аввалгидан икки-уч карра кўпроқ ғайрат ва шижоат билан ишлашни талаб этишини таъкидлади. Чиндан ҳам кечаги натижа, кечаги қараш ва мезонлар энди тарих. Улар энди бизни қониқтирмаслиги керак. Янги давр учун янги ғоя ва ташаббуслар керак, янги натижалар зарур.
Маърузада парламентнинг жамиятда тутган ўрни ва таъсирини ошириш ҳақида концептуал характерга эга бўлган теран фикрлар баён этилди. Энг муҳим масалалар қаторида парламент назоратини кучайтириш вазифаси қўйилди. Бу эса, биз — депутатларнинг ҳукумат идоралари ишини, шу жумладан, миллий қонунларни ижро этиш ва халқаро мажбуриятларни имплементация қилиш билан боғлиқ фаолияти юзасидан мунтазам мониторинг юритиш ва унга тўғри баҳо бериш масъулиятини оширади.
Бир сўз билан айтганда, белгилаб олинган устувор вазифаларни амалга оширишда бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Дилором ИМОМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.