Жамият ҳаётида иштирок этиш учун фақат у ёки бу жамоат ташкилотлари ҳақида маълумотга эга бўлишнинг ўзи етарли эмас, чунки ҳар бир сиёсий партия бутун бошли жамиятда шу билан бирга барча жамоат ташкилотлари (бирлашмалари), нодавлат нотижорат ташкилотларида ўз ролига эга.
Агар бирор-бир сиёсий партияга ишончсизлик ортса, бутун жамиятдаги қатлам самарадорлигига таъсир қилади. Ҳозирги давримиз сиёсий партияларнинг мафкуравий ғоялари ўз электоратларининг бирлашувчи мақсадларига эмас балки, индивидуал муаммолари ечимига қонунчиликни такомиллаштириш йўли билан белгиланган.
Сиёсий партиялар ёшлар жамиятида бирламчи босқичда инқирозни яъни ёшларнинг маълум қисми ишончсизлигини бошдан кечирди. Сўнг унинг муолажаси учун бош қотиришмоқда.
Бир нарсани айтиш, лекин бошқасини қилиш, ёки умуман ҳеч нарса қилмаслик орқали ҳеч қачон тизим яратилмайди. Сиёсий партиялар ёки халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари эмас, балки инсонлар ҳаракат қилиши керак. Бошқарувда орган эмас, балки бошқарув аъзолари қарор қилади. Шундай экан, сиёсий партияларни қўллаб-қувватловчи қатлам, ўз электорати фикр ва қарашлари сиёсий партия минбарларидан янграши лозим.
Бугун янги атамалар, янгича қарашлар ҳамда инсонлар ўз фикрларини ифодалаш учун янги майдонлар юзага келди. Соддароқ таърифлаганда, онлайн жамият ҳам юзага келди. Жамиятни ижрочилар эмас, балки воқеъликни тўлиқ идрок этиб, ўзини субъект сифатида тута оладиган ва жамият манфаатлари йўлида миллий элита бўлиб хизмат қилишни хоҳлайдиган ижодкор инсон, сиёсий вакиллар тараққиётга етаклайди. Унутмаслик жоизки, шарафсиз воситалар билан шарафли натижага ҳам эришиб бўлмайди.
Сиёсий партиялар инсонлар ҳаётининг ҳар бир босқичида жараёнларга раҳбарлик қилиши эмас, кўмакчи бўлиши, инсонларни бошқариши эмас, мулоқот ўрнатиши лозим. Биринчи навбатда, сиёсий партия вакиллари ўзини ўнглаб олишга ҳаракат қилиши лозим, иккинчидан – қонунларни қабул қилишда мазмунли, тўлиқ англанган, виждонан ва масъулият билан иштирок этиш учун барча имкониятларни ишга солишлари зарур. Муҳим аргумент эса, сиёсатнинг мақсади ҳеч қачон қийматидан ошмаслиги учун доимо ҳаракат ва изланишда бўлишлари керак.
Шохрух Ўктамов
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси