ҚАДР, ЭЪЗОЗ, ЭҲТИРОМ

    Тарихимизга назар соладиган бўлсак, азалдан аёлларга  ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларга ғамхўрлик қилиш миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисми саналади.

    Шу сабабли ҳам бизнинг момоларимиз нафақат билим соҳиблари балким, давлат ва жамият ишларини бошқаришга ҳам улкан ҳисса қўшганлар.

    Бундан кўриниб турибдики, қайсики жамиятда аёлларга нисбатан ҳурмат- эътибор юқори бўлса, ўша мамлакатда барқарор ривожланиш, яратувчилик иштиёқи, ўзаро меҳр-оқибатли муҳит юзага келади, турмуш фаровонлиги сари интилишлар авж олади.

    Шу сабабли ҳам асосий қонунимиз - Конституциямиздан  тортиб, қабул қилинаётган барча ҳуқуқий ҳужжатларнинг барчаси  хотин-қизларга нисбатан уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш ҳамда имтиёзлар яратишга қаратилгандир.

    Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 58-моддасида Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди, деб белгиланган. Бу юқоридаги фикримизнинг асос ифодасидир.

    2022 йил 1 сентябрдан бошлаб хусусий корхоналар ва ташкилотларда охирги                6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланиши белгиланди. 

    2022-2023 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитлари молиялаштириш мақсадида тижорат банкларига Давлат бюджетидан ҳар йили 1,8 трлн сўм йўналтирилади.

    Шунингдек, давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловларини қайтариш шартисиз қоплаш мақсадида, Давлат бюджетидан ҳар йили камида 200 млрд сўм молиялаштирилади.

    Ҳар йили 2 100 нафар эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум   талаба хотин-қизларнинг таълим контрактлари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қоплаб берилади.

    Шунингдек, мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 500 нафар хотин-қизларни ҳар йили давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синовлари натижаларига мувофиқ тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш; давлат илмий ташкилотлари ёки олий таълим муассасалари докторантурасига хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратиб бориш режалаштирилаётганлиги жуда катта имтиёздир.

    Олийгоҳларда таҳсил олаётган қизлар учун алоҳида грантлар ажратилиши,  таълим кредитлари  бўйича ипотека банклари орқали контракт тўловлари фоизини давлат ўз зиммасига олганлиги, талаба қизларимиз ўқишни тугатиб ишга жойлашиши ва 7 йил ўтгандан кейингина шартномада белгиланган суммани тўлаб бериши, шунингдек, магистратурада ўқийдиган қизларнинг контрак тўловлари давлат томонидан қопланиши каби имтиёзлар ҳам  шарқона қадрият баробарида, хотин-қизларнинг илм –маърифати ва ижтимоий фаоллигини таъминлашга хизмат қилади.

    Ҳозирда  Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгашининг  12 та туманига бевосита аёллар раҳбарлик қилишмоқда. Шунингдек Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига Вилоят партия кенгашидан  сайланган  195 нафар депутатнинг 51 нафарини айнан хотин-қизлар ташкил этади.

    Мазкур депутатлар томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида  ижтимоий ҳимояга муҳтож, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” ҳамда “Темир дафтар”  рўйхатида турган  1184 нафар хотин –қизларга турли масалаларда; уй-жой масаласи, имтиёзли кредит олишда ҳуқуқий маслаҳат ва  иш билан таъминлаш, қайта касб-ҳунарга ўқитишда амалий ёрдамлар берилди ҳамда уйма-уй йўқловлар ташкил этилиб, эҳтиёжмандлар  ҳолидан хабар олинди.

    Бугунги аёлларимиз гендер тенглиги асосида, мамлакатимиз тараққиёти йўлида, халқимиз фаровонлигини ошириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, оилаларни мустаҳкамлаш борасида ҳам  хизмат кўрсатишмоқда.

    Янгиланаётган Ўзбекистоннинг давлатчилик сиёсати миллат тарбияси ва комил инсон ғоясининг тўлақонли амалиётини назарда тутаётгани ҳамда учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлашга қаратилаётгани билан ҳам  қадрлидир.

 

Мўътабар ҚОЗИЕВА,

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят

                                                             кенгаши бўлим бошлиғи

 

 

← Рўйхатга қайтиш