Ижро этувчи ҳокимият органларининг қурилишга рухсат бериш ваколати бекор қилинди(ми)

 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларнинг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги Қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Маълумотларга кўра, кейинги вақтларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қурилиш соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларга зид равишда 586 та ҳолатда қурилишга рухсат бериш, реконструкция қилиш, вақтинчалик бино-иншоотлар қуришга рухсат бериш тўғрисида қарорлар қабул қилинган. Бундан ташқари, қонунчиликка номувофиқ тарзда ер участкаси ажратилишига ҳам йўл қўйилмоқда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги қарама-қаршиликлар ва зиддиятларни бартараф этиш ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир ҳилда таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига ўзгартиришлар киритиш зарурати юзага келган.

Мазкур лойиҳа билан Шаҳарсозлик кодексининг 21 ва 22-моддаларидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туманлар (шаҳарлар) ижро этувчи ҳокимият органларининг шаҳарсозлик фаолияти объектларини қуриш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколатини чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда. Фракция аъзолари мазкур лойиҳани муҳокама қилар эканлар, унинг муҳимлигига эътибор қаратдилар. Қурилишга ва реконструкция қилишга рухсат бериш тегишли ташкилотлар, мутахассисларнинг хулосасига биноан амалга оширилиши ҳар томонлама мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидладилар. Қонун лойиҳаси бир овоздан маъқулланди.

Йиғилишда шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси муҳокама қилинди. Қонун лойиҳаси билан ички ишлар органлари ўз ваколатлари доирасида давлат органлари ва ташкилотлар томонидан таъсис этилган оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан фойдаланиши, яъни яшириниб юрган, жиноий жазони ўташдан бўйин товлаётган, шунингдек бедарак йўқолган шахсларни қидириш учун бепул фойдаланиш ҳуқуқини бериш бўйича “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонуннинг 17-моддасига ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуннинг 35-моддаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноятларнинг ҳолатларини, уларни содир этган шахсларни аниқлаш, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлардан, суриштирув, дастлабки тергов органларидан, суддан яшириниб юрган, жиноий жазони ўташдан бўйин товлаётган шахсларни, шунингдек бедарак йўқолган шахсларни қидириш юзасидан берилган маълумотларни шу куннинг ўзидан давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан таъсис этилган оммавий ахборот воситаларида бепул эълон қилиниши лозимлигини назарда тутувчи учинчи қисм билан тўлдирилиши кўзда тутилмоқда.

Кибермакон имкониятларидан фойдаланган ҳолда ҳамда текшириш учун харид қилиш ва назорат остида олиш тезкор-қидирув тадбирлари натижадорлигини ошириш, тезкор-қидирув фаолияти натижаларидан фойдаланишни соддалаштириш бўйича “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддасига ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқда.

Кенг қамровли ва жуда кўплаб ўзгартиш ва қўшимчаларни ўзида жамлаган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди. Фракция аъзолари Қонун фуқаролар жиноят қурбонига айланишининг олдини олиш ва уларни огоҳликка чақириш, кенг жамоатчиликни хабардор қилиш орқали бедарак йўқолган шахсларни ўз вақтида топиш, интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ёки ижтимоий тармоқлар орқали содир этилган жиноятларни аниқлаш ва фош этиш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятли эканини таъкидладилар. Қонун лойиҳасининг айрим моддаларини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилиб, биринчи ўқишда маъқулланди.

Йиғилишда кун тартибидан ўрин олган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш