Озиқ-овқат ва энергия хавфсизлигини таъминлаш йилдан йилга мураккаблашмоқда. Табиий, ижтимоий, айниқса, сиёсий-иқтисодий мураккабликлар жаҳондаги вазиятни борган сари жиддий тус олдирмоқда. Дунёнинг турли минтақаларида давом этаётган қуролли тўқнашувлар, табиий ва техноген ҳодисалар оқибатлари чуқурлашмоқда.
Катта-кичик омиллар оқибатида озиқ-овқатга, энергияга талаб ҳам, нарх-наво ҳам кўтарилиб боряпти. Бир-бирига занжир сингари боғлиқ бўлган ҳодисалар замирида иқтисодий ва молиявий инқироз юзага келмоқда.
Давлат раҳбари ҳудудларга бориб, республикадаги барча масъулларни тўплаб таҳлил ўтказаётгани, вазиятга реал баҳо бераётгани, талабни қаттиқ қўйиб, вазифаларни белгилаб бераётгани бежиз эмас.
Бухоро вилоятида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш орқали нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан кафолатли таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган эди.
Қайд этилганидек, бу йилги қаҳратон қиш ва ёздаги ўта иссиқ кунлар синовли бўлди. Шу боис келаётган қишга ҳозирданоқ тайёрланиш, бунинг учун етарли озиқ-овқат захирасини шакллантириш ва энергия барқарорлигини таъминлаш муҳим.
Сув ресурслари йилдан-йилга камайиб бораётгани оқибатида озиқ-овқат танқислиги кўплаб давлатларда кун тартибидаги энг асосий масалалардан бирига айланмоқда. Кўп туман ва шаҳарлар сабзавотлар, гўшт ва тухумни бошқа ҳудудлардан олиб келмоқда. Ҳокимлар ажратилган ерлардан фойдаланишни тўғри ташкил қила олмаяпти. Мутасаддилар энергия хавфсизлиги бўйича ҳам кенг қамровли ишларни бажариши зарур.
7 та ишчи гуруҳ
Халқимиз турмуши учун долзарб аҳамиятга эга вазифалар бажарилишида парламентнинг, маҳаллий Кенгашларнинг ўрни қандай бўлади? Жамоатчилик, депутатлик ва парламент назоратини изчил амалга ошириш, жойлардаги ижро ҳокимияти раҳбарларининг аҳоли олдидаги масъулиятини кучайтириш зарурати ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда.
Ўтган ҳафта Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида Спикер Нуриддинжон Исмоилов 7 та вилоятда ишчи гуруҳи тузилганини таъкидлаган. Уларнинг асосий вазифалари жойларда назорат тадбирларини олиб боришдан иборат. Хусусан, қабул қилинган қонунлар қандай ишлаяпти, мавжуд имкониятлардан маҳаллий ҳокимлик бошқаруви органлари қай даража фойдалана оляпти, қаерда ҳуқуқий бўшлиқлар ёки муаммолар борлигига эътибор қаратилади.
Парламент назорати институтидан самарали фойдаланиш лозимлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб қўймоқда. Ҳар бир вилоятдан биттадан шаҳар ва туман намуна сифатида олинмоқда. Аввало, депутат назорат ўрнатилаётган масалани чуқур ўрганиши, ҳудуддаги факт ва рақамларни таҳлил қилиш учун эса барча йўналишдаги иқтисодий кўрсаткичлардан бохабар бўлиши талаб этилади. Шу кунларда жойларда ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган масалалар асосида сессиялар ўтказилмоқда. Бу орқали маҳаллий Кенгашга амалий ёрдам қилиш, барча даражадаги партия ташкилотлари ишини жонлантириш ҳам кўзда тутилган.
Касбидаги сессияда ҳоким ахборот берган
Жорий йилнинг 17 август куни Қашқадарё вилоятида халқ депутатлари Касби туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда туманда қишлоқ хўжалиги имкониятларидан самарали фойдаланиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги масалалар муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан туман ҳокими Т.Мейлиев ҳамда ИИБ бошлиғи Ф.Асадовнинг ахбороти эшитилди.
Таъкидландики, Касби туманида Президентимиз томонидан белгилаб берилган мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан самарали фойдаланиш, ҳосилдорликни ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш орқали аҳоли даромадларини ошириш борасида қўшимча имкониятлар чамаланган.
Хусусан, 1,6 минг гектар мелиоратив ҳолати ёмонлашган экин майдонларини яхшилаш ҳисобига ҳосилдорликни қўшимча 5 центнерга ошириш мумкин. Бундан ташқари, 26 та тик қудуқ қазиш ҳамда 500 минг тонна маҳаллий ўғитларни жамғариш ҳисобига суғориладиган ерлардан қўшимча ҳосил олиш имконияти мавжуд. 2,2 минг гектар ерни замонавий мосламалар билан текислаш ва 412 гектар фойдаланилмай турган дала майдонларидаги бўш ерларни фойдаланишга киритиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўпайтириш мумкин. Томчилатиб ва ёмғирлатиб суғоришни жорий қилиш орқали эса ҳосилдорликни оширишга эришилади.
Шунингдек, ҳудудда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактик ҳисобга олинганларни ишга жойлаштириш ҳамда уларнинг бандлиги ҳолати, «қизил» ва «сариқ» тоифага киритилган маҳаллаларда жиноятчиликни камайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда туманда содир этилаётган ҳар бир жиноят секторлар раҳбарлари ва мутасадди идоралар вакиллари иштирокида маҳаллаларда кенг муҳокама қилиниб, жиноят содир этилишининг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этишга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Шу билан бирга, сессияда депутатлар томонидан туман ички ишлар бўлими йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати фаолияти ҳақида танқидий фикрлар билдирилди ва яқин кунлар ичида йўллардаги камчиликларни бартараф этиш вазифаси юклатилиб, ушбу масала доимий назоратга олинганлиги таъкидланди.
Сессия йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳи аъзоларининг ҳам муҳокама этилган масалалар бўйича фикр ва мулоҳазалари эшитилди.
Сессияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери иштирок этди ҳамда мамлакатимизда бу йил амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар, унинг моҳияти ва аҳамияти, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ўрни ва масъулияти, Президентимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, яқинда Фарғона, Тошкент ҳамда Бухоро вилоятларида ўтказилган йиғилишларда белгилаб берилган устувор вазифаларга алоҳида тўхталган. Муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Қумқўрғонда мурожаат кўпми, муаммоми?
Қашқадарёга қўшни ҳудуд – Сурхондарё вилоятида ҳам ишчи гуруҳ аъзолари ўрганишлар олиб бормоқда. Хусусан, Қумқўрғон тумани ҳокимлиги ва ташкилотлардан йўналишлар кесимида объектлар белгилаб олиниб, мутасадди корхоналар масъуллари ҳамда халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгаши депутатлари билан биргаликда жойларга чиқилди. Унда асосий эътибор инвестицияларни жалб этиш, саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, экспорт ва бюджетга тушумларни ошириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларга қаратилди.
Маълум бўлдики, Қумқўрғон туманида «Азларсой» МФЙда 2 та, «Янгиобод», «Боғаро» ҳамда «Сурхон соҳили» маҳалларида 1 тадан кичик саноат зонаси ташкил этилган. Шунингдек, «Боғаро» МФЙда 1 та ёшлар саноат тадбиркорлик зонаси ҳам фаолият юритмоқда. Мазкур ҳудудларда қатор лойиҳалар амалиётга татбиқ этилиши натижасида аҳолининг бандлиги таъминланмоқда. Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича ҳам янги лойиҳалар тайёрланяпти. Бироқ айрим масалалар корхоналар фаолиятига салбий таъсир қилаётгани ҳам аниқланди.
Хусусан, «Азларсой 1» кичик саноат зонаси учун ажратилган 0.85 гектар майдонга 3 та лойиҳа жойлаштирилган. Умумий қиймати 17,4 млрд сўмлик мазкур лойиҳалар асосида 44 та янги иш ўрини яратиш белгиланган. 2021 йил ноябрь ойида Қозоғистон Республикасидан буғдой маҳсулотини олиб келиш мақсадида шартнома тузилиб, маблағлар пул кўчириш йўли билан ўтказилган. Бироқ маҳсулот ўз вақтида етказиб берилмаган. Натижада лойиҳалар тўлиқ қувватда ишлашига ҳамда режада белгиланган иш ўрни яратилишига тўсқинлик қилмоқда.
«Азларсой 2» кичик саноат зонаси 2.4 гектар майдонда жойлашган бўлиб, умумий қиймати 14,9 млрд сўмлик 6 та лойиҳа ишга туширилиши режлаштирилган. Бу эса 54 та янги иш ўрни ҳосил бўлишини англатади. Айни пайтда 3 та лойиҳа ишга туширилган, қолганларининг қурилиш ишлари давом этмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Ойбарчин Абдуллаеванинг маълум қилишича, корхоналарнинг тўлиқ қувватда ишлаши учун маблағ билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Шунингдек, коммуникация ва энергетика тизимидаги масалалар ҳам ечимини кутмоқда.
Туманда деҳқонларга экин ерларини ижарага бериш ҳолати ҳам ўрганилди. 2022 йилда жами 445 гектар ер майдони белгиланган тартибда деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун берилган бўлса, 2023 йилда эса 687 гектар майдон «Е-аукцион» платформаси орқали танловга чиқарилган, шундан 652 гектари 1003 нафар фуқарога тақсимланган. Туманда 3 та – «Қумқўрғон томорқа хизмати», «Боғаро томорқа хизмати» ва «Буюк келажак агро» томорқа хизматлари бор. Аммо аксарият фуқаролар бундан бехабар экан.
Маслан, «Боболочин» МФЙдаги 2 гектар ер узоқ йиллик ижара асосида «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»да турадиган шахсларга берилган. Айрим фуқаролар билан суҳбатда томорқа хизматидан ёрдам бўлмагани аниқланди. «Янги қишлоқ» маҳалласида 7 гектар ер 50 сотихдан 14 нафар фуқарога ажратилган бўлиб, улар ҳам томорқа хизмати бўйича маълумотга эга эмас.
Узун туманида эса чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжалиги раҳбари сементал зотли қора молни озуқа билан таъминлашда қийинчиликка учраётганини маълум қилди. Австриядан олиб келинган 100 та тўрт туёқлилар сони бугун 160 бошга етган бўлиб, йилига 500-600 миллион сўм маблағ уларни боқиш учун сарфланмоқда. Ушбу қора молларни озуқа билан таъминлаш учун лалми ерлардан жой ажратилишида ёрдам сўралган.
Тумандаги катта-кичик корхоналар раҳбарлари билан суҳбатлар олиб борилди. Кимдир кредитга эҳтиёжи борлигини айтган бўлса, яна кимдир таннархнинг кўтарилиб кетишига таъсир қилаётгани боис темир йўл харажатларига имтиёз берилишини сўраган.
«Беш капа» ва «Деҳқон» МФЙда яшовчи «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»да рўйхатда турган 13 нафар фуқарога ўтган йили ер берилган. Улар минерал ўғит қимматлигидан, етиштирган маҳсулотларини реализация қилишга қийналмоқда. Ҳар бир кило уруғлик картошкани 5000 сўмдан экиб, ҳосилини 700 сўмдан сота олмаётган экан.
«Янги куч» маҳалласидаги деҳқонларда ҳам сифатли уруғлик олишда, минерал ўғитлар бўйича муаммолар бор. «Томорқа хизмати» томонидан уруғлик ва кўчатлар масаласида ёрдам кўрсатилмаган. Мазкур маҳаллага хизмат кўрсатиш учун очилган «Деҳқонобод томорқа хизмати» МЧЖ ўз фаолиятини йўлга қўйиш учун 300 млн сўмлик кредит маблағи ола олмаганлиги сабабли 2022 йил декабрда ўз фаолиятини тугатишга мажбур бўлган.
Парламент аъзолари жойларда аҳоли вакиллари билан юзма-юз суҳбатлар ўтказяпти. Ердан фойдаланиш, маҳсулотлар ишлаб чиқаришдаги муаммолари ўрганиляпти. Шу билан бир қаторда, бошқа ижтимоий масалалардаги мурожаатлар ҳам қабул қилинмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, ҳар қандай вазиятга ва шароитга қарамасдан, жойларда иш кетяпти. Аҳоли жон бошига халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ҳажми, реал даромад ошаётгани ҳам бор гап. Аммо барча бўғинларлардаги раҳбарлар ҳам ўз ишига сидқилдилдан ёндашяпти, деб бўлмайди. Агар мавжуд масалалар ҳал этилса, мутасаддилар масъулияти ошса, янада самаралироқ фаолият олиб бориш мумкин.
Ҳудудлардаги мурожаат ва муаммоларнинг ҳал этилиши, имкониятлардан тўлиқ фойдаланилиши ишлаб чиқариш, сервис, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтиришга хизмат қилади. Парламент аъзолари жойлардан қандай хулоса ва реал натижалар билан келади? Бу ҳақда кейинроқ, албатта, сўраймиз.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 23.08.2022, №32