Халқаро майдондаги вазият бугун ҳар қачонгидан ҳам мураккабдек кўринмоқда. Буни жаҳонда бўлаётган жараёнларнинг кетма-кетлигидан ҳам англаш мушкул эмас. Халқаро мувозанат чайқалмоқда. Йиллар давомида дунё ҳамжамиятига ўз амбицияларини сингдириб келган йирик куч марказлари бугун ўз ташқи сиёсат йўналишларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлмоқда. Буни давр тақозо қилмоқда.
Майдонга миллий манфаатларини қаттиқ ҳимоя қиладиган янги “ўйинчилар” кириб келмоқда. Бугунги кун сиёсий жараёнларининг ўзига хос жиҳатларидан бири, бунда маълум давлатлар билан бир қаторда тарихий илдизлари ягона бўлган халқлар бирлашиб, яхлит умумманфаатларини ифодалаб, ўз сўзини айтаётганидир. Масалан, ягона тарихий илдиз, тил, маданият, дин омиллари орқали боғланган туркий халқлар Туркий давлатлар ташкилотига бирлашиб, бугун халқаро майдонда йирик сиёсий тузилмага айланиб улгурди.
Туркий дунё фаоллашгани ҳақидаги хабарларни ахборот маконида учратиш одатий Ҳолга айланиб бормоқда.
Куни кеча Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Венгрияда бўлди.
Туркий давлатлар ташкилотига аъзолиги кутилаётган Венгрия европача урф-одат ва анъаналар шаклланган бўлишига қарамасдан, туркий халқларга яқинлигини инкор этмайди. Баъзи таҳлилчиларнинг фикрларига кўра, бугунги кунда Венгрия сиёсий элитаси таркибида туркий дунё билан яқинлашиш истаги юқори бўлганлар талайгина.
Ташриф доирасида Ўзбекистон билан Венгрия ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Жаноб Орбан давлатимиз раҳбарига Венгриянинг миллий байрами – авлиё Иштван кунига бағишланган тадбирларда ҳамда шу кунларда Венгрия пойтахтида ўтаётган енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатининг эркаклар ўртасидаги югуриш мусобақалари финалида шахсан иштирок этаётгани учун самимий миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон етакчиси, ўз навбатида, Венгрия ҳукумати ва дўст халқини миллий айём билан дилдан қутлади. Будапештда ўтказилаётган жаҳон биринчилиги ушбу мамлакат спорт соҳасида бой анъаналарга эгалиги ва кейинги йилларда бу борада юксак муваффақиятларга эришаётганининг далолати эканини алоҳида таъкидлади.
Амалий ҳамкорлик барча йўналишларда изчил ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Олий даражадаги келишувлар самарали амалга оширилаётгани, парламентлар, ҳукуматлар, идоралар ва ҳудудий маъмуриятлар ўртасида сермаҳсул алоқалар йўлга қўйилгани таъкидланди.
20 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Европанинг етакчи “OTP” банки бошқаруви раиси Шандор Чаньини қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари Венгрия ишбилармонлари билан ҳамкорликдаги биринчи йирик лойиҳа муваффақиятли амалга оширилгани – “OTP” банки Ўзбекистон бозорига кирганини таъкидлади.
“Ипотека-банк”ни хусусийлаштириш бўйича битимнинг муваффақияти хорижий инвесторларга муҳим ишора бўлгани ва уларнинг мамлакатимизга қизиқишини оширгани қайд этилди.
Учрашувда Ўзбекистон банк-молия соҳасини ривожлантириш, шу жумладан, хизматлар сифатини ошириш, энг аввало, бизнес учун инновацион ва арзон маҳсулотларни жорий этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор тармоқлардаги қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суришнинг самарали молиявий воситаларини тез фурсатда ишга тушириш муҳимлиги таъкидланди.
Банк раҳбари Шандор Чаньи Венгрия компаниялари ўз инвестициявий фаолиятини кенгайтиришига яратилган қулай шароитлар учун Ўзбекистон етакчисига миннатдорлик билдирди.
Венгриянинг Bonafarm, Gedeon Richter, Meditop, Wizz Air каби йирик компаниялари Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик лойиҳаларида фаол қатнашмоқда.
Жорий йил 20 август кунидан бошлаб Тошкент ва Будапешт ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қиладиган муҳим воқеа бўлиши таъкидланди.
Минтақавий, шу жумладан, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги кун тартиби юзасидан батафсил фикр алмашилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида яқин ва конструктив ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Сафар давомида давлатимиз раҳбари Туркия Республикаси Президенти билан ҳам учрашди. Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ҳамкорлик доирасида ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичлари мунтазам равишда ўсиб бормоқда. Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим кучга кирди. Қўшма корхоналар сони 2,5 мингдан ошди.
Шу жумладан, икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси, шунингдек, қўшма Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг жорий йилда ўтказилиши мўлжалланган саммитларига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.
Венгриядаги учрашувларнинг ўзига хос жиҳатларидан бири, у ерда Ўзбекистон ва Туркия давлат раҳбарларидан ташқари Будапешт шаҳрида ўтаётган енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати доирасида Қатар Давлати Амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич ва Татаристон Раиси Рустам Миннихановлар ҳам иштирок этди.
Давлатимиз раҳбарининг 22 август куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан Бокуга жўнаб кетиши ҳам туркий дунё фаоллашаётганининг яна бир исботи, десак муболаға бўлмайди.
Тан олиш керак, Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатлари кейинги йилларда янги босқичга кўтарилмоқда. Бу, албатта, фаол ва очиқ ташқи сиёсат самарасидир.
Бир гуруҳ экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон фаол ташқи сиёсат юритиш орқали ўзининг транспорт-логистика тизимини тубдан яхшиламоқчи. Бунда Озарбайжон орқали ўтадиган Транскаспий йўлаги ҳам долзарб саналмоқда. Бу йўлакнинг долзарблигига асосий сабаблардан бири сифатида ушбу йўлак Хитойнинг ҳам қўллаб-қувватлашига сабаб бўлиши мумкинлигидадир. Бу эса йўлакни молиялаштириш имкониятини оширади.
Шу ўринда “Шарқшунос таҳлилчилар” гуруҳининг “Озарбайжоннинг Ўзбекистон учун аҳамияти” номли таҳлилий маълумотини эътиборингизга ҳавола этамиз:
“Сўнгги пайтларда Марказий Осиё ва Кавказ ўртасидаги алоқалар мустаҳкамлангани кўзга ташланмоқда. Шимолий йўлакнинг беқарорлашиши, айниқса, Россия-Украина уруши билан биргаликда Евроосиё мамлакатларини, шу жумладан, Хитойни янги йўналишларни излашга ундади. Айни пайтда Ўрта йўлакдан ўтган Каспий денгизининг шарқий ва ғарбий қисмидаги давлатлар ўртасида яқинлашиш жараёни сезиларли даражада тезлашди.
Озарбайжон, Қозоғистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланиши Шарқ ва Ғарб ўртасидаги Ўрта йўлакдан фойдаланишнинг аҳамияти ва салоҳиятини оширди. Боку ва Тошкент муносабатларининг мустаҳкамланиши бу жараёнларни янада жадаллаштирди. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг 2022 йил 21-22-июнь кунлари Ўзбекистонга ташрифи чоғида икки давлат ўртасида 19 та шартнома имзоланган эди. Битимларнинг асосий мазмуни стратегик шерикликни ўрнатиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.
Агар 2019 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 81 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 82,3 миллион долларни ташкил этди. Бундан ташқари, икки томонлама муносабатларнинг кенгайиши билан бир вақтда товар айирбошлаш ҳажми 16 фоизга ошиб, 111,9 миллион долларга етди. Бу кўрсаткич 2022 йилда ва ундан кейин ҳам ўсиш тенденциясини давом эттириши кутилмоқда. Ҳозир Боку ва Тошкент умумий қиймати 700 миллион доллардан ортиқ бўлган бешта йирик лойиҳани амалга оширишнинг молиявий ва техник жиҳатлари устида ишламоқда.
2022 йилда Туркия, Ўзбекистон ва Озарбайжон ташқи ишлар, савдо ва транспорт вазирлари “Ўрта йўлак” мавзусида учрашув ўтказди. 2022 йил 2 августда бўлиб ўтган учрашув натижасида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиққан Тошкент декларацияси имзоланди. Айниқса, икки давлат ўртасидаги муҳим воқеа энергетика соҳасидаги ҳамкорлик бўлди. Бундан ташқари, томонлар “Ўзбекнефтгаз” ва СОCАР каби углеводород ресурсларини қидириш ва қазиб олиш бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда тажриба алмашиш, ўзаро инвестиция ва хусусийлаштиришни рағбатлантириш бўйича келишиб олишди. Бундан ташқари, Қорабоғдаги лойиҳалар бўйича ҳамкорлик олиб борилиши билдирилмоқда. Айни пайтда Ўзбекистоннинг Ғарбга чиқиш учун Зангезур йўлагидан фойдаланиш имконияти энг катта истиқболдир.
Ўзбекистон ўзининг фойдали қазилма бойликлари, Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолиси, иқтисодиётни либераллаштириш қадамлари ва геосиёсий мавқеи билан Евроосиёдаги “ёрқин юлдуз” ҳисобланади. Озарбайжон Осиёнинг Каспий денгизи орқали Европага чиқадиган энг муҳим “дарвоза” ҳисобланади. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, икки давлат ўртасидаги мустаҳкамланган муносабатлар ўзаро манфаатли ёндашув орқали янада юқори босқичга кўтарилади.
Бундан ташқари, Боку – Тошкент яқинлашуви Ўрта йўлакнинг стратегик аҳамиятини оширади. Чунки Озарбайжон денгизга чиқиш имкони бўлмаган Марказий Осиё давлатлари учун муҳим порт бўлади. Шу тариқа Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг ривожланиши икки томонлама манфаатлар олиб келиши аниқ. Аввало, давлатлар янги иқтисодий манфаатлар ва мустаҳкам алоқаларга эга бўладилар. Хусусан, Ўзбекистон Ғарбга энг қисқа ва арзон йўл орқали етиб бориши мумкин бўлади.
Иккинчидан, Ўрта йўлакнинг тўлиқ салоҳияти ишга туширилади ва фойдаланилади. Бу Кавказ ва Марказий Осиё контекстида минтақани мустаҳкамлаш демакдир. Шу билан бирга, бу ҳолат Хитойдан Европага транспортни осонлаштиради ва Евроосиёда барқарор ривожланишни тезлаштиради.
Бир сўз билан айтганда, бу икки давлат ўртасидаги муносабатлар катта салоҳиятга эга бўлиб, барқарорликни сақлаш ва Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё минтақалари тараққиётида муҳим роль ўйнайди.
Хулоса ўрнида айтмоқчимиз, туркий дунё узоқ йиллар давомида бир-биридан айро бўлди. Бунга ҳар кимда ўзича сабаблар, важлар бор. Лекин, бугунги таҳликали дунёда бирлашиш – давр талаби. Туркий дунё етакчилари айни даврда туркий халқлар манфаати остида бирлашиб қадам ташлашга ҳаракат қилмоқда. Бир сўз билан айтганда, биз туркий тафаккурнинг тарихий уйғоқлигига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Аҳмад Қурбонов.
«Ўзбекистон овози», 23.08.2022, №32