Бу йил мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллигини кенг нишонлаймиз. Бу фурсат тарих олдида катта даврдек туюлмаса-да, мамлакатимизда ўтган қисқа вақт ичида асрларга татигулик ишлар амалга оширилди. Ҳар бир соҳада ижобий ўзгаришлар, янгиланишлар бўлди.
Мамлакатимизнинг ўттиз икки йиллик тарихига назар ташлайдиган бўлсак, шу давр ичида, айниқса, охирги етти йилда юртимиз ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий ҳаётида туб ислоҳотлар ва бурилишлар даври бўлаётганини сезяпмиз, ҳис этяпмиз.
Байрам арафасида яқин тарихимиздаги ўтган мураккаб йўлимизга яна бир бор назар ташлаб, амалга оширилган ишлар, эришганларимизни сарҳисоб қилиб, холисона баҳолайдиган бўлсак, мақташга арзигулик ютуқларга эришдик, дейишга барча асосларимиз етади.
Биргина мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, аҳоли саломатлигини сақлаш борасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш бўйича улкан ишлар қилинди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар бир маърузаси ва нутқида, учрашувларда халқимизни рози қилиш учун, энг аввало, сифатли тиббий хизматга бўлган талабни қондириш ниҳоятда зарурлигини таъкидламоқда. Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ҳудудларига сафари чоғида қишлоқ врачлик пунктлари ва клиникаларда бўлиб, шифокор ва беморлар билан мулоқот қилмоқда.
Ўтган даврда соҳани янада ривожлантириш, тиббий хизматлар кўлами ва сифатини оширишга қаратилган кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилиниб, мамлакатимизда тиббиёт муассасаларидан тортиб, кадрлар фаолиятигача бўлган жараён янги тартибда ўзгариб, ривожланиш сари юз тутди. Ўзбекистонда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ва соғлиқни сақлаш тизимининг хизматлар қамровини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Агар рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2017-2021 йилларда Инвестиция дастурлари доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги жами 62 644 ўринли 1 370 та тиббиёт муассасасида 7,2 трлн. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шундан, 211 та объект янги қурилиб, 1 039 та объект реконструкция қилинди ва 120 таси мукаммал таъмирланди.
Ушбу соҳадаги ўзгаришлар ҳақида гапирганда Ўзбекистон тиббиётига “Хусусий тиббиёт“ тушунчаси кириб келгани, бугунги кунда хусусий тиббиёт муассасалари 8000 дан ошганини алоҳида эътироф этиш лозим. Бу эса ўз навбатида, аҳолига тиббиётни танлаш имкониятини берди.
Шу билан бирга, аҳолига ихтисослаштирилган хизматларни яқинлаштириш ва кўламини кенгайтириш мақсадида охирги беш-олти йилда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада, тиббиётнинг барча бўғинида туб ўзгаришлар бошланди.
Соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш давлат дастурлари амалга оширилиши туфайли мамлакатимизда юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишнинг принципиал жиҳатдан янги тизими ташкил этилди. Яқин 5-6 йил илгари ихтисослаштирилган юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш асосан Тошкент шаҳрида жамланиши республика минтақалари аҳолисининг тегишли хизматлардан фойдаланишини чеклаб қўяётганди.
Бугунчи? Ҳозир ушбу марказлар сони 10 тадан 24 тага, уларнинг ҳудудий филиаллари 2 тадан 270 тага оширилди. Натижада марказлар томонидан амалиётга тадбиқ қилинган янги ташхислаш ва даволаш усуллари сони 260 тадан 2 084 тага ошди. Шунингдек, жойларда хирургия йўналишида қўшимча 27 турдаги, эндокринологияда 7, кардиологияда 14 турдаги юқори технологик амалиётлар жорий этилган.
Қувонарлиси, аҳолини юқори технологик жарроҳлик амалиёти учун хорижга эмас, балки Тошкентга ҳам сарсон қилмай ўз ҳудудида даволанишига имконият яратиб берилди. Бу борада хорижий ёки Республика марказларининг мутахассислари билан телетиббиёт орқали маслаҳат, консультациялар олиб борилмоқда. Телетиббиёт орқали ҳудудларда маслаҳат берилган беморлар сони 2020 йилда 8 952 тани ташкил қилган бўлса, 2022 йил якунига кўра бу кўрсаткич 25 231 тани ташкил қилди.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида 75 ўринли бугунги кун талабларига жавоб берадиган, хорижий клиникалар билан рақобатлаша оладиган замонавий операцион блок қурилиб, фойдаланишга топширилгани соҳадаги изчил ислоҳотлар самарасидир. Ҳозир бу ерда нафақат Республикамиз фуқаролари балки хорижий фуқаролар ҳам юқори технологик муолажалар олмоқда.
Соҳани халқимизга янада яқинлаштириш мақсадида ҳудудларда оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар тармоғини янада кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада олис ва чекка маҳаллаларга махсус контейнерлар ўрнатилиб, маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиляпти. 2023 йилдан бошлаб, жойлардаги поликлиника филиаллари негизида оилавий шифокор пунктлари ташкил этилмоқда.
Масалан, йил бошидан буён 46 та оилавий шифокор пункти ва 35 та маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилиб, 250 минг нафар аҳолига бирламчи тиббиёт яқинлаштирилди. 9 370 та маҳаллалардан 6 359 тасига (67 фоиз)га энг яқин тиббиёт муассасалари 3 километргача бўлган масофада яқинлаштирилди.
2023-2024 йиллар давомида қўшимча 1373 та тиббиёт муассасаларини ташкил этиш режалаштирилган. Натижада 90 фоиз маҳаллаларда энг яқин тиббиёт муассасагача бўлган масофа 3 километргача ва 10 фоиз маҳаллаларда 5 кмгача бўлади.
Ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар оналар ва болалар, ўртасида ўлим даражасини кескин пасайтиришга, тиббиёт муассаса ва ташкилотларининг моддий-техник базасини такомиллаштириш, асосийси, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар даражаси ва сифатини оширишга хизмат қилади. Зеро, тиббиётдаги ислоҳотлар: янги ҳаёт, Янги Ўзбекистон учун!
Мухтасар айтганда, соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ одамларнинг мамлакатимиз тиббиёт тизимига бўлган муносабати ўзгарди, уларнинг тиббий саводхонлик даражаси ошди. Бугун халқимиз тиббиётдаги ижобий ўзгариш ва янгиланишларни ўз ҳаётида, турмуш тарзида чуқур ҳис этмоқда, десак айни ҳақиқат.
Қизилгул ҚОСИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.