Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш билан боғлиқ ислоҳотлар охирги 6-7 йилда кенг бўй кўрсатмоқда. Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган Болалар миллий тиббиёт маркази Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимидаги энг ноёб лойиҳалардан биридир.
Ушбу марказ 130 миллион доллардан зиёд маблағ ҳисобига барпо этилган, тўлиқ замонавий тиббий жиҳозлар билан жиҳозланган. Магнит резонанс томографи, мультиспирал компьютер томографи, ДНК анализатори ҳамда онкологик касалликларни бир неча йил олдин аниқлайдиган замонавий технологиялар шулар жумласидан.
Бу ерда самарали фаолият юритиш учун 100 дан ортиқ врач ва ҳамширалар Жанубий Кореяда малака ошириб қайтишди. Жарроҳлик амалиёти ускуналарига махсус камера ўрнатилган. Мақсад – бошқа шифохоналар ва олий таълим муассасалари бу ерда ўтказиладиган жарроҳлик амалиётларини онлайн тарзда кўриб туриши, замонавий технологиялар орқали масофавий тиббий кўриклар ҳамда консилиумлар ташкил этиш имконияти яратишдир.
Айни пайтда ушбу тиббий масканда йилига 3 мингдан зиёд ноёб жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида болаларда илк бор умуртқа поғонаси қийшиқлиги (сколиоз) касаллигининг радикал коррекцияси амалиёти йўлга қўйилиб, 30 га яқин беморда ушбу амалиёт ўтказилиб, соғломлаштирилди. Ваҳоланки, бугунги кунга қадар мазкур амалиётлар болалар фонди орқали Туркия ва Ҳиндистон давлатларида 20-25 минг АҚШ доллари эвазига амалга оширилиб келинган.
Шунингдек, жорий йил давомида марказда биринчи марта болаларда буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти маҳаллий мутахассислар иштирокида амалга оширилди. Қолаверса, ўтган июль ойида Ўзбекистонда биринчи маротаба қон раки (оққон) касаллигига чалинган болалаларда суяк кўмиги аутотрансплантацияси амалиёти Ҳиндистон ва Беларусь давлатларидан келган мутахассислар билан ҳамкорликда муваффақиятли амалга оширилди.
Марказда бажарилган ушбу амалиётга бор йўғи, 10 минг АҚШ доллари сарфланди. Ваҳоланки, мазкур операция ҳозирги кунда чет мамлакатларда жумладан, Туркия ва Беларусь давлатларида 120-170 минг АҚШ доллари эвазига амалга оширилишини инобатга олсак, юртимиз тиббиёт муассасида ушбу амалиётни йўлга қўйилиши тиббиёт соҳасида эришилган катта ютуқларимиздан бири ҳисобланади.
Ҳозирги кунда суяк кўмиги аутотрансплантацияси амалиётини йилига 70 тагача етказиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон тарихида илк бор жорий йилда Нукус шаҳрида бир кунлик чақалоқда марказ мутахассислари иштирокида туғма нуқсон ҳисобланган экстрафия ва эписпадия комплекс касаллигини жарроҳлик даволаш амалиёти ўтказилди.
2022 йил давомида 1 000 га яқин, жорий йилнинг ўтган даврида 1 200 та кардиожарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлар натижасида Қашқадарё ва Жиззах вилоят кўп тармоқли болалар шифохоналари таркибида марказ филиали сифатида болалар кардиохирургия бўлимлари ташкил қилиниб, жорий йил давомида 20 дан ортиқ беморда кардиожарроҳлик амалиётлари бажарилди.
Марказ мутахассисларини хорижда тажрибасини янада оширишга ҳам алоҳида эътибор қилинаётир. Биргина ушбу йилда урологик ва пластик хирурглардан иборат жамоасининг чет давлатлар билан ўзаро алоқалари натижасида мутахассисларнинг малака ошириш тизими йўлга қўйилди. Жумладан, улар Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия давлатларига бориб жаррохлик амалиётлари ўтказишмоқда. Ўз навбатида ушбу давлатлардан мутахассислар келиб Республика болалар миллий марказида ўз билим-кўникмаларини оширмоқда.
Қувонарли томони шундаки, Болалар миллий тиббиёт марказида қўлланилаётган кам инвазив даволаш усуллари беморларни қисқа муддатда ва асоратсиз оёққа турғазишга хизмат қилмоқда. Жаҳон стандартларига мос, энг илғор технологиялар билан жиҳозланган, етук ва малакали мутахассислар жамланган ушбу муассаса сўнгги 25 йил ичида ўз қобиғига ўралиб қолган ўзбек тиббиётини бутунлай янги босқичга олиб чиқишга ҳисса қўшди.
Бу эса мазкур марказнинг, энг аввало, Президентимиз айтганидек, оддий халқ, уларнинг фарзандлари саломатлиги учун бунёд этилгани ва фаолият олиб бораётганини англатади. Зеро, бугун давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган энг муҳим талаб ҳам шу: инсон қадрини улуғлаш, тиббиётни халққа яқинлаштириш ҳамда жондан азиз фарзандларимизнинг соғлом ва баркамол улғайишлари учун мустаҳкам пойдевор яратишдир.
Муқаддас ЎРАЗАЛИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати