“Ижтимоий хизмат иши”ни юритиш тартиби амалиётга жорий этилмоқда

 

Ўзбекистон ХДПнинг сайловолди дастурида давлат ва жамият ижтимоий ҳимоя ҳамда қўллаб-қувватлашга муҳтож аҳоли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиши муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Мамлакатимизда ижтимоий сиёсат давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини ижтимоий ёрдамлар кўлами кенгайиб бораётгани, бу соҳада мутлақо янги тизим жорий этилаётганидан кўришимиз мумкин.

Шу асосда муаммога оид мавҳум кўрсаткичлар эмас, балки ёрдам ва кўмакка муҳтож ҳар бир оила ва нуронийнинг, хотин-қизлар, ёшларнинг муаммолари ўз жойида аниқ ўрганилмоқда, улар вақтида ва самарали ҳал этилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги ПФ-158-сон қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг устувор йўналишлар қабул қилинди. Жумладан, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларининг касб-ҳунар эгаси бўлиш истагидаги 10-синф ўқувчилари учун тегишли ҳудудларда талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўргатиш курслари жорий этилмоқда.

2023 йил 1 октябрдан бошлаб оғир ҳаётий вазиятга тушган ёки тушиш хавфи юқори бўлган ҳар бир оила бўйича алоҳида “ижтимоий хизмат иши”ни юритиш тартиби амалиётга жорий этилади. Бунда, ушбу оилаларда шароитни яхшилаш, уларга даволаш, дори воситалари билан таъминлаш, фарзандларини мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларига жойлаштириш, моддий ёрдам бериш каби ижтимоий хизматлар кўрсатиш назарда тутилади;

2024 йил 1 январдан бошлаб:

Тошкент шаҳрининг тиббиёт муассасаларида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ҳажми ва дори воситалари рўйхатини амалиётга киритишни назарда тутувчи давлат тиббий суғуртаси механизмлари босқичма-босқич жорий этилади.

Ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитация ҳамда дори воситалари билан таъминлаш ишлари “ваучер” тизими асосида босқичма-босқич ташкил этилади. Бунда, ногиронлиги бўлган шахсларга товар ва хизматларни ўзлари танлаган етказиб берувчидан харид қилиш имконияти яратилади ва уларнинг харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларга ўз салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқариши учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни қайта касбга тайёрлаш харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш тартиби жорий этилади.

Ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг аниқ манзилли хусусиятга эга экани ҳар бир муҳтож инсонга унинг реал эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда ёрдам кўрсатиш имконини бермоқда. Бунда ушбу тоифага мансуб ҳеч бир инсон эътибордан четда қолмаслигига алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Шу асосда жамиятимизнинг ижтимоий манзараси бутунлай ўзгармоқда, самарали бошқарувнинг натижадорлиги ошмоқда, энг муҳими, одамларнинг ҳаётга, меҳнатга, ўзининг тақдири ва эртанги кунга ишончи ортмоқда.

 

Боймурат Юсупов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш