Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона, Тошкент, Бухоро ва Самарқанд вилоятларига ташрифлари мобайнида ўтказилган йиғилишларда белгилаб берилган кенг кўламли вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда иш ўринлари яратиш, бандлик даражасини ошириш, озиқ-овқат ва энергия хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни камайтириш ва олдини олиш, иқтисодиёт тармоқларига инвестицияларни фаол жалб этиш каби муҳим масалалар бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокидаги ишчи гуруҳлар жойларда бўлиб, депутатлик ва парламент назоратини амалга ошириш мақсадида қатор ўрганишлар олиб бормоқда. Халқ депутатлари Кенгашларининг сессияларида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси билан боғлиқ масалалар атрофлича таҳлил қилиниб, зарурий чоралар белгилаб олинмоқда.
Бугун халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда депутатлар томонидан янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, 2023-2024 йилларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини 2023 йилда “Яшил энергия” ресурслари билан барқарор таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан Каттақўрғон шаҳар ҳокими ва Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ҳисоботлари тингланди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда юртимизда жадал суръатларда ислоҳотлар олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан инсон ва унинг қадрини улуғлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, эҳтиёжманд аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш, меҳнат учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда янги иш ўринларини ташкил этиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириляпти.
Бу борада Каттақўрғон шаҳрида ҳам манзилли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари ташкил этиш борасида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 5 815 та иш ўрни яратилган. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 1 078 нафар фуқарога 19,8 млрд сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилган.
Шаҳарда ишга жойлаштиришга муҳтож ишсизлар, хотин-қизлар, ёшлар, таълим муассасалари битирувчилари, вояга етмаганлар, қуролли кучлар ва жазони ижро этиш муассасаларидан бўшатилганлар бандлигини таъминлаш мақсадида январь-июль ойларида 8 марта меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, 167 та корхона ва ташкилот 574 та бўш иш ўринлари билан қатнашган.
Қайд этилганидек, Каттақўрғон шаҳрида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, жиноятчиликни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Сессияда йўл қўйилаётган сусткашлик ва камчиликлар таҳлил қилинди. Хусусан, шаҳар бўйича жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида барча йўналишдаги жиноятлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 фоизга кўпайган. Олиб борилган профилактик тадбирларга қарамасдан, айрим олди олиниши мумкин бўлган жиноят турлари ошишига йўл қўйилган.
Ҳуқуқбузарликларни барвақт профилактика қилиш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш, жиноятларни тубдан камайтириш мақсадида шаҳардаги маҳаллалар, криминоген вазият ва аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда, “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилган. Бу орқали ҳар бир “қизил” ва “сариқ” маҳаллаларда ҳуқуқбузарлик содир этилиши юқори бўлган объектлар, жиноят содир этишга мойил бўлган шахслар тоифага ажратилиб, жиноятларни жиловлаш бўйича профилактик ишлар олиб борилмоқда.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан ҳам шаҳарда қатор ишлар амалга оширилган бўлиб, бошқарув сервис компаниялари томонидан 53 та кўп хонадонли уйларнинг кириш йўлаклари, 13 та кўп қаватли уйларнинг ертўла қисмидаги 236 метр оқова сув қувурлари, 8 та уйларнинг ичимлик сув қувурлари, 5 та уйлар олдидаги болалар ўйингоҳлари, 1 та уйнинг фасад қисми, 86 та уйларнинг атрофидаги 280 метр ирригация тармоқлари таъмирланиб, 84 дона электр тақсимловчи шитларнинг автоматлари ҳамда 2 та уйнинг ертўла қисмидаги ичимлик суви насоси янгисига алмаштирилган. Сессияда аҳоли хонадонларини иситиш тизимидаги мавжуд муаммоларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Сессияда маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси етарли даражада таъминламагани қайд этилди. Профилактика инспекторларининг масъулиятини кучайтириш, жиноятларни ўз вақтида фош этиш борасидаги тадбирлар самарадорлигини ошириш, фош этилмасдан қолаётган жиноятларни очиш ишларини кучайтириш каби таклифлар илгари сурилди.
Шунингдек, куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнлари билан боғлиқ муаммоларни зудлик билан бартараф этиш, кўп-қаватли уйларга босқичма-босқич марказлашган қозонхоналар ўрнатиш ишларини бошлаш зарурлигига эътибор қаратилди.
Сессияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Улуғбек Иноятов иштирок этди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига алоҳида тўхталди. Мазкур стратегик ҳужжатлар инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш тарихий аҳамият касб этиши таъкидланди.
Сессияда муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.