Мамлакатимизда хотин-қизлар масаласи ҳар доим эътибор марказида бўлиб келмоқда. Куни кеча “Ўзбекистон -2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент Қарори қабул қилинди.
Ушбу қарорда ҳамда қарор билан тасдиқланган тадбирлар режасида белгиланган вазифаларнинг аксарияти партиямиз дастуридаги вазифалар билан ҳамоҳанглигини кузатиш мумкин. Жумладан, қарорда белгиланганидек, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларга ўз салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқариш учун қўшимча шароитлар яратиш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни қайта касбга тайёрлаш харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш тартиби жорий этилади. Ушбу тартиб жорий этилиши жуда кўпгина муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади. Яъни партиямиз электорати бўлган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар эҳтиёж юқори бўлган касб-ҳунарга бепул ўқитилади, уларнинг бандлиги таъминланади. Ишлаётган хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллиги ошади, оиласининг моддий таъминотига ўз ҳиссасини қўшади, жамиятда, қолаверса, ўз оиласида мавқеи кўтарилиб, ўз ўрнига эга бўлади.
Бундан ташқари Стратегиянинг 25-мақсади “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш” деб номланган ва бир нечта муҳим вазифаларни ўз ичига олган.
Жумладан, 2023 йилда муҳтож бўлган 4000 нафар, 2024 йилда ҳам 4000 нафар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш;
2023 йилда 2700 нафар, 2024 йилда 3000 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга давлат томонидан махсус жарроҳлик амалиётини ўтказиш;
Олий таълимда талабалар орасида хотин-қизлар улушини 2023 йил 49200 нафарга, 2024 йилда эса улар сонини 50 100 нафарга етказиш;
Бошқарув лавозимларида хотин-қизлар улушини 2023 йилда 29 600, 2024 йилда 30 200 нафарга етказиш каби вазифалар белгилаб берилган.
Шунингдек, жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб, хотин-қизлар муаммолари билан ишлаш тизими рақамлаштирилади, муаммоларни ўрганиш ва тизимли ҳал этиш модули яратилиб, амалиётга татбиқ этилади. Бу дегани биронта мурожаат ёки аниқланган муаммо эътиборсиз қолдирилмайди, уларни ўз вақтида ижобий ҳал этиш чоралари кўрилади.
“Аёллар дафтари” доирасида ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чоралари кўрилади.
Шу билан бирга, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ҳамда болаларга нисбатан зўравонликларнинг олдини олиш мақсадида “Соғлом она-соғлом жамият” шиори остида оилаларни мустаҳкамлаш, нотинч оилалардаги муҳитни соғломлаштириш тадбирлари амалга оширилади, жамиятда оилавий зўравонликка нисбатан муросасиз муҳитни шакллантириш ишлари ҳам тизимли давом эттирилиб, тарғибот- тушунтириш ишларининг намунавий тартиби жорий этилади. Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар учун ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш хизматлари кенгайтирилади.
Гувоҳи бўлганимиздек, ушбу ҳужжатда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни турли хил зўравонликлардан ҳимоя қилишдан бошлаб, токи таълими олиши, касб-ҳунар эгаллаши, бандлигини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, уй-жой билан таъминлаш, оила ва жамиятдаги мавқеини ошириш каби масалалар ўрин олган. Албатта бундай имкониятдан ҳар бир хотин-қизнинг унумли фойдаланишини таъминлаш учун ҳар биримиз масъулмиз.
Юқорида санаб ўтилган вазифаларни сифатли ва тўлақонли амалга оширишда Ўзбекистон ХДП тизимидаги масъуллар ҳамда барча даражадаги депутатлар фаол иштирок этиши, унинг мазмун-моҳиятини партиямиз электорати бўлган аҳоли ўртасида тарғиб қилиш, тушунтириш биринчи галдаги вазифамиз ҳисобланади. Ҳар бир банд ва вазифалар ижроси устидан депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатиш лозим.
“Ўзбекистон -2030” стратегиясининг 2023-2024 йилларга мўлжалланган дастуридан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон ХДП “Аёллар қаноти” ҳам ўз режасини қайта кўриб чиқиб, янги лойиҳа ва тадбирларни амалга ошириб, дастур ижросини таъминлашда фаол иштирок этади.
Гулшан Асатова,
Ўзбекистон ХДП МК “Аёллар қаноти” раҳбари.