Ривожланиш сари дадил қадамлар ва таклифлар

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқи ва унда билдирилган таклифлар бутун дунё ҳамжамиятини ўзаро бирлашишга чорловчи нутқ бўлди десак, муболаға бўлмайди. Мазкур нутқни бутун ўзбек халқи катта ҳаяжон ва қизиқиш билан тинглади.

Жаҳон миқёсида ишонч инқирози, глобал хавфсизлик институтлари фаолиятидаги муаммолар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш кузатилаётгани, иқлим ўзгаришлари ва барчани бирдек ташвишга солаётган Афғонистон муаммосини бирлашиб бартараф этиш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.

Шундай мураккаб сиёсий вазиятда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, яъни жорий йилнинг апрель ойида умумхалқ референдумида қабул қилинган янгиланган халқ Конституциясида ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат тамойилларини мустаҳкамладик.

“Ўзбекистон-2030” стратегиясининг қабул қилиниши эса ислоҳотларнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га уйғун равишда амалга оширилиши, мамлакатимизнинг янада ривожланишига замин яратади. Айниқса, юртимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, мамлакатимизда “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар билан дадил илгари борамиз.

Изчил давом этаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсиш суръатларини намоён этиб, сўнгги олти йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми бир мартадан ортиқ кўпайди ва бу кўрсаткич 2030 йилга қадар яна 2 баробарга кўпаяди.

Шунингдек, халқимизнинг турмуш даражасини оширишга қаратилган сиёсат туфайли мамлакатимизда 2017 йилдан буён камбағаллик икки баробарга камайди. Бу кўрсаткич 2030 йилгача 7 фоизга тушади.

Президентимиз юксак минбарда Ўзбекистонда мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилганига урғу бериб, ҳатто янги Конституциямизда мажбурий меҳнат тақиқланиши кафолатлаб қўйилгани ва бунинг учун жиноий жавобгарлик белгиланганлигини айтиб, мажбурий ва болалар меҳнатига қарши курашни бутун дунё миқёсида кучайтириш зарурлиги таклифини билдирди.

“Ўзбекистон-2030” стратегиясининг 1-йўналиши “Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш” йўналишида ҳам энг биринчи навбатда таълим тизимига эътибор берилганидек, мазкур сессияда ҳам Президентимиз ўз нутқида инсон капиталини ривожлантириш ва креатив ёш авлодни тарбиялаш-Ўзбекистон ўз олдига қўйган стратегик вазифа эканлигини таъкидлади. Очиқ ва сифатли таълим камбағалликка барҳам бериш, халқ фаровонлигини ошириш ва барқарор иқтисодий ўсишнинг энг самарали омили эканлиги ва бу ислоҳотлар 2030 йилга қадар юқори поғоналарга чиқиши, яъни ҳар бир болани мактабгача таълим тўлиқ қамраб олиши, мактабни битираётган ҳар икки ўқувчининг бири эса олийгоҳда ўқиши учун имконият яратилиши ҳақидаги мақсадлар илгари сурилди.

Аҳолисининг деярли ярми ёш авлод вакиллари бўлган Марказий Осиё учун ёшлар ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш долзарб аҳамиятга эга эканлиги ва ушбу соҳада ҳамкорликни кучайтириш мақсадида минтақамиз давлатлари томонидан Ёшлар сиёсатининг умумий йўналишлари ҳақидаги битим, Марказий Осиё ёшларини таълим олишлари, бандлигини таъминлашда катта имкониятлар эшигини очади. Мазкур битимни янада самарали амалга ошириш мақсадида, Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш ва унинг доирасида “Марказий Осиё ёшларининг кун тартиби-2030” дастурини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурганликлари, мамлакатимиз ёшларига берилган катта эътиборнинг намунасидир.

Давлатимиз раҳбари Ёшларнинг радикаллашувига йўл қўймаслик учун биргаликда ҳаракатларни кучайтириш зарурлиги ва бу борада экстремизм ғоялари таъсирида бўлган шахсларни соғлом ҳаётга қайтариш ва жамиятга мослаштириш масаласини илгари сурди.

Шунингдек, Хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувида фаол иштирокини таъминлаш бугунги куннинг долзарб масаласи эканлиги, оилалар мустаҳкамлиги, аёлларимизнинг ҳуқуқий ҳимояси ва осойишта ҳаётини таъминлаш, гендер тенгликка эришиш борасида амалга оширилаётган ишлар бугун дунё ҳамжамияти назарида турибди. Яратиб берилаётган шароит ва имкониятлар натижасида бугун хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши биринчи марта 35 фоизга етди. Шунингдек, аёллар ва вояга етмаганларни зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида қонун қабул қилинганлиги, биз аёллар ва фарзандларимиз давлатимиз ва Президентимиз ҳимоясида эканлигидан далолат беради.

Хулоса ўрнида айтиш мумкин-ки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 78-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган таклифлар нафақат Марказий Осиё давлатлари, балки бутун дунё ҳамжамиятини бирлашишга, ўзаро ишонч ва ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш